Юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уларнинг жамиятдаги аҳамиятини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Донишмандларимиз таъкидлаганидек, аёлнинг гўзал, оқила бўлиши муҳим, лекин уларнинг билимли ва маърифати юқори бўлиши шарт. Тараққиёт йўли маърифатда экан, аёлнинг маърифатли бўлиши — бу жамиятнинг бахти ва саодатидир. Чунки фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил фарзандлар тарбиялашга қодир.
Бугунги кунда олийгоҳларимизда жами талабалар сони 1 млн 489 минг нафардан ошган бўлиб, шундан хотин-қизлар 782 мингни ( яъни 52,5%) ташкил этади. Магистратура босқичида таҳсил олаётган жами талабалар 37 минг 839 нафар бўлиб, уларнинг 23 минг 628 нафари (62,44%) талаба-қизлардир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча олий ва касбий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун имтиёзли таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими жорий этилди. Хусусан, хотин-қизлар учун таълим кредитлари фоизсиз берилиши алоҳида таъкидлашга арзийди.
Шунингдек, давлат олийгоҳларининг магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган хотин-қизларнинг контракт тўлови 2022-йилдан буён тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Охирги уч йилда бу мақсад учун 285,8 млрд сўм маблағ йўналтирилди. 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалик, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича техникумларга тўлов-контракт асосида қабул қилинган 2 385 нафар хотин-қиз давлат гранти асосида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, мазкур ўқув йилида 5 991 нафар талаба-қиз учун 60,3 млрд сўм маблағ давлат бюджети ҳисобидан ажратилди.
Олий таълимдан кейинги босқичда ҳам хотин-қизларнинг фаоллиги ортиб бормоқда. Ҳозирда стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётган тадқиқотчилар 11 092 нафарни ташкил этса, уларнинг 5 831 нафари (52%) хотин-қизлардир. Шунингдек, ҳар йили эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бўлган 2 000 нафар хотин-қиз давлат гранти асосида олийгоҳларга ўқишга қабул қилинади. Бу орқали бугунга қадар 7 000 га яқин хотин-қизлар таълим гранти имкониятидан фойдаланди. Иқтидорли хотин-қизларнинг хорижда малака оширишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024-йилда 105 нафар ёш олиманинг илмий стажировкаси молиялаштирилди. Улар Буюк Британия, Туркия, Россия, Венгрия, Беларус, Италия, Испания, АҚШ, Хитой ва бошқа мамлакатларда тажриба орттириб қайтишди. Бугунги кунда олима аёллар раҳбарлигида умумий қиймати 82,6 млрд сўмлик 101 та илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг 25,5 млрд сўмлик 68 та стартап лойиҳалари молиялаштирилди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, илм-фан ва инновация соҳаларида ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш тадбирлари, ажратилаётган маблағлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида минглаб қизлар ўз орзуларига эришмоқда, илм-фан ва ишлаб чиқаришда муваффақият қозонмоқда.
Бугунги кунда хотин-қизлар ўзининг билим ва тажрибаси, профессионал малакаси ва маҳорати ҳисобидан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келмоқда. Хусусан, Фарғона политехника институтида уларнинг ўрни беқиёс. Жамоамизда 441 нафар хотин-қизлар фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, уларнинг 3 нафарини раҳбар аёллар, 148 нафарини эса профессор-ўқитувчилар, 290 нафарини ишчи ходимлар ташкил қилади. Хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси, доцент Нодирахон Усмонова раҳбарлигида 44 нафар олима аёллар фаолият олиб бормоқдалар. Янги ўқув йилидан аёл профессор ўқитувчилардан ташкил топган “Аёл профессор-ўқитувчилар илмий тадқиқот ва инновация гуруҳи” фаолият юритиб келмоқда. Ушбу гуруҳда институт 7 та факултетидан 50 нафар аёл профессор-ўқитувчилар маҳаллий ва хорижий лойиҳаларда хотин-қизлар иштирокини ошириш бўйича самарали фаолият юритиб келмоқда.
Жорий ўқув йилидан институт талаба-қизлардан иборат “Муҳандис қизлар” гуруҳи ташкил этилди. Бу гуруҳда талабалар иқтидори ва истеъдодини шакллантиришга мўлжалланган 6 та йўналишда координатор қизлар талабаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шунингдек, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиш мақсадида, ташкил этилган “Хотин-қизлар маслаҳат маркази” самарали ишлаб келмоқда.
“Мўтабар аёл” ва “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони соҳибаси, профессор Саодат Мирсалимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Анора Қосимохунова, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги 30 йиллиги” ва “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари соҳибаси Эркиной Ражабова, “Мўтабар аёл” ва “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари соҳибаси Лолахон Мамадалиева, Эльнора Мўминова каби фан докторлари устоз-шогирд анъаналарини давом эттирган ҳолда барчага ибрат ва намуна бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, институтимизда ҳозирда 44 нафар фан номзодлари, фалсафа докторлари илмий изланишларини давом эттирмоқда. 2024-2025 йиллар давомида аёлларимиздан 1 нафар фан доктори, 5 нафар фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлгани ҳам уларнинг доимий изланишда эканлигидан далолатдир.
Институтимизда таҳсил олувчи талаба-қизларимиз орасида истеъдодлилари жуда кўп. Талаба-қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофотини кетма кет 4 маротаба қўлга киритганлиги бу нуфузли жамоамиз меҳнатининг самарали натижаси, десам асло муболаға бўлмайди. Шунингдек, 13 нафар талаба-қизлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Президент ва номли стипендиялари соҳибаси бўлди.
Юртимизда ҳар бир аёлнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитлар, имкониятлар яратилаётгани хотин-қизларга бўлган юксак эътиборнинг ифодасидир.
Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори.
Ҳамкорлик материали