Геопортал — Тошкентнинг рақамли харитаси яратилмоқда

    Урбанизация 21 октябр 2020 2660

    Жорий йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ва “Рақамли Тошкент” комплекс дастурини амалга оширишга қаратилган қарорга имзо чекди.

    Дастурнинг асосий вазифаси давлат хизматларини бошқариш, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, йўл-транспорт ва коммунал инфратузилма объектларининг интеграция қилинган ахборот муҳитини яратишдан иборат. Табиийки, ушбу жараёнларнинг барчасини шаҳар харитасига боғламай туриб амалга оширишнинг иложи йўқ, бу эса, ўз навбатида, хаританинг ўзига, унда келтирилган ахборотга ва жойлашувига боғлаган ҳолда сервисларни ташкил этишга нисбатан талабларни тақозо этади. Буларнинг барчаси Геопорталда амалга оширилиши лозим. Биз уни ишлаб чиқаётганларга мурожаат қилиб, лойиҳа ҳақида батафсил сўзлаб беришни сўрадик. Саволларга биринчи бўлиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаментининг картография ва геодезия масалалари бўйича директор ўринбосари Камолиддин Файзуллаев жавоб берди.

    — Геоахборот тизимларининг рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги ўрни қандай ва Тошкентда ушбу йўналишда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

    — Бугунги кунда бутун дунёда рақамлаштириш иқтисодиёт ва умуман жамиятни ривожлантиришнинг энг замонавий ва жозибали модели сифатида баҳоланмоқда. Географик ахборот тизимлари – рақамли иқтисодиётнинг турли унсурларини бирлаштирувчи платформа бўлиб, бу унинг йўналишларини самарали тузилмага солишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аппарат - дастур мажмуаларидан фойдаланишга асосланган рақамли иқтисодиётни қарор қабул қилишда рақамли ахборотларни тезкор жамлаш, таҳлил қилиш, ишлов бериш ва тақдим этишсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Агар ушбу ахборот географик боғланишга эга бўлса, унинг фойдалилик даражаси бир неча баробар ошади. Масалан, электрон харита бўйлаб харид учун уй излаш, газетадаги эълонлар бўйича уй излашдан кўра анча самарали ва қулайдир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Рақамли Тошкент” комплекс дастури, пойтахт асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларда “рақамли рельсларга” ўтишини кўзда тутади. “Рақамли Тошкент”нинг асосий вазифаларидан бири – Тошкент шаҳрининг Геопорталини ташкил қилиш бўлиб, департаментимиз мутахассислари унинг устида иш олиб бормоқда.

    Геопортални барпо этиш учун батафсил ва аниқ картографик материаллардан фойдаланиш талаб қилинади. Кўпчилик очиқ манбаларда аниқ хариталардан фойдаланишда чекловлар мавжудлигини айтмоқда?

    — Ҳа, мавжуд эди. Координаталарнинг аниқ тизимларидан фойдаланиш мумкин бўлмаган, кўплаб объектларни хариталарда кўрсатиш тақиқланган, уларнинг тавсифини ёзиш мумкин бўлмаган, ҳатто, турар жой мавзеларидаги уйларнинг рақамигача тақиқ бўлган. Эътибор қилиш жоизки, ушбу чекловлар собиқ СССРнинг давлат органи томонидан ўтган асрнинг 80 йилларида ўрнатилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатлар махфийлик грифига эга бўлиб, улар билан танишиш имконияти камдан-кам мутахассисда бўлган. Тақиқлар ўрнатувчи ҳужжатлардан ва картографик материалларнинг ўзидан фойдаланишга бўлган чекловлар тадбиркорларнинг очиқ фойдаланишдаги аниқ хариталарни барпо этишга бўлган ташаббусларига тўсқинлик қилди.

    — Ҳозирги кунда-чи, ўзгариш борми?

    — Ҳа, тубдан ўзгариш бор. Ўзбекистон ҳукумати томонидан очиқ фойдаланишдаги картографик материалларни, шу жумладан, географик ахборот тизимларини (ГАТ) барпо этишни тартибга солувчи қарор қабул қилинди (14.01.2020 йилдаги 22-сонли ВМҚ). Ушбу ҳужжатдан аҳолининг кенг қатлами ва тадбиркорлар фойдалана олиши учун қарор чекловчи грифларсиз қабул қилинди. Шунингдек, геодезия ва картография соҳасида давлат сирларини ҳимоя қилиш борасида шаффоф рухсат берувчи тартиб-қоидаларни белгилайди.

    — Ушбу қарорнинг аҳамиятини кенгроқ тушунтириб бера оласизми?

    — Биринчидан, ҳужжатнинг мақоми. Ҳозирги кунга қадар очиқ фойдаланишдаги картографик материалларни тузиш борасида ҳукумат даражасидаги меъерий-ҳуқуқий ҳужжат бўлмаган. Иккинчидан, ҳужжат фан ва технология ривожланишининг замонавий ҳолатига мувофиқдир. 1980 йилларнинг охирида эски ҳужжатлар қабул қилинганида, “интернет”, “ГАТ”, “GNSS-технологиялар”, “Google”, “IT-технологиялар” каби сўзлар умумий муомалада бўлмаган. Мувофиқ равишда, улар тартибга солинаётган муносабатлардан четда қолган.

    Учинчидан, ҳужжат объектларни акс эттиришга, собиқ СССРнинг аянчли мероси – географик объектларни очиқ хариталарда акс эттиришга бўлган тўлиқ тақиқдан тубдан фарқ қилувчи ёндошувни белгилади. Янги ўрнатилган талаблар очиқ фойдаланишдаги аниқ ва батафсил хариталарни тузишдаги асоссиз, баъзан бемаъни талабларни олиб ташлади.

    — Сиз ушбу ҳужжат ҳақида жуда батафсил маълумот беряпсиз, унинг ишлаб чиқилишида иштирок этган бўлсангиз керак?

    ­— Ҳа.

    — Сизнинг ташкилотингиз учун ушбу қарор амалда нималар берганлиги ҳақида сўзлаб беринг?

    Яқинда Тошкент ҳудуди қонунчиликда ўрнатилган тартибда аэрофото суратга олинди ва WGS-84 координаталар тизимида юқори аниқликка эга ортофоторежалар (ортофоторежа – ҳудуднинг (объектнинг) бир-бирини босувчи бирламчи фотосуратлардан тузилган, рақамли трансформация қилинган сурати – таҳр.изоҳи) тайёрланди. Қарорда рухсат берилгани туфайли уларда чекловчи грифлар мавжуд эмас. Шунингдек, ортофоторежалар асосида биз инфратузилма объектлари ва кўча-йўл тармоғи акс эттирилган Тошкентнинг аниқ, батафсил рақамли харитасини тузмоқдамиз, унда кўчалар, хиёбон ва майдонлар, тор кўчалар, берк кўчалар ва ҳоказолар кўрсатилади. Келгусида ушбу харита кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Ягона манзиллар реестрини тузиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Барча лойиҳа-изланиш ишлари ва шаҳарсозлик лойиҳаларини юқори аниқликда бажариш мақсадида Тошкент учун унинг истиқболли ривожланишини инобатга олган ҳолда, янги, янада аниқроқ координаталар тизимини белгилаш зарур. Ҳозирда ушбу масала ўрганилмоқда. Ўйлашимча, биз яқин вақт ичида ушбу лойиҳани амалга оширишга киришамиз.

    Биз суҳбатимизни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаментининг топогеодезия ва топонимика бўлими бошлиғи Анвар Джаббаров билан давом эттирдик.

    — Айни кунда коммунал хизматларини етказиб берувчилар, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базасида баъзи уйларнинг манзиллари, объектларнинг номлари турли эканлиги кузатилмоқда, буларнинг ҳаммасини қандай қилиб ягона кўринишга келтириш мумкин? Ягона манзиллар реестри нима ва ягона манзилга амалда қандай қилиб эришиш мумкин?

    — Тошкент ҳудудида ягона манзиллар базаси ва кўчмас мулк объектларига манзил берилишида тизимлаштириш йўқлиги туфайли ҳозирги кунда кўплаб фавқулодда ва коммунал хизматларда ўзларининг “манзиллар реестри” мавжуд бўлиб, улар баъзан бир-биридан фарқланади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 мартдаги “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Рақамли Тошкент” комплекс дастури тасдиқланган бўлиб, унинг асосий вазифаси давлат хизматларини бошқариш, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, йўл-транспорт ва коммунал инфратузилма объектларининг интеграция қилинган ахборот муҳитини яратиш ҳамда келгусида муваффаққиятли тажрибани мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига тарқатишдан иборат.

    Ягона манзиллар реестрини шакллантирмай ва ишга туширмай туриб, белгиланган мақсадларга эришиш қийин бўлади, негаки, у ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Холбуки, унинг мавжудлиги барча идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция ва ўзаро фаолиятга йўл очиб, кўчмас мулк манзиллари билан боғлиқ барча маълумотларни унификация қилиш (бирлаштириш) имкониятини беради.

    Географик объектлар номларининг аниқ реестри бўлмай туриб, ягона манзиллар реестрини тузишнинг имкони йўқлиги сабабли, Тошкент шаҳар ҳокимининг 19.05.2020 йилдаги “Тошкент шаҳридаги мавжуд географик объектларнинг номлари ва турларини меъёрлаштириш тўғрисида”ги 442-сонли қарори қабул қилинди.

    Ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни амалга ошириш Тошкент шаҳри ҳудудида мавжуд кўчалар, тор кўчалар, шох кўчалар ва ҳоказоларнинг аниқ рўйхатини тузишга имкон бериб, келгусида Тошкент ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларининг ягона манзиллар реестрини тузишга асос бўлади. Натижада биз барча кўчмас мулк объектларининг манзиллари кўрсатилган Тошкентнинг аниқ манзиллар реестрига эга бўламиз.

    — Тошкентда қайталанишлар кўп, масалан, Дархон, Қипчоқ, Аҳмад Дониш номлари турли туманларда бор. Қайталанишлардан воз кечиш мумкинми?

    — Деярли ҳар бир манзил географик объект номидан шаклланади. Географик объектлар номлари бирламчи таҳлилининг кўрсатишича, Тошкент шаҳрида жойлашган манзилларнинг кичик қисми номланишида ноаниқликлар бор ва уларнинг айримлари бир хил номларга эга. Кўпгина объектлар анча олдин бекор қилинган ёки номи ўзгарган, лекин ҳужжатлар ва иш айланмасида қўлланилмоқда. Ҳозирда географик объектларнинг номланишини меъёрлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Улар якунига етгач, биз бир хил номга эга географик объектларнинг номига ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни тайёрлаймиз.

    — Кўплар “тор кўча” ва “ўтиш кўчаси”дан, “шоҳ кўча” эса оддий “кўча”дан нимаси билан фарқ қилишини билмайди, атамаларга аниқлик киритиш режалаштирилганми?

    — Аввалдан ўтказилган таҳлил кўрсатишича, ушбу атамаларни очиб берувчи ҳеч қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. “Тор кўча” билан “муюлиш кўчаси” нима эканлиги, “кўча” “шоҳ кўча”дан қайси жиҳати билан фарқланишига тушунтириш йўқ. Умумий маълум бўлган маълумотларга кўра, “муюлиш кўчаси” иккита йирикроқ, узунроқ кўчани бирлаштирувчи кичик кўчадир. Ҳудди шу маълумотларга кўра “тор кўча” – иккита параллел кўчани бирлаштирувчи кўчанинг номи. Яъни “тор кўча”нинг ҳам “муюлиш кўчаси”нинг ҳам вазифаси бир – икки кўчани бирлаштириш. Шунинг учун биз атамаларга аниқлик киритиб, келгусида географик объектларнинг турини аниқ белгилаш имкониятини берувчи ягона таснифлагични қабул қилмоқчимиз.

    — 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори (14.12.2018) қабул қилинди – номутахассислар учун унинг моҳиятини қисқача тушунтириб берсангиз.

    Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни меъёрлари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга доир бошқа меъёрий ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 14 декабрь куни “Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Низом кўчмас мулк объектлари манзилларини тартибга солишни, кўчмас мулк объектлари манзиллари маълумотлари ягона базаси яратилишини ва унинг босқичма-босқич Марказий сайлов комиссияси маълумотлари базаси билан интеграция қилинишини, кўчмас мулк объектларига объектнинг географик боғлиқлигини таъминловчи геокодлар берилишини, республика даражасида кўчмас мулк объектлари геокодлари кўрсатилган ҳолда электрон карталар шакллантирилишини, реестрдан маълумотлар берилишини ва унинг маълумотларидан фойдаланиш тартибини назарда тутади.

    Амалий тарафдан ёндошсак, ягона манзиллар реестрининг ташкил қилиниши барча ташкилотларга амалдаги манзилларнинг ягона маълумотлар базасига эга бўлиш имконини бериб, уларга турли вазиятларда ҳаракат қилиш тезкорлигини ошириш, у ёки бу объектнинг аниқ жойлашувини белгилаш самарадорлигини бир неча бор оширишда кўмак беради.

    Ушбу қарор мазкур йўналишдаги ишларни тезлаштириш ва барча тўсиқларни бартараф этиш учун қабул қилинган.

    — Айни кунда Google, Яндекс хариталари, “Менинг шаҳрим” ва 2GIS.uz лойиҳалари мавжуд. Улар геоахборот тақдим қилиш муаммосини ҳал қиладими? Улардаги маълумот ишончлими? Нима учун уларда кўчаларнинг номи турлича?

    — Биз геоахборот улашувчи кўплаб манбаларнинг таҳлилини ўтказдик. Ягона реестрнинг йўқлиги ва географик объектларнинг номланишидаги мавжуд ноаниқликлар туфайли турли манбаларда маълум бир кўча турли ном билан кўрсатилиши кузатилган. Географик объектларнинг номланишида меъёрлаштириш ишларидан сўнг ҳамда ягона манзиллар реестри ва Тошкент шаҳар геопортали ишга тушганидан кейин, кўчаларнинг бир хил номланишига чек қўйилиши, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари эса у ёки бу объектнинг аниқ номини билиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates