Мазкур мажмуа давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган, ўша йили 17 апрелда унинг қурилишига тамал тоши қўйилганди.
Биринчи босқичда қарийб 20 гектар майдонда технопарк барпо этилмоқда. У маъмурий марказ, тадқиқот ва ривожланиш маркази (R&D), фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги лабораторияси, клиник тадқиқотлар маркази, Фармацевтика техник университети ҳамда виварийни ўз ичига олади.
Бугунги кунда маъмурий марказ қуриб битказилган. 11 қаватли ушбу бинода Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, конференция зали, коворкинг маркази, бизнес инкубатор, кутубхона, соҳа тарихи музейи жойлашган.
Давлатимиз раҳбари ушбу марказни ва навбатдаги иншоотлар қурилишини кўздан кечирди.
Кластердан асосий мақсад юқори технологияларни жорий этиш орқали мамлакатимиз фармацевтика тармоғини ривожлантириш, халқаро инновацион тизимга интеграциялашиш, юқори сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқариш, малакали мутахассислар тайёрлашдир. Ушбу кенг кўламли мақсадлардан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Зангиота туманидан 190 гектар ер майдони ажратилган.
Ҳозирги кунда бу ердаги саноат зонасида умумий қиймати 818 миллион долларлик 21 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг биринчиси – “Grand Pharm Logistics Hub” томонидан 40 миллион долларлик дистрибюторлик маркази ишга туширилди ва 300 та иш ўрни яратилди. Корхоналар Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Президентимиз ушбу лойиҳалар ташаббускорлари билан суҳбатлашди. Инвестицияларни жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Келгусида саноат зонасида яна 620 миллион долларлик 20 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган.
Умуман, кластерда юқори сифатли дори-дармонлар ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади, импорт бўлаётган маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади, 8 минг иш ўрни яратилади. Зарур амалиётлар маркази (GxP) товарларнинг тайёрланишидан истеъмолчига етиб боришигача бўлган барча босқичларда халқаро стандартларга мувофиқлик ва сифатни таъминлашга кўмаклашади.
Давлатимиз раҳбарига шу ерда барпо этиладиган Фармацевтика техник университети ҳақида ахборот берилди.
Унда фармакопея маркази, кутубхона, спорт мажмуаси, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой бўлади. Саноат фармацияси, биокимё ва биотиббиёт, биотехнология, биофармацевтика, биоинформатика каби йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Бунинг учун таълим халқаро дастурлар асосида йўлга қўйилади, микробиология, биотехнология, хужайра биологияси, фармакология, таҳлилий кимё каби лабораториялар ташкил этилади.
Университетга жорий ўқув йилида илк талабалар қабул қилинди. Президент улар билан мулоқотда бўлди.
– Биз ривожланган давлатлардан инвесторлар олиб келяпмиз. Улар Ўзбекистонга қандай қилиб баҳо беради? Сизлар билан мулоқот қилиб. Мамлакатимизнинг бойлиги – ёшлар! Фармацевтика бўйича ҳам энг яхши дастурларни қўллаб, келажак учун мутахассисларни тайёрлаб олмасак, бошқаларга пул тўлаймиз, боғлиқ бўлиб қоламиз. Шунинг учун замонавий университет ташкил қилиб, дуал таълимни йўлга қўйяпмиз. Бу ерда ҳам билим оласизлар, ҳам ўқиганларингизни амалда қўллаш имкониятига эга бўласиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур ўқув юрти битирувчиларига Корея Республикасининг Ёнсе, Буюк Британиянинг Сандерленд ва Де Монтфорт университетларининг халқаро миқёсда тан олинадиган дипломлари берилади. Шунингдек, Данди, Пусан ва Пурдю университетлари билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган.