Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари халқимизни ва жамики мусулмон умматини муборак Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.
– Ушбу шарофатли ойда гўзал диёримизда мана шундай файзли ифторлик маросимини эл-юртимиз билан биргаликда ўтказиш насиб этгани учун меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз, – деди Президент.
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя ҳамма ишда асосий дастурга айланмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, виждон эркинлиги таъминланаётгани Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда. Муқаддас динимиз буюрган хайрли амаллар – аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат, сабру қаноат, ахлоқ-одоб, илму маърифат фазилатлари жамиятимизда тобора мустаҳкам бўлиб бормоқда.
Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, улуғ алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, шу мақсадда пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда. Бу улкан илмий-маънавий лойиҳа неча минг йиллик тараққиёт ютуқларини ўзида мужассам этиб, ислом цивилизацияси юртимизда айнан илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва маърифат асосида ривожланганини тасдиқлайди, ёшларимизни буюк кашфиётларга руҳлантиради.
Самарқандда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуаси қурилиши ҳам жадал давом этмоқда. Буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ва илмий даргоҳлар билан бирга, 10 минг кишилик масжид бунёд этилмоқда. Бу икки муҳташам обида жорий йилда очилиши режалаштирилган.
Президентимизнинг 14 мартдаги қарорига мувофиқ, бу йил Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. У зотнинг Самарқанддаги муборак қадамжоси янада обод қилинади, бой илмий мероси ва мотуридийлик таълимоти хорижий олимлар билан ҳамкорликда ўрганилади.
Юртимиздаги турли миллат ва дин вакиллари ўртасида аҳилликни кучайтириш мақсадида шу йил сентябрда яна бир тадбир – Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти форуми” ўтказилади. Бу халқаро анжуман турли диний эътиқод вакиллари ўртасида ўзига хос маърифий мулоқот майдони бўлади.
Конституциямизга мувофиқ, Ўзбекистон ижтимоий давлат мақомига эга бўлиб, халқчил ва инсонпарвар сиёсат юритилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик моддий ёрдам ва нафақалар берилган. Кам таъминланган оилаларга мансуб 51 минг нафар бола боғчага жойлаштирилган, уларнинг 176 минг нафар аъзосига тиббий кўмак кўрсатилиб, 182 минг нафари ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 94 мингга яқин кам таъминланган оилаларга даволаниш, озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар билан боғлиқ 130 миллиард сўмлик харажатлар қоплаб берилган.
“Аёллар дафтари” доирасида 3,5 миллион нафар хотин-қизга 5 триллион 700 миллиард сўмлик ёрдам ажратилган. “Ёшлар дафтари” жорий этилганидан буён 1 миллион 300 минг нафар эҳтиёжмандга 1 триллион 700 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, юртимиз ҳожиларининг ташаббуси билан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга 6 миллиард 300 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Юртни обод қилиш, кўчат экиб, боғ яратиш ҳам савобли иш. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси айнан шу мақсадга қаратилган. Ҳозирги баҳор мавсумининг ўзида диний соҳа ходимлари томонидан 10 минг тупдан зиёд дарахт, 32 минг тупга яқин гул экилди, масжид ва зиёратгоҳлар атрофи обод қилинди.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”га оид давлат дастури доирасида табиатпарварлик кўлами янада кенгаймоқда. Яқинда Хива шаҳрида ўтказилган Конфессиялараро кенгаш мажлисида юртимиздаги диний конфессиялар вакиллари мазкур давлат дастурида фаол иштирок этиш бўйича мурожаатнома қабул қилди.
Ушбу ифторлик маросимида ҳам хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар ҳамда диний конфессиялар вакиллари жамлангани юртимиздаги бағрикенглик ва тотувликнинг яна бир ифодаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунёдаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Аксарият зиддият ва можаролар айнан ислом дунёсида содир бўлаётгани афсус билан қайд этилди.
Нотинчлик ўчоқлари исталган пайтда кенгайиб кетиши мумкинлиги, мусулмон мамлакатларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бирдамлик ва ислом уммати ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди.
Бунинг учун, биринчи навбатда, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, илм-маърифатга йўналтириш эътибор марказида туриши керак.
Шу ҳақда гапирар экан, Шавкат Мирзиёев Баҳоуддин Нақшбанднинг “Қўлинг меҳнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган ўгитини ёдга олди. Ёшларимизни мана шундай руҳда тарбиялаш, уларни меҳнат ва касбга ўргатиш жуда муҳим эканини таъкидлади.
Айни кунларда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида юртимиздаги 9 минг 500 га яқин маҳаллада кам таъминланган оилаларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Бундай хайрли ишлар инсон қадрини улуғлаш, пок мақсадли барча юртдошларимизни янада бирлаштиришга хизмат қилади.
– Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Яхшиларнинг иши – яхшилик қилишдир”. Чиндан ҳам, бу ҳаёт айнан эзгулик ва яхшилик туфайли доимо ёруғ ва бардавомдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ниятлар ижобат бўладиган муборак Рамазон ойида, Қадр кечаси арафасида туриб, эзгу тилаклар айтилди.
Қуръони каримдан тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан бутун дунёда тинчлик, юртимизда фаровонлик, меҳр-оқибат барқарор бўлишини сўраб, дуолар ўқилди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида ўтган ифторлик тадбирларида нуронийлар, зиёлилар, турли дин ва конфессиялар вакиллари, ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд кишилар, жами 60 мингга яқин иштирокчи қатнашди.