Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуности ҳужжатларидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасига кўра ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Қонун ҳужжатларини расмий эълон қилиш бу — “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 39-моддасида рўйхати келтирилган манбаларда белгиланган тартибда ахборот тарқатиш усулидир.
Шунингдек “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасида белгиланган тартибга кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир. Ушбу қонундаги бундай талабнинг мавжудлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган Конституция ва қонуннинг устунлиги принципини амалда қўлланишини таъминлашнинг бир усулидир.
Юқорида келтирилган асосларга кўра Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига эълон қилинмаган ҳар қандай турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида мажбуриятлар юклатилиши мумкин эмаслиги аниқлашади. Демак, ҳар қандай эълон қилинмаган умуммажбурий давлат кўрсатмаларини акс эттирган ва фуқароларга қўшимча талаблар, мажбуриятлар ва ортиқча тўловларни ёки ҳаракатларни белгиловчи ҳужжатлар Конституция ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига зиддир ва фуқаролар шу турдаги ҳужжатларда белгиланган талабларни бажармасликка ҳақлидирлар.