баннер
21 апр 2025
12:08

    Кўклам туҳфаси — юксак эътибор янгича ижодкорликка ундайди

    Ҳар гал баҳор нафасидан қалбан ижодга ошуфталикни, санъатнинг сеҳрини чуқур ҳис қиламан. Бу галги кўклам эса ўзим кутмаган катта туҳфа билан ҳаётимга кириб келди. Фикру хаёлим концерт дастурини муваффақиятли ўтказиб олишда эди.

    Тўғриси, шундай вақтда юксак мукофот билан тақдирланишим ҳақида ўйламаган эдим.

    Шунинг учунми, давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан қаттиқ ҳаяжонландим. Концертдан олдин бу хушхабарни саҳнада эшитдим ва овозимда кучли титроқ турди. Аслида, шу ёшда концерт бериш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Мухлислар концерт сўнгига қадар олқишлаб туриши ҳам санъат аҳли учун жуда катта бахт. Шулар сабаб шукрона ҳисси, севинч кўз ёши ич-ичимдан тошиб келаётган эди. Кутилмаган хушхабар уларни юзага чиқариб юборди. Тўғри, кўплаб мукофотларга, эътирофларга сазовор бўлганман. Лекин уларнинг барчаси бир тараф, кўп сонли халқ орасида “Буюк хизматлари учун” орденига эришиш бир тараф бўлди. Бу мен учун яна бир синов, яна бир довон. Яъни билдирилган ишончни оқлаш масъулияти. Яратган умр берса, бунга муносиб жавоб беришга ҳаракат қиламан.

    “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” унвонларини олганимда “кўп санъаткорлар унвонга эришса бўлди, ижодни тўхтатиб қўяди” дегандай гаплар ўзимга ҳам айтилган, ОАВларда ҳам ёзилган. Ўшанда “Мен ижодимни энди бошладим, тўхтайдиган одам эмасман”, деб жавоб берган эдим. Хайриятки, шу пайтгача жонли ижрода бемалол куйлаш бахтидан айро бўлмадим. Чунки ҳар битта мукофот, ҳар бир эътибор янги куч, янги ғайрат бағишлайди. Шунинг учун бундай қўлловни, ишончни сира суиистеъмол қилиб бўлмайди. Сидқидилдан элга хизмат қилаётган инсонларни эъзозлашнинг амалдаги ифодаси бу. Шу маънода, умримнинг охирига қадар ўзбек санъатини кўтаришга, халқимиз номини улуғлашга хизмат қиламан.

    Қарийб 30 йилдан буён концерт бериб келаётган бўлсам, зал тўлмай қолган, томошабинлар чиқиб кетган ҳолат бўлмаганига шукрона айтаман. Ижодий жамоамиз билан ҳар бир репертуаримизни имкон қадар ­янгилаб, бойитишга ҳаракат қилиб келяпмиз. Бу сафар ҳам 20 га яқин янги қўшиқ ижро этилди. Бироқ мухлислар ­“Дилором”ни айтмагунимча қўймади. Хурсанд бўлдим. Неча йил аввалги қўшиқларингиз бугун ҳам яшаса, томошабин сўраб турса, бундан ортиқ бахт борми? Ваҳоланки, бугун ҳар ким суйган ошини ичади. Биров бировни мажбурлайдиган замон эмас.

    Давр ўзгаряпти, ҳаёт жадаллашди. Шунга қараб янги Ўзбекистон ҳам баланд марраларни олиб, дадил одимламоқда. Давлатимиз раҳбари бутун бир йил номини атроф-муҳитни ободонлаштириш, табиатни асрашга бағишлади. Насиб қилса, йил номи ҳақидаги қарор, дастур ижроси сабаб юртимиз янада гўзаллашади, кўчаларимиз яшилланади.

    Одамлар ҳам шунга қараб интилиши, юксак маданиятли бўлиши, янгича турмуш тарзига мослашиши, янгича ишлаши керак. Зеро, ишлаган одам сира четда қолиб кетаётгани йўқ. Шунча ўй-ташвиш, давлат ишларидан ортиб, Президентимиз биз каби ижодкорларни кузатиб, муносиб тақдирлаётгани таҳсинга лойиқ.

    Айниқса, маданият ва санъатга ҳар қачонгидан катта эътибор берилаётганидан биз, соҳа вакиллари чексиз миннатдормиз. Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ёш санъаткорлар, ижодкорларга қаратилган эътибор самарасини бугун яққол кўриб турибмиз. Бундай ишлар соҳада бўлмаган эди. Ёш санъаткорлар, маданият ходимлари уйли-жойли, қўшимча ишли бўламан деган эзгу ният билан меҳнат қиляпти. Зеро, соҳадаги ишлар, ҳуқуқий ҳужжатлар уларда эртанги кунга ишонч уйғотяпти.

    Биз, катта авлод вакиллари эса неча йиллик бой тажрибамиздан келиб чиқиб шакллантирадиганимиз — “Маҳорат мактаби” орқали кўплаб умидли ёшлар келажагида муҳим ўрин тутишимизни ҳис қилишимиз даркор. Саҳна табарруклигини, уни чин дилдан севиш, санъаткор ўз маданиятига эга бўлиши керак эканини ёшларга сингдиришдан кўп манфаат топамиз. Чунки устоз кўрмаган айрим ёшлар санъат оламида миллийлигимиз, қадриятларимизга ёт хатти-ҳаракатлар қилиб турган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Санъаткор этикасига риоя этиш, ўз устимизда ишлаш, изланишдан тўхтамаслик билангина уларга намуна бўлишимиз мумкин. Шу боис, мукофотни олган куним катта саҳнада туриб ваъда бердим: санъатсевар халқимизга бетакрор қўшиқлар тақдим этиш йўлида бундан буён ҳам ўз куч-ғайратимни аямайман. Насиб қилса, ватан, меҳру садоқат, инсонийлик, ­гўзалликни тараннум этадиган қўшиқлар яратаман.

    Ғуломжон ЁҚУБОВ,

    Ўзбекистон халқ артисти,

    «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби

    Телеграм каналимиз
    Text to speech