Франциянинг Тулуза шаҳрида «Ўзбек боғи» очилди

    Ўзбекистон ва Франция ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 31 йиллиги тадбирлари доирасида Тулуза шаҳридаги ботаника боғи ҳудудида «Ўзбек боғи» ташкил этилди.

    Боғнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Самарқанд вилояти ҳокимияти делегацияси, Тулуза шаҳри мэрияси, Франциянинг илмий-академик, маданий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.

    Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев ўз нутқида Тулуза мэрияси ва Самарқанд вилояти ҳокимиятига ушбу лойиҳа амалга оширилгани муносабати билан миннатдорлик билдирди. «Ушбу кўркам боғ Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги мустаҳкам алоқаларнинг белгисидир, деди элчи. Тулузада яратилган «Ўзбек боғи» Ўзбекистонинг ўзига хос ташриф қоғозига айланади».

    Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Хайдаров Франциянинг Тулуза шаҳрида «Ўзбек боғи»нинг ташкил этилганлиги ўзаро дўстона алоқаларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг яққол самараси эканлигини таъкидлади.

    «Ўйлайманки, Тулуза шаҳридаги ташкил этилган ушбу боғ Ўзбекистон ва Франция ҳудудлари ўртасидаги ўзаро дўстона алоқаларнинг рамзи бўлиб қолади. Шунингдек, ўзбек маданияти ва тарихини кенг тарғиб этишга хизмат қилади», деди у.

    Тулуза шаҳри мэрининг ўринбосари Максим Бойё Ўзбекистон ҳукуматига «Ўзбек боғи»ни яратиш бўйича лойиҳаси учун ташаккур изҳор этди. Унинг айтишича, ушбу боғ Франциянинг сўнгги йилларда оммалашиб бораётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш сиёсатида тўла мос келади. Боғ ҳудудига экилган Ўзбекистонинг ноёб кўчатлари ўз мамлакати жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотишига ишонч билдирди.

    «Ўзбекистон инсоният цивилизациясининг равнақига, дунё илм-фани ва маърифати юксалишига катта ҳисса қўшган буюк олимлар юрти экани билан ҳам диққатга сазовор. Ҳозирги кунда ҳам замонавий Ўзбекистоннинг дунё тараққиётида алоҳида ўрни бор», деди Максим Бойё.

    Тадбирда иштирок этган меҳмонлар “Ўзбек боғи” билан яқиндан танишиб, экилган кўчатларга катта қизиқиш билдиришди. Улар ушбу боғ тез орада тулузаликлар ва шаҳар меҳмонларининг энг севимли масканларидан бирига айланишига умид билдиришди.

    «Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган «Ўзбек боғи»нинг очилиш маросимида иштирок этганимдан жуда хурсандман. Ушбу мажмуа албатта шаҳаримиз кўркига кўрк бағишлайди. Бунинг учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасига миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу боғ нафақат «Ўзбек боғи», балки Ўзбекистон-Франция ўртасидаги «Дўстлик боғи» ҳам бўлиб қолади.

    Тулуза ботаника боғи шаҳар марказидаги 3 гектар майдонда барпо этилган. Унда дунёнинг турли минтақаларидан олиб келинган ноёб кўчатлар экилган. «Ўзбек боғи» ботаника боғининг 400 кв. метр майдонида яратилди. Боғ ҳудудида Ўзбекистондан олиб келинган ноёб кўчатлар, жумладан, Туркистон чинори, Туркистон дўланаси, олчасимон олхўри, бодом, гилос ва ўрик кўчатлари экилди.

    Маълумот ўрнида шуни ҳам қайд этиш жоизки, 2019 йили Франциянинг Руэй Мальмезон шаҳрида Бухоро вилояти ҳокимлиги кўмагида «Ўзбек боғи» яратилган эди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates