Ҳалоллик ва фидоийлик асосий мезон бўлмоғи лозим

    Фикр 5 август 2022 793

    “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.

    Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади,адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судялар қўлида завол топади.Таълимнинг инқирози-бу миллат инқирозидир".

    Ушбу иқтибосни "Халқ сўзи" газетасининг 2020 йил 21 январь сонида Жанубий Африка Республикаси Стелленбос университети пештоқига ёзиб қўйилгани тўғрисида эълон қилинган материалда ўқиган эдим. Дарҳақиқат, ушбу фикрларни ўқиган ҳар бир зиёли юрагидан таълим соҳасидаги ечимини кутаётган оғриқли муаммолар ўтиши табиийдир.

    Юртимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масала доимий равишда кун тартибида турганлиги ушбу масала қанчалик муҳимлигидан дарак беради.Айни кунларда олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари кетаётганлигидан барчамизнинг хабаримиз бор. Бу борада ОТМларга қабул жараёнларининг шаффофлигини таминлаш борасида хайрли ишларни амалга ошириш билан биргаликда, унда учраётган нохуш ҳолатлар коррупция ва порахўрликка қарши астойдил кураш олиб борилмоқда. Кези келганда айтиб ўтиш ўринли деб ўйлайман, муҳтарам Юртбошимиз ўзининг ҳар бир чиқишида шу юртда яшаётган ҳар бир инсонда коррупцияга, умуман олганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш энг муҳим масала эканлиги, Қонун барчага баробарлигини, қонунбузарликка йўл қўйган тегишли шахслар эса Қонунда кўрсатилган жазони ўташи муқаррарлигини ҳам таъкидлаб келаётгани бежизга эмас.

    Коррупцияга қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирларга қарамай, "Ўқишга киритиб қўяман, ижодий имтиҳонни ҳал қилиб бераман", деган ва шу йўл билан мўмай даромад топиш илинжида юрган таъмагирлар минг афсуски, ҳали-ҳануз учраб турибди.Эртани тасаввур қила олмайдиган, фақат ва фақат бугунни ўйлайдиган, боласи келгусида етук мутахассис бўладими ёки йўқми,"Болам ўқишга кирса, диплом олса бўлди, у ёғига Худо пошшо" қабилида иш тутадиган, фарзандининг қобилияти, билими ва салоҳияти етарлими ёки йўқ, бунга иккинчи даражали масала сифатида қарайдиган ота-оналарнинг борлиги кўнгилни хира қилади. Бошқача айтганда, шу дамгача, фарзанд тарбиясига бефарқ бўлган ота-оналарнинг борлиги ачинарли ҳол деб биламан.Тўғрисини айтганда, ана шу бефарқлик йиллар давомида таълим тизимида коррупциянинг кўпайиб кетишига замин бўлган сабаблардан бири десам адашмаган бўламан.

    Минг шукурки, бугунги кунда соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар бўла бошлади. Соҳада хизмат қилаётган ўз ишининг фидоийлари, жонкуярлари номидан айтаман, айтганда ҳам ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар сабаб вазият тубдан ўзгарди, кимнинг билими, қобилияти, салоҳияти бўлса, ўша инсон ўқийди деган тамойилга амал қилина бошлади. Ўз навбатида таълимда учраётган нохуш ҳолат-қоррупцияни таг томири билан йўқотишга астойдил киришилди.Бу борадаги дастлабки қадам олий таълимга кириш, ижодий ва тест имтиҳонларини топшириш жараёнларини тартибга солиш билан бошланди. Тегишли фармон ва қарорлар билан олий таълим муассасаларига қабул учун квоталар сони аввалги йилларга қараганда кескин оширилди. Барча жараён нафақат давлат органлари, балки кенг жамоатчилик назорати остида шаффоф тарзда ўтказиладиган бўлди. Айни кунларда, жараённи кузатиш асносида, ҳужжат қабул қилишдан бошлаб, тест имтиҳонларини ўтказишгача абитуриентлар учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилиб борилаётганига шоҳидмиз. Муҳими, барча жараёнда ҳаққонийлик ва очиқлик, шаффофлик, адолат тамойилига амал қилинаётгани қувонарли ҳолдир.

    1-августдан бошлаб, юртимизда фаолият кўрсатаётган 46 та ОТМда касбий имтиҳонлар жараёнлари бошлаб юборилди.Бу жараёнлар жорий йилнинг 10 августигача давом этади.

    Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига имтиҳон жараёнлари ҳақида тезкор ва батафсил маълумот бериб бориш мақсадида ОТМларнинг расмий веб сайти ва телеграмм каналларида барча маълумотлар доимий жойлаштирилаётганлиги, имтиҳонларнинг қайси олий таълим муассасасида бўлиб ўтаётгани, имтиҳон ўтказилаётган жойлар, ўқув хоналарини жонли тарзда кузатиб бориш хусусида маълумот олиш билан биргаликда, махсус каналга имтиҳонлар ҳақидаги хабарлар(расм ва видеолавҳа) ҳам жойлаштириб борилаётганини кўриш мумкин.

    ОТМларда бўлиб ўтаётган имтиҳонларни imtihon.edu.uz платформаси ҳамда олийгоҳларнинг расмий YouTube каналлари орқали ҳам жонли тарзда кузатиб бориш имкони мавжуд. Шунингдек, бу йилги қабул жараёнларида илк бор имтиҳон бўлиб ўтадиган бино ва майдонларда ўрганишлар олиб бориш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида қўшма баёнотнинг имзоланиши натижасида, Вазирлик ва Агентликнинг маъсул ходимлари томонидан қабул жараёнларининг очиқ ва шаффоф ташкил этилиши, жонли эфирга узатилиши тўлиқ назорат қилинади.

    Бугунги кунда ҳар соҳада улкан ўзгаришлар кетаётган Янги Ўзбекистонда халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул идоралар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бунинг учун эса, Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, биздан коррупцияга, ҳар қандай қонунбузарликка қарши муросасизлик кайфиятини шакллантириш талаб этилади. Кузатишлардан маълум бўлаяптики, турли ҳил қонунбузарликлар содир этилишида кўпинча, лоқайдлик, бефарқлик, айниқса, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг тушиб кетганлиги, яъни, юртдошларимизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмасликлари ҳам сабаб бўлаяпти. Шу ўринда, азиз юртдошим, бир олтин қоида шулки, қачонки биз якдил бўлсак, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ҳамжиҳатликда яшасак ва иш олиб борсак, турли иллатларга қарши курашиш учун муросасизлик муҳитини шакллантира олсак, ўшандагина биз олий мақсадимизга эришган бўламиз деб ўйлайман. Юқоридаги каби иллатларнинг олий таълим муассасаларида кузатилмаслиги ва унинг ҳар қандай кўринишини олдини олиш мақсадида, барча зарур чораларни кўриб, келажакда билимли, салоҳиятли ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, олий таълимни коррупциядан ҳоли соҳага айлантиришда барча зиёлилар бир жону тан бўлиб, фидоийлик билан хизмат қилиб, унинг ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Ишонаманки, эзгу мақсадимизни амалга оширишда ҳалоллик ва фидоийлик асосий мезонимиз бўлади.

    Фозилбек Фарҳодов

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates