Экология вазирлиги атмосфера ҳавоси ифлослангани бўйича маълумот берди

    Шу йилнинг 22 сентябрь куни Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги даражаси бўйича жаҳон шаҳарлари орасида 1-ўринга чиқди. 23–24 сентябрда ҳавода майда дисперс заррачалар миқдори яна ортиши эҳтимоли бор.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлослангани бўйича маълумот берди.

    Билдирилишича, шу йилнинг 21 сентябрь куни марказида атмосфера босими 1010 гПа.гача пасаювчи паст босимли кичик градиентли атмосфера соҳаси республиканинг Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кундуз куни ҳаво ҳароратининг +34...+35 даражагача қизиб кетишини таъминлади. Ҳатто бу пайтда Тошкент вилояти жанубий станцияларида ҳаво ҳарорати максимум қийматлари +35 даражадан юқорилади.

    Ушбу исиш ҳодисаси 21 сентябрь тунда Каспий денгизи орқали марказида атмосфера босими 1028 гПа.гача юқори кўтарилувчи совуқ антициклонал жараённинг минтақага давомли фронт олди ғарбий шамоллари билан кириб келишига сабаб бўлди.

    21 сентябрь куни ва 22 сентябрь тонгида Навоий вилояти шарқи, Айдаркўл кўллар тизими атрофига эсган кучли ва давомли ғарбий шамоллар ўз йўналишини Чордара сув омбори ҳудудларидан бошлаб бироз шимол томонга ўзгартирди. 22 сентябрь куннинг иккинчи ярмидан Қизилқум шарқи ва Айдаркўл ҳудудлари ҳамда Қозоғистон жанубий вилоятларида кўтарилган чанг ҳаво массалари тўғри Тошкент шаҳрига кириб келди.

    Тошкент шаҳрида соат 15:00 дан бошлаб аввалига жануби-ғарбий ва ғарбий ҳудудда ҳавода ПМ2.5 ва ПМ10 майда дисперс заррачалари орта бошлади. Масалан, Ўзгидрометнинг Учтепа ҳокимияти биноси олдига ўрнатилган Ҳориба автомат станцияси айни ўша муддатда ҳаво таркибида 142 мкг/м³ оғирликда майда ПМ2.5 заррачасини қайд этган. Бу миллий рухсат этилган стандарт қийматдан 4 баробар кўп қийматдир. ПМ2.5 майда заррачаси бўйича миллий рухсат этилган меъёрий қиймат 35 мкг/м³ ҳисобланади.

    Соат 16:00 да пойтахтда жануби-ғарбий шамоллар сониясига 4 метр тезликда эсиб, жануби-ғарб томондан шаҳар маркази ва шимоли-шарқи томон майда дисперс заррачалари жадал тўпланишига олиб келди. Бу вақтда Тошкент марказий қисмларида ҳам ҳавода ПМ2.5 ва ПМ10 майда заррачалари миллий рухсат этилган меъёрлардан ошди. Ҳатто пойтахтнинг шарқий қисми «Янги Ўзбекистон» боғида ўрнатилган автомат станция кузатув объектида майда ПМ2.5 заррачалари миллий рухсат этилган меъёрдан 2 баробаргача (68 мкг/м³) ортиб кетди. Чанг ҳаво пойтахтни эгаллай бошлади. Тошкент халқаро аэропортида айни 16:00 дан бошлаб кўриниш масофаси 5 км гача чекланган ғубор ҳодисаси кузатила бошланди.

    Соат 18:30 да Ўзгидрометнинг Тошкентга ўрнатилган кўплаб автомат станция қийматларида ҳавода майда ПМ2.5 дисперс заррачалари тахминан 150 мкг/м³ атрофида шиддат билан кўпайиб бораётгани қайд этилди. Бу каби қиймат Тошкентнинг катта қисмида майда ПМ2.5 заррачалар билан ифлосланиш миллий рухсат этилган меъёрдан 5 баробаргача кўпайиб кетишини таъминлади. Айни мана шу муддатда «Тошкент» халқаро аэропортида кўриш масофаси янада ёмонлашиб, 4000 метргача масофани ташкил этди.

    Прогноз

    Марказида атмосфера босими 1025 гПа.гача кўтарилувчи совуқ антитциклон республиканинг марказий қисмларидан ўтмоқда. Ушбу жараён 24 сентябрга қадар республика об-ҳавосини белгиловчи оқим ҳисобланиб, 23–24 сентябрь кунлари айни Тошкент шаҳри ҳавосида тўпланган майда дисперс заррачаларни тўлиқ «тозалаш» қувватига эга эмас. Аксинча, ушбу ҳаво оқими ҳавода йиғилган майда заррачаларни аста-секин ерга босиш ҳолатини келтириб чиқаради. 23–24 сентябрь тонгги муддатлар ва кечки муддатларда инвер­сия ҳодисаси сабаб ҳавода майда дисперс заррачалари миқдори яна ортиши эҳтимоли бор. 24 сентябрь тунги муддатларда антитциклоннинг минтақадан бутунлай чекиниши ва ўрнига бошқа бир паст босимли атмосфера жараёнлари алмашиниш фонида Тошкент шаҳри ҳавосида майда дисперс заррачалардан тез тозаланиш рўй бериши мумкин.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates