Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги мода соҳасидаги таълим ҳамкорлиги 2019 йилдан бошлаб йўлга қўйилган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Халқаро Париж Мода Академияси томонидан ташкил этилган қўшма таълим дастури орқали талабалар икки дипломга эга бўлиш имкониятига эга бўлди. Ушбу дастур доирасида ўқувчилар замонавий технологиялар, экологик дизайн, мода маркетинги ва халқаро мода менежменти бўйича етук билим ва кўникмаларга эга бўлиб, глобал брендлар билан ишлашга тайёр бўлиб етишмоқда.
Парижда бўлиб ўтадиган «Ўзбек модаси: анъаналар ва илҳом чўққиси» миллий ва замонавий либослар дефилеси ушбу ҳамкорликнинг ёрқин натижаларидан биридир. Бу тадбир нафақат Ўзбекистоннинг миллий кийиниш маданиятини дунёга таништиради, балки ёш дизайнерлар ва мутахассислар учун халқаро саҳнага чиқиш эшикларини очади.
Дунё брендлари ва Ўзбекистон дизайнерлари
Сўнгги йилларда дунёнинг йирик мода брендлари Ўзбекистонга кириб келмоқда. Ўзбекистоннинг бой тўқимачилик анъаналари, сифатли табиий матолари ва ҳунармандчилиги халқаро мода уйларининг эътиборини тортмоқда. Бу эса ёш дизайнерлар ва мода мутахассислари учун улкан имкониятлар яратмоқда.
Келажакда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти битирувчилари халқаро миқёсда муваффақият қозониши, ҳаттоки, ўз брендларига асос солиши кутилмоқда. Бугунги кунда институт битирувчилари нафақат маҳаллий мода индустриясида, балки халқаро даражадаги брендларда ҳам фаолият юритиш имконига эга. Замонавий технологиялар, барқарор мода тамойиллари ва халқаро тажрибани ўзлаштирган ёш мутахассислар дунё модасида ўз ўрнини топиши аниқ.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бозори халқаро брендлар учун жозибадор бўлиб бормоқда. H&M, Zara, Gucci, Louis Vuitton каби йирик мода уйларининг Ўзбекистонга кириб келиши нафақат истеъмолчилар, балки маҳаллий дизайнерлар ва ишлаб чиқарувчилар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Улар халқаро стандартларга мос ишлаб чиқариш, маркетинг ва дизайн жараёнларини ўрганиш орқали ўз брендларини дунё бозорига олиб чиқишлари мумкин.
Миллий анъаналар ва замонавий мода
Парижда бўлиб ўтадиган дефиле доирасида нафақат тарихий ва анъанавий ўзбек либослари намойиш этилади, балки уларнинг замонавий интерпретацияси ҳам тақдим қилинади. Жумладан, буюк Амир Темурнинг содиқ рафиқаси Биби Хонимнинг реконструкция қилинган либоси, тарихий заргарлик буюмлари ва этно-мода элементлари замонавий дизайн билан уйғунлашган ҳолда саҳнага чиқади.
Дефиленинг иккинчи қисмида эса “Pret-a-porte de Luxe” йўналишидаги замонавий либослар коллекцияси тақдим этилади. Ушбу коллекция юқори сифатли матолар, экологик тоза материаллар ва инновацион технологиялар асосида яратилган бўлиб, жаҳон мода саҳнасида ҳам рақобатбардош бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда миллий ҳунармандчилик анъаналарининг мода билан уйғунлашиши янги тенденция сифатида шаклланмоқда. Маҳаллий дизайнерлар миллий нақш ва матоларни замонавий услубда қайта ишлаш орқали янги коллекциялар яратмоқда. Айниқса, атлас, адрас, сузани ва зардўзлик каби санъат турларининг глобал модага интеграциялашуви халқаро аудиториянинг эътиборини тортмоқда.
Ўзбек дизайнерларининг халқаро бозордаги ўрни
Ҳозирги кунда Ўзбекистон мода саноати халқаро миқёсда танила бошлади. Маҳаллий дизайнерларнинг коллекциялари Милан, Париж, Нью-Йорк каби мода ҳафталикларида намойиш этилмоқда. Бу эса Ўзбекистон модасининг дунё бозорида ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонлик ёш дизайнерлар нафақат ўз брендларини яратмоқда, балки йирик халқаро мода уйларида ҳам фаолият юритмоқда. Хусусан, айрим битирувчилар Dior, Chanel, Versace каби нуфузли брендларда тажриба орттириб, ўз маҳоратини оширмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг мода соҳасидаги кадрлар тайёрлаш бўйича янги босқичга чиқаётганини англатади.
Ўзбекистон ва Франциянинг мода соҳаси бўйича ҳамкорлиги нафақат маданий алмашинувга хизмат қилади, балки миллий мода индустриясини янги босқичга олиб чиқади. Ёш дизайнерлар, технологлар ва мода мутахассислари учун халқаро бозор эшикларини очиб, глобал брендлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятини яратади. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари келажакда дунё миқёсида ўз брендларини яратиши ёки йирик халқаро мода уйларида фаолият юритиши кутилмоқда.
Парижда ўтказилаётган «Ўзбек модаси: анъаналар ва илҳом чўққиси» дефилеси ушбу ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлиб, Ўзбекистон модасининг жаҳон миқёсида ўз ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Бу нафақат санъат ва маданиятни тарғиб қилиш, балки иқтисодий ва тижорат нуқтаи назаридан ҳам Ўзбекистон учун катта имкониятлар яратади.
Халида КАМИЛОВА,
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўқув ишлари бўйича проректори