Ҳафтанинг иккинчи ярмида республика ҳудудига нисбатан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда

    Ўзгидромет жорий ҳафтада кутилаётган об-ҳаво башоратини эълон қилди.

    Ушбу ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради.

    Фақат 24-25 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида ва 25 сентябрда Хоразм вилоятида баъзи жойларда асосан жадаллиги бироз бўлган ёмғир ёғади.

    Ҳафтанинг иккинчи ярмида республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан бироз салқин ва нисбатан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда.

    26-27 сентябрь кунлари Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида 26 сентябрда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

    Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, 24-25 сентябрда шимолда ва чўл ҳудудларда, 26 сентябрда республика бўйича баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

    Пойтахтимизда: асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 26 сентябрда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

    Ҳарорат асосан кечалари +14...+17 даража, кундуз кунлари 23-25 сентябрда +28...+31 даража, 26-27 сентябрда +24...+27 даража бўлади.

    Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 25-26 сентябрда 10-12 м/с гача кучайиши мумкин.