Ғолиб бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади

    Долзарб 17 июл 2023 1341

    Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 17 июль куни “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги иккинчи мавсумига старт берилди. Унинг биринчи босқичида — 17 июлдан 6 августгача фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳалар шакллантирилади, иккинчи босқичида — 6 августдан 26 августгача бу таклифлар махсус комиссия томонидан саралаб олинади ва 26 августдан 15 сентябргача лойиҳаларга овоз бериш жараёни — учинчи босқич ўтказилади.

    Мазкур жараён якунларига кўра, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғолиб топилади ва улар берилган овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади ҳамда молиялаштирилади.

    Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иккинчи мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши ва улар мавсум якунига қадар ортиб бориши кутилмоқда.

    ОДАМЛАРНИ УЙҒОТГАН ВА БИРЛАШТИРГАН ЛОЙИҲА

    Давлатимиз раҳбари шу йил 12 июнь куни Президентликка номзод сифатида Нукус шаҳрида ўтказган сайловолди учрашувида маҳаллалар учун “Очиқ бюджет” имкониятлари янада кенгайтирилиши ва унга ажратиладиган маблағ уч карра оширилишини билдирар экан, энди “Очиқ бюджет” лойиҳалари ғолиби бўлиши учун 1,5 минг овоз етарли бўлиши ва ушбу мақсадлар учун йил якунига қадар яна 1,2 триллион сўм ажратилишини маълум қилди.

    Бу жараёнлар 2019 йилдан буён Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Очиқ бюджет” порталидаги “Ташаббусли бюджет” бўлими орқали амалга ошириб келиняпти. Ушбу электрон тизим ёрдамида фуқаролар маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўллар қуриш, уларнинг ёритилишини таъминлаш, боғча, мактаблар қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш каби масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, овоз бериш йўли билан маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этиши учун имконият яратилган.

    Шу ўринда бир таққос: мамлакатимиз аҳолиси 36 миллиондан ортиқ бўлса, уларнинг 20 миллиондан зиёди овоз бериш ҳуқуқига эга. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йил биринчи мавсумида 16 миллион 129 минг 764 фуқаро овоз беришда қатнашган. Бу юртимиз аҳолисининг қарийб 45 фоизидир.

    Агар 2021 йилда ўтказилган овоз бериш жараёнида 1,1 миллион фуқаро қатнашган бўлса, 2022 йилнинг дастлабки мавсумида улар сони 6,7 миллиондан зиёдроқ бўлган эди. Демак, жорий йилнинг мос даврида иштирокчилар сони қарийб 9,3 миллионга ошган. Бу аҳолининг “Ташаббусли бюджет”дан жой олган лойиҳаларга дахлдорлиги, жараённинг холис ва ошкора ўтиши, ғолиб таклифлар қисқа муддатда амалга ошишига бўлган катта ишончининг яққол намоёнидир.

    Таҳлилчилар фикрича, сўнгги 30 йилда мамлакатимизда аҳолини бунчалик даражада қамраб олган ижтимоий воқелик кузатилмаган.

    “Очиқ бюджет”нинг 2023 йилги биринчи мавсумида 55 минг 970 та таклиф илгари сурилган. Уларнинг 33 минг 680 таси ҳудудий ички комиссиялар томонидан саралаб олиниб, овоз бериш босқичига ўтказилди. Энг кўп овоз олган 1 минг 666 лойиҳа ғолиб топилди.

    — Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 апрелдаги “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тизимга оид қатор вазифа ва қоидалар белгиланди, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азим Ҳасанов. — Жумладан, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1 минг 309 лойиҳа учун ҳам қўшимча равишда 1,3 триллион сўм ажратилади. Бу 4 миллиондан ортиқ аҳоли кўтарган масала ечимини топди, дегани. Шундай қилиб, ғолиб лойиҳаларга бюджет маблағлари ҳисобидан жами 2,9 триллион сўм йўналтириладиган бўлди.

    2023 йил биринчи мавсумда ғолиб топилган 2 минг 975 лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинган. Бунда жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб жорий йилнинг июль, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳаларни бажаришнинг сўнгги муддати этиб август ойи белгиланган.

    Ташаббусли бюджетлаштириш жараёни доирасида бюджет ташкилотлари раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ бериши тақиқланган. Мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтидан маълум қилишларича, ғолиб лойиҳаларнинг асосий қисмини умумтаълим мактаблари, ички йўллар, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим муассасаларини таъмирлашга оид таклифлар ташкил этди. Жумладан:

    умумтаълим мактаблари —1 минг 335 та ёки 44,5 фоиз;

    ички йўллар — 629 та ёки 20,9 фоиз;

    соғлиқни сақлаш муассасалари — 370 та ёки 12,3 фоиз;

    мактабгача таълим муассасалари — 176 та ёки 5,8 фоиз.

    Яна бир эътиборли жиҳати, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ҳар бири 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган лойиҳалар таҳлили ўтказилиб, 2024 йил учун бюджет сўровида уларни таъмирлаш, жиҳозлаш ва харид қилиш харажатларини рўйхатга киритиш кўзда тутилган. Бу аслида 34 мингта лойиҳа келгуси йил бюджетини шакллантириш учун тайёр таклиф, дегани. Бунинг натижасида 164 та мактаб, 30 та боғча ва 32 та тиббиёт муассасасида таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқа ишлар учун 304,6 миллиард сўм қўшимча маблағ йўналтирилади.

    “ОБОД ҚИШЛОҚ”, “ОБОД МАҲАЛЛА” ВА “МЕНИНГ ЙЎЛИМ” ЛОЙИҲАЛАРИ

    Президентимизнинг ўтган йил 25 октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023 йилдан бошлаб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланиши назарда тутилган. Бунинг учун овоз бериш жараёни ҳар йили ноябрь — декабрь ойларида ўтказилади. Таклиф этилаётган тадбирлар ҳар бир маҳалла бўйича битта лойиҳа пакети шаклида овозга қўйилади.

    Вазирлар Маҳкамасининг шу йил май ойи бошида эълон қилинган қарори билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёни орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом ҳам қабул қилинди.

    — Низомга биноан, жамоатчилик фикри асосида лойиҳалар тўплами маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича шакллантирилади ва ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) аниқланади, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент бошлиғи Шерзод Муҳаммедов. — Жараёнлар 3 та босқичда амалга оширилади: 1-босқичда порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади, 2-босқичда шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади, 3-босқичда саралашдан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

    Ғолиб маҳаллалар овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сони инобатга олинади. Аҳолиси сони кам маҳаллаларга лойиҳалар тўпламига берилган овозлар аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тузатиш коэффициенти қўлланилади.

    Овоз бериш жараёни якунларига биноан, ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб топилади. Уларнинг ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаш зарур. Овоз бериш якунлангандан сўнг 3 кунда ғолиб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) махсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади.

    Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 3 кунда лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади. Ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилади.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 февралдаги “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Менинг йўлим“ лойиҳасини молиялаштиришнинг аниқ тизими жорий этилди. Унга асосан, 2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган лойиҳаларни таъмирлашга йўналтирилиши қатъий белгилаб қўйилди. Бу жараён бир йилда бир маротаба ўтказилади.

    — Мазкур жараёнда ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади, — дейди Азим Ҳасанов. — Портал автоматик равишда таъмирлашга доир ўртача нархни ва туман (шаҳар) бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуддаги таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий ҳажмини аниқлайди. Уларни таъмирлашга доир таклифлар киритиш фуқаролар томонидан ахборот порталида тақдим этилган йўллардан бирини танлаш орқали амалга оширилади. Ҳар бир фуқаро ички йўлларни таъмирлашга фақат битта таклифни илгари суриши ва битта таклифга овоз бериши мумкин.

    Жорий йил 7 май куни “Менинг йўлим” лойиҳасининг 2023 йилги мавсумига овоз бериш жараёни якунига етди. Ушбу мавсум учун 10 минг 317 та ташаббусли таклиф келиб тушди. Ўтган йили худди шу жараёнда 9 минг 212 лойиҳа илгари сурилган эди.

    Бу йилги овоз бериш жараёнида 8 миллион 93 минг 918 фуқаро иштирок этди. Унинг натижаларига кўра, 517 лойиҳа ғолиб топилди. Уларни молиялаштиришга 412 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

    Амалдаги низомга мувофиқ, ғолиб деб топилган лойиҳалар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ушбу таклифларни илгари сурган фуқаролар жалб қилинган ҳолда ишлаб чиқилади. Уларни амалга ошириш бўйича ички йўлларни лойиҳалаштириш, таъмирлашда туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари буюртмачи вазифасини бажаради.

    Йўл қуриш ва унинг ободлигини таъминлаш савобли иш. Чунки бу вазифа инсон қадри, эл розилиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, жойларда ички йўлларни таъмирлаш бўйича мавжуд муаммолар айнан фуқароларнинг талаб ҳамда таклифлари асосида ҳал этилиши уларнинг сифатли ва равон, манзилларнинг яқин бўлишига хизмат қилади.

    Сўнгги уч йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 9 минг 500 маҳаллага 57 триллион сўм ажратилди. Бу маблағ ҳисобига 3 минг 500 маҳаллада ички йўллар, яна шунчасида боғча, мактаб ва шифохона таъмирланди. 1 минг 19 маҳаллада ичимлик ва оқова сув таъминоти яхшиланиб, 452 таси замонавий қиёфага келтирилди.

    Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Шерзод Муҳаммедовнинг қайд этишича, бу йил маҳаллаларга ажратилаётган маблағ кўлами 25 триллион сўмга етказилиши, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ўтган йилдагига қараганда бюджетдан 3,5 баробар кўп — жами 8 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Шундан 2 триллион сўм “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган, 320 миллиард сўм “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларидан ажратилиши, 4 триллион сўм “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиши мўлжалланган.

    Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида йўналтириладиган бўлди. Бунгача бундай талаб фақат туман-шаҳарлар бюджетига тааллуқли эди. Энди маҳаллий бюджетлар томонидан ажратилган қўшимча маблағ ҳисобига 1,7 триллион сўм Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига ўтказилади.

    “Очиқ бюджет” лойиҳалари кўлами тобора кенгайиб, унинг ҳар бир жараёнига ажратилаётган маблағ миқдори ҳам ортиб боряпти. Тўғри, бу жараён айрим муаммо ва камчиликлардан ҳам холи эмас. Уларни ҳал этиш замонавий технологиялардан оқилона фойдаланишни ва доимо такомиллаштириб боришни тақозо этади.

    Хусусан, ўтган давр мобайнида фуқаролар томонидан турли телефон рақамлари билан порталдан рўйхатдан ўтиб, “фойдаланувчилар” захирасини шакллантириш ва кейинчалик ушбу аккаунтларни ишга солиш асосида сунъий равишда овозлар сонини кўпайтириш ҳолати кузатилган эди.

    Шундай қилиб уларнинг олдини олиш ва жараённинг ҳаққоний ўтказилишини таъминлаш мақсадида овоз бериш имконияти фақатгина СМС хизмати орқали ва рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар томонидан овоз берилишида ҳам уларнинг телефон рақамларига юборилган СМС-хабарнома билан амалга оширилиши йўлга қўйилди. Бунда барча овозлар реал вақт режимида ва хақиқатда амалда бўлган (ишлаб турган) телефон рақамлари орқалигина амалга оширилади. Натижада фуқаро ҳар бир жараёнда битта таклиф киритиш имкониятига эга бўлди.

    Энг муҳими, аҳолининг “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига ва унинг шаффофлигига ишончи катта. Бу лойиҳа қисқа фурсатда фуқаролар манфаати ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизми асосида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш воситасига айланди. Натижада қишлоқ ва маҳаллаларда узоқ йиллар давомида ҳал этилмай келган ижтимоий муамммолар қисқа муддатда ечимини топяпти, ҳамжиҳатликда кўтарилган ва овоз берилган таклифлар самарасидан баҳраманд бўлиняпти.

    Давлатимиз раҳбари бу ҳақда “Бизнинг тажрибамизда бу ҳам биринчи марта ва жуда катта ижобий натижа беряпти. Одамлар шу жараёнларда бевосита ўзлари иштирок этяпти... Энг муҳими, одамлар бундай лойиҳаларга дахлдор бўлиб, бунёд қилинган инфратузилмадан фахрланиб, уларни асраб-авайлаб фойдаланяпти”, деган эди.

    Ҳа, шундай. Аҳоли ўз ҳудуди, яшаб турган жойи ободлиги учун масъулиятни ҳис қиляпти, яхши яшаш йўлида фаол фуқаролик позициясини ишга соляпти. Тадқиқотчилар таъбири билан айтганда, бу жараёнда одамлар ўз манфаати учун эмас, халқ манфаати учун бир тану бир жон бўлиб рақобатлашяпти. Инсонлардаги бирдамлик, жипслик эртанги кунга бўлган ишончни оширяпти.

    Фикр эркинлиги инсонлар тафаккурини юксалтириб, юрт ободлиги, эзгу ишларга дахлдорлик туйғусига қанот беради. Шу маънода, “Ташаббусли бюджет” ҳам маҳаллий бюджет маблағларининг аҳоли томонидан овоз бериш йўли орқали йўналтирилишида, қолаверса, улар ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этяпти. Шу боис, эришилган ютуқнинг қадр-қимммати сарбаланд, ифтихорли.

    Мана, мазкур лойиҳанинг шу йилги иккинчи мавсумига ҳам старт берилди. Долзарб таклифларни илгари суриб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилганлар, албатта, ғолиблар сафида бўлади. Бир ярим минг овоз тўплаш орқали қанчадан-қанча боғча, мактаб, шифохона таъмирланаб, замонавий жиҳозлар билан таъминланади, спорт майдончалари ишга тушади, қишлоқ ва маҳаллаларга тоза ичимлик суви келади, юзлаб километр йўл обод ва чароғон бўлади...

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates