Марказий Осиёда илк бор ўтадиган ФИФА шафелигидаги мусобақада дунёнинг энг кучли 24 терма жамоаси футзал бўйича Жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради. Тарихда 10-бор ташкил этилаётган мусобақа 14 сентябрдан 6 октябргача давом этади.
24 та иштирокчи давлат: Ангола, Аргентина, Бразилия, Коста-Рика, Хорватия, Куба, Франция, Гватемала, Қозоғистон, Ливия, Марокаш, Нидерландия, Янги Зеландия, Панама, Парагвай, Португалия (амалдаги ғолиб), Испания, Украина, Ўзбекистон (мезбон сифатида), Венесуэла ва ОФКдан яна 4 жамоа (уларнинг номи 28 апрелгача маълум бўлади).
Давлатлар жами олтита гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси ва учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа плей-офф босқичига чиқади. Шундан сўнг гуруҳдан чиққан 16 та жамоа чорак финал, ярим финал, учинчи ўрин учун баҳс ва финал ўйинларида иштирок этади.