баннер
26 апр 2025
04:47

    Юртимиз аёлларига кўз тегмасин!

    Ҳеч бир жойда ўзбекистонлик аёлларга етадигани йўқ. Қайси миллат вакиласи бўлишидан қатъи назар, энг фариштали, самимий, садоқатли ва гўзал аёлларга бой мамлакат — Ўзбекистон!

    Ижодий фаолиятим бошланганига ҳам 60 йил бўляпти. Бу вақтда «Ялла» ансамбли билан дунёнинг ҳамма ҳудудида бўлдим. Биз бормаган давлатларни санасангиз, бармоғингиз ортиб қолади. Бу гапни мақтаниш учун айтмаяпман. Демоқчи бўлганим шуки, ҳеч бир жойда ўзбекистонлик аёлларга етадигани йўқ. Қайси миллат вакиласи бўлишидан қатъи назар, энг фариштали, самимий, садоқатли ва гўзал аёлларга бой мамлакат — Ўзбекистон!

    Аёллар азалдан Шарқда алоҳида ­эъзозланган, қадрланган. Шоирлар улар таърифида ашъорлар битган, шоҳлар эса аёл шаъни ҳимояси учун ўзаро жанг­га кирган. Уларга атаб обидалар бунёд этилган, ҳофизлар мадҳ этиб, қўшиқ куйлаган, куй яратган. Каминанинг ижодида ҳам она, аёл, муҳаб­бат ва садоқат мавзулари салмоқли ўрин тутади. Қўшиқларимиз орқали ўз ҳурматимизни изҳор қилишдан ҳеч қачон чарчамаганмиз.

    Аёл деганда ҳар биримизнинг кўз олдимизда, энг аввало, оналаримиз намоён бўлади. Она — ҳаётдаги ҳақиқий ­йўлбошчи, инсоннинг биринчи устози ва ёрдамчиси. Унинг муҳаббати чексиз, бағрикенг ва меҳри ҳаддан ташқари мукаммал. Она — фарзандининг биринчи дўсти, ёлғизликдаги ҳамроҳи ва қийинчиликда қувват манбаи. Унинг ҳимояси ва сабри ҳар қандай оғирликни енгишга ёрдам беради.

    Онам Шоиста Саидова мусиқали драма театрида фаолият юритган, таниқли хонанда эди. Оиламизда ажо­йиб муҳит ҳукм сурган. Биз — ака-ука, опа-сингиллар аҳил-иноқ бўлганмиз. «Фарзандларим, биздан кейин ҳам шу фазилатингизни сақлаб қолинг», дея кўп насиҳат қиларди онам. Эски шаҳарда — ҳамма бир жамоа бўлиб, мулоқот қилиб яшайдиган, шодликни ҳам, қайғуни ҳам бўлишадиган жойда улғайдим. Ҳаётда эга бўлган барча яхши жиҳатларни ота уйида олдим. Хонадонимизда ўз даврининг илғор зиёлилари, санъаткору олимлар, давлат арбоблари кўп меҳмон бўларди. Уларни кутиб олиш, ош-нонига қараш, мезбонликни жойига қўйиш онамнинг зиммасида эди.

    Вақти келса, онам эркаклар вазифасини ҳам бажарган, қаттиққўл — бадиий кенгаш раҳбари каби эди. Ҳамма нарса назоратида бўлган. Ахир олти фарзандни вояга етказиш ўзи бўладиган иш эмас. У тўғрисўз, дангал, риёкорлик нималигини билмайдиган, ўйлаганини одамнинг юзига айтадиган аёл эди.

    Ўтган йили пойтахтимизда миллий эстрада санъати асосчиси Ботир ­Зокиров ҳайкали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда давлатимиз раҳбари иштирок этиб, 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган, 30 йил оғир дард билан курашган ва шу ҳолатда ҳам куйлашдан, ҳаётни мадҳ этишдан тўхтамаган метин иродали санъаткор хотираси абадиятга муҳрлангани билан санъатсевар халқимизни табриклади.

    Мен ўша дамда онам ҳақида ўйладим. Акам Ботир Зокиров ва онам Шоиста Саидованинг руҳи шодланаётганини ҳис қилдим. Ахир пойтахтимизнинг қоқ марказида, Ботир Зокиров кўчаси юзида, консерватория рўпарасида акамнинг ҳайкали ўрнатилди. Консерватория ҳузурида унинг номидаги институт очилиши эса тарихий ҳодиса бўлди.

    Гўзаллик нафақат ташқи кўринишда, балки инсоннинг юраги, ақли ва руҳида ҳам мавжуд. Гўзаллик сири, энг аввало, инсоннинг ўзлиги, ҳаққонийлиги ва муҳаббатида мужассам. Она нафақат фарзандига, балки бутун оилага беғараз муҳаббат, ғамхўрлик кўрсатиши, меҳри, фарзандларига ҳурмати ва самимияти дунё­даги энг қадрли ва гўзал туйғулардан бири эканини онам тимсолида кўрганман. Бу меҳр, инсонларга ҳурмат оламга нур бағишлайди, ўзидаги куч ва сабр билан бутун оила ва жамиятга ижобий таъсир кўрсатади.

    Мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичида аёллар улуғланиб, ҳуқуқларини таъминлаш, ғоя ва мақсадлари амалга ошиши, жамиятда чинакам бахт­ли яшаши учун муносиб шароит яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

    Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлагани, муҳтарама аёлларимиз, азму шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши бугунги сиёсатнинг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

    Аёллари қадрланган халқнинг эртанги кунидан кўнгли тўқ. Бугун хотин-қизларга ҳурматни ҳар жабҳада кўряпмиз. Юқорида айтганимдек, ўзбек аёллари дунёда тенгсиз эканига қайта-қайта амин бўлганман. Шундай экан, улардаги сами­мият, гўзаллик, муҳаббат ва садоқатга ҳеч қачон кўз тегмасин!

    Фаррух ЗОКИРОВ,

    Ўзбекистон халқ артисти,

    «Ялла» ансамбли раҳбари

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech