Физика фанини самарали ўқитиш муаммо бўлиб қолмоқда

    Дастлаб академик лицейлар учун 2000 йилларда жорий этилган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ физика фани 160 соат ўқитилган. 2018 йилдан бошлаб жорий этилган ўқув режаларида физика фанига ажратилган соатлар ҳажми камайиб борди: 2018 йилда 136 соат, 2020 йилда эса 108 соатни ташкил этди.

    Президентимизнинг 2021 йил 19 мартдаги “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ва унда физика соҳасида таълим сифатини тубдан оширишга алоҳида эътибор берилгани барча физика фани ўқитувчилари учун қувонарли воқеа бўлди.

    Маълумки, ўқитиш сифатини оширишда юқори малакали педагог, такомиллаштирилган дарслик ва ўқув қўлланмалар, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан бир қаторда фанга ажратилган соатлар ҳажми ҳам асосий омил ҳисобланади. Ажратилган соатлар ҳажми ўқув дастури мазмунини тўлиқ қамраб олмаса, белгиланган вақтда барча мавзуларни тўлиқ баён қилишга эришилмаса, масала ечиш ва лаборатория ишларини бажариш учун вақт етарли бўлмаса ҳатто малакали ўқитувчиларга ҳам кўзланган мақсадга эришиш анча мушкул бўлади. Сўнгги йилларда умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида физика фанини ўқитиш учун ажратилган соатлар ҳажми кескин камайиб кетаётганини кузатиш мумкин. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида академик лицейларга юборилган “Ўрта махсус таълимининг давлат таълим стандартлари” ҳамда “Намунавий ўқув режалари”да физика предмети ўқув курси учун ажратилган соатлар миқдори сезиларли камайган.

    Аввало ўрта махсус таълим муассасалари — академик лицейларда бугунги кунда физика фанини ўқитилишини таҳлил қилайлик. Маълумки, физика фани академик лицейларда таълим йўналишига қараб умумтаълим ва чуқурлаштирилган фан сифатида ўқитилади. Аниқ фанлар таълим йўналишида физика чуқурлаштирилган фан сифатида ўқитилса, академик лицейларнинг бошқа барча таълим йўналишларида умумтаълим фан ҳисобланади.

    Дастлаб академик лицейлар учун 2000 йилларда жорий этилган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ физика фани 160 соат ўқитилган. 2018 йилдан бошлаб жорий этилган ўқув режаларида физика фанига ажратилган соатлар ҳажми камайиб борди: 2018 йилда 136 соат, 2020 йилда эса 108 соатни ташкил этди.

    2021 йилда тасдиқланган ўқув режада эса физика фанига ажратилган соатлар миқдори дастлабки ҳолатга нисбатан 2,2 бараварга камайган. Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан 2021 йил 1 мартда тасдиқланган Табиий фанлар таълим йўналиши бўйича “Намунавий ўқув режа”да физика фанига ажратилган жами аудитория ўқув юкламаси 72 соат бўлиб, шундан 36 соати назарий, 28 соати амалий машғулотларга ва 8 соати лаборатория ишларига берилган. Ўқув режада физика фанини 1 курсда 1- ва 2-семестрларда ҳафтасига 2 соатдан ўқитиш режалаштирилган. Бу дегани, физика фанидан бир ўқув йилида жами 36 та дарс ўтилади. Шундан, биринчи дарсни кириш қисмига, энг охирги дарсни такрорлашга, 4 та дарс лаборатория машғулотларини ўтказишга, 2 та дарсни ҳар семестр охиридаги якуний назоратга ҳамда яна 2 та дарсни ҳар семестрда камида иккитадан оралиқ назорат ўтказишга ҳамда 28 соат амалий машғулотларга ажратилган вақтда 14 та дарс масалалар ечишга сарафланишини инобатга олсак, у ҳолда физикадан назарий мавзуларини ўтиш учун 12 та дарс қолмоқда. Муаммо ҳам шундаки, энди мана шу 12 та дарс давомида бутун физика курсининг 5 та бўлимини ўтишга тўғри келмоқда. Бундан ташқари, давомийлиги 80 дақиқадан бўлган ҳар бир дарсда жорий назоратларни ўтказиш, ўқувчилар билимини баҳолаш керак бўлади. Шунингдек, амалий дарсда масалалар ечиш, уй вазифаларини текшириш, лаборатория машғулотларига лаборатория жиҳозларини тайёрлаш ва ўрнатиш, лаборатория ишлари бўйича ҳисоботларни қабул қилиш ва уларни баҳолаш керак. Кўриниб турибдики, академик лицейларда физика фанини ўқитиш учун ажратилган дарс соатлари ўқув дастури мазмунини тўлиқ қамраб олиш учун умуман етарли, деб бўлмайди.

    Энди олий таълим тизимида физика фанини ўқитилишини таҳлил қилайлик. Олий таълим муассасаларида физика фани учун ажратилган ўқув соатлари 3-4 марта асоссиз равишда камайтирилган. Барча университетларнинг табиий йўналишлари ўқув режаларида физика фанига ажратилган дарс соатлари етарли эмаслигини ва баъзи йўналишларда эса талабаларнинг йиллик юклама соатларининг қисқартирилиши муносабати билан физика фани умуман олиб ташланганлигини кузатиш мумкин. Жумладан, геофизика, картография ва кадастр, гидрометрология, гидрология, тупроқшунослик, агрокимё, экология, археология ва механика йўналишлари ўқув режаларидан “Умумий физика” фани асоссиз равишда олиб ташланган. Бу йўналишлар бўйича университетни тамомлаган мутахассисларимиз физика фанини мутлақо ўқимайдилар. Ваҳоланки, Биология факультети қошида очилган қўшма Ўзбекистон-Белоруссия давлат университети халқаро экология факультети ўқув режасида “Умумий физика” фанига 238 соат ажратилган. М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг биология, тупроқшунослик, экология, геология таълим йўналишлари ўқув режаларида эса бу фанга ажратилган соатлар миқдори 280-320 соатни ташкил этади.

    Республикамиздаги ушбу ҳолат университетни ушбу йўналишлар бўйича битирувчи талабаларнинг ўз соҳаси бўйича тўлақонли билим олишига, рақобатбардош мутахассис бўлишига имкон бермайди, чунки физика барча табиий фанларнинг фундаментал асоси бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, бу соҳаларда ишлатиладиган замонавий қурилмаларнинг ишлаш принциплари асосан физика қонунларига асослангандир.

    Физика анча мураккаб фанлардан бири. Унинг мавзуларини ўқувчиларга тушунтириш, уларни фанга қизиқтириш ўқитувчидан катта маҳорат талаб қилади. Албатта бунинг учун ўқитувчи энг мақбул тузилган ўқув дастури билан ишлаш керак. Дастур тузишда соатлар миқдорини боблар ва мавзуларга оптимал тақсимлаш, мавзулар кетма-кетлигини танлашда оддийдан мураккабга тамойилига амал қилиш ҳамда ўқувчиларнинг ёш ва психологик хусусиятларини ҳисобга олиш лозим. Ўқув дастурларини тузиш бўйича ишчи гуруҳга таълим муассасаларида дарс берадиган амалиётчи мутахассисларнинг киритилиши унинг пухта ва ҳаётчан бўлишини таъминлайди.

    Табиий фанларни, айниқса физика фанини ўқитишда лаборатория машғулотларининг алоҳида ўрни бор. Бежизга барча таълим муассасалари — умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар ва олий таълим муассасаларида физика, кимё ва биология лаборатория хоналарини ташкил этишга доимо жиддий эътибор бериб келинган. Таълим муассасаларининг физика лаборатория хоналари маҳаллий “ELXOLDING” фирмаси ҳамда Жанубий Корея, Япония, Германия ва бошқа давлатларидан келтирилган жиҳозлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, юқорида таъкидлаб ўтилган қарорда физика фанига ихтисослаштирилган таянч мактаблари ва физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил этиладиган мактабларнинг физика хоналари ва лабораторияларини мебель, ўқув лабораторияси асбоб-ускуналари ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш ҳамда бир қатор олий таълим муассасаларини физика фани бўйича замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминлашга жиддий эътибор берилиб, алоҳида дастур қабул қилинган. Албатта бу лаборатория асбоб-ускуналари ва қурилмаларидан ўқув жараёнида самарали фойдаланиш учун эса етарли даражада ўқув соатлари ажратилиши зарур.

    Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида физика фани 160 соатлик дастур билан ўқитилган пайтларда бутун физика курси бўйича 17 та лаборатория иши бажарилиши белгиланган, лаборатория хоналари ушбу лаборатория ишларини бажариш учун зарур асбоб-ускуна ва қурилмалар билан таъминланган эди. Кейинчалик ўқув режаларда физика фанига ажратилган соатлар ҳажми қисқартирилгани сабабли лаборатория ишига ажратилган соатлар миқдори ҳам камайиб борди. Масалан, 2018-2019 ўқув йилида жорий этилган ўқув режада 12 та, 2020-2021 ўқув йилида жорий этилган ўқув режада эса 6 та лаборатория ишини бажариш учун ўқув соати ажратилган. 2021-2022 ўқув йилида жорий этиладиган ўқув режада лаборатория ишига 8 соат ажратилган бўлиб, бу бор-йўғи 4 та лаборатория ишини бажаришга имкон беради.

    Физика фанини ўқитишга ажратилган соатлар ҳажмининг қисқартирилиши битта дарс мобайнида ўтиладиган мавзулар сонини ҳаддан зиёд оширишга ёки айрим боб ва мавзуларни умуман ўтмасдан ташлаб кетишга олиб келмоқда. Академик лицейлар учун амалдаги намунавий ўқув дастури мазмунида аксарият ҳолларда битта дарсда 6-10 талаб мавзулар ўтилиши белгиланган. Юқорида таъкидлаганимиздек, 80 дақиқали битта дарс давомида 10 та мавзуни ўқувчиларга тўлақонли тушунтириб беришга улгуриш бу жуда оғир масала. Иккинчи томондан, ўқитувчи бутун маҳорати билан барча мавзуларни тушунтириб берди ҳам дейлик, бироқ ўқувчилар бу мавзуларни барчасини тўлиқ тушуниб, англаб оладими? Ўқув соатлари етишмаслиги сабаб битта дарсда бир қанча мавзуларни кетма-кет қалаштириб ўтилиши ёки айрим мавзуларни умуман ўтилмай кетилиши физика фанидан таълим сифатини оширишга ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши аниқ.

    Бугунги кунда физика фанини ўқитишда айрим муаммоларни ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Жумладан, қарор ижросини амалда таъминлаш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларининг 6-11-синфлари, академик лицейлар ва университетларда физика фанини ўқитиш учун ажратилган ўқув соатлари миқдорини қайта кўриб чиқиш зарур. Физика фанини умумтаълим мактабларида ҳафтасига 3 соатдан, ихтисослаштирилган мактабларда ҳафтасига 4 соатдан, академик лицейларда икки ўқув йили давомида ҳафтасига 2-3 соатдан, олий таълим муассасаларида икки ўқув йили йил давомида ҳафтасига 6-8 соатдан ўқитилиши керак.

    Тажрибали физика ўқитувчилари, мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ва олимларни жалб этган ҳолда физика фанидан энг мақбул вариантда методик жиҳатдан пухта, илмий асосланган намунавий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва янги ўқув йили бошлангунга қадар таълим муассасаларига етказиш керак бўлади.

    Мавлюда НИШАНОВА,

    физика-математика фанлари номзоди,

    халқ таълими аълочиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates