баннер
21 апр 2025
22:01

    Хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш адолат ва барқарорлик йўлидир

    Бугун миллий давлатчилигимиз тарихий тажрибаси асосида цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий-маданий меросини ўз ичига олган инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият — янги Ўзбекистон барпо этилмоқда.

    Янги тараққиёт босқичида аёл-қизлар улуғланиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ғоя ва мақсадлари амалга ошиши, жамиятда чинакам бахтли яшаши учун муносиб шароит яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу йўналишда ҳозирга қадар юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани фикримиз тасдиғидир.

    Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлаганини, муҳтарама аёлларимиз, азму шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши, бу бугунги сиёсатнинг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

    Халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузи ошмоқда

    Дастур ва лойиҳалар доирасидаги изчил саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

    Жаҳон банки таҳлилларига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда гендер тенгликка эришиш йўлидаги ислоҳотлари билан энг катта муваффақиятга эришган беш мамлакат — Иордания, Малайзия, Сьерра-Леоне ва Того қаторидан ўрин олган.

    Бу ҳаммаси эмас: “2022 йил октябрь ойидан буён Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳот амалга оширилди”, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида. Ўзбекистон рейтингда 11,9 пункт кўтарилиб, мамлакат “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплади.

    Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил балл тўплади, шунингдек, Марказий Осиёда энг яхши натижа кўрсатди”, дейилади ҳисоботда.

    Очиқ гендер маълумотлари индекси бутун дунё бўйлаб гендерга оид маълумотлар мавжудлиги ва очиқлигини баҳолайди. Open Data Watch ташкилотининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон 69,7 балл тўплаган ҳолда Очиқ гендер маълумотлари индексида жаҳондаги энг яхши 20 мамлакат орасидан жой олгани қайд этилган. Ваҳоланки, 2023 йилда Ўзбекистон 37 балл тўплаган ҳолда 56-ўринни эгаллаганди. Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг нуфузли хорижий ташкилотлар томонидан холис баҳоланиши келгусида баланд марраларни забт этишга руҳлантиради.

    Ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва парламентда гендер тенглик

    Бугун хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорлик соҳасида 45, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Бошқарув ходимлари орасида хотин-қизлар улушини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, жумладан, директорлар ва кузатув кенгашлари таркибини шакллантиришга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

    Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари депутатларининг 32,6 фоизи аёллардан иборат.

    Бу эса мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий майдонида хотин-қизларга ишонч юқори экани, бу борада яратилаётган имкониятлар самара бераётганининг ёрқин ифодасидир. Янги депутатлар орасида аёллар ва ёшлар улуши тарихий аҳамиятга эга бўлиб, халқ вакилларининг 57 нафарини аёллар ташкил этгани минтақа учун энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг гендер тенглик борасидаги ишлари ҳақиқий янгиланиш ва жаҳон миқёсида тан олинишининг тасдиғидир.

    Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда (IPU Parline) Ўзбекистон парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича жаҳондаги 193 давлат орасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилгани давлатимизнинг демократия ва гендер тенглик соҳасидаги катта ютуқларидан далолат беради.

    Янги Ўзбекистоннинг келажаги янада барқарор ва тенгликка асосланган бўлиши учун вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг бошқарувдаги иштирокини ошириш амалиёти давом этади.

    Таълим билан қамров кўрсаткичлари

    Мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши ва касбий кўникмалар орттиришига ҳар томонлама кўмаклашиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биринчидан, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга умумий квотанинг 4 фоизи миқдорида (2 мингта ўрин) грант ажратилиб, талабгорлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномаси билан давлат гранти асосида имтиёзли ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилган эди.

    Шу асосда 2020-2024 йилларда эҳтиёжманд 8653 хотин-қиз олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

    Иккинчидан, 5 йиллик меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли бўлмаган 500 хотин-қизга қўмита томонидан тавсияномалар бериш тизими орқали хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилди. Бу тизим асосида 2022-2024 йилларда 1256 хотин-қиз олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.

    Учинчидан, 2021 йилдан бошлаб муҳтож ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълимдаги контракт тўловини қоплаб бериш тартиби йўлга қўйилди. 2021-2024 йилларда 6000 га яқин талаба хотин-қизнинг контракт тўлови маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қопланди.

    Тўртинчидан, давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўлови қоплаб берилиши тизими жорий қилиниши ҳисобига 2022-2024 йилларда 15 мингдан зиёд магистрант қизнинг контракт суммаси тўлаб берилди.

    Бешинчидан, олий таълим муассасаси, техникум ва коллежларда кундузги таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий этилди. Ўтган қисқа муддатда 181,5 мингдан зиёд талаба хотин-қизга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити ажратилди. Натижада олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1 миллион 479 минг 384 талабанинг 52,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йилдаги 39 фоизга нисбатан сезиларли ошгани таълим имкониятлари хотин-қизларимиз ҳаётида акс этаётганини кўрсатади.

    Шунингдек, магистратура босқичида таҳсил олаётган 24 минг талабанинг 60 фоизи ёки 17 мингдан зиёди хотин-қизлардир. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 3,8 баробар ортган. 2023 йилдан бошлаб эса коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб ҳамда мутахассисликлар бўйича хотин-қизлар тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди.

    Янги иш ўринлари ва тадбиркор аёллар

    Давлатимиз раҳбари 2024 йили халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш барча масъулларнинг асосий вазифаси эканини белгилаб, бу йўналишда “фавқулодда ҳолат” эълон қилди.

    2024 йилда 889 минг 567 хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Жумладан, 284 минг 41 хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Биргина мана шу йўналишни 2017 йил билан солиштирганда ўша йили қамров бор-йўғи 4200 нафарни ташкил этганини ҳисобга олсак, қисқа муддатда бу жараён қанчалик жадаллашиб кетгани, унга эҳтиёж ва талаб ниҳоятда катта бўлганини англаш қийин эмас.

    Шунингдек, 197 минг 789 хотин-қизга 3,3 триллион сўмлик кредит ажратилди. Натижада тадбиркор аёллар улуши 2017 йилдаги 21 фоиздан 45 фоизга кўтарилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўзини ўзи банд қилиш истагидаги 43 минг 504 хотин-қизга 240 миллиард сўмлик субсидия берилди. Бундан ташқари, хотин-қизларни пиллачиликка кенг жалб қилиш учун 967 минг нафарининг ипак қурти парваришлашда бандлиги таъминланди. 2024 йилнинг ўзида 520 дан ортиқ маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази очилди.

    Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 5 та туман тажрибаси мамлакат бўйича оммалаштирилди. Жумладан, хонадонларда учтадан ортиқ даромад манбаини яратиш бўйича Сайхунобод тажрибаси, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аёллар бандлигини таъминлаш бўйича Жондор тажрибаси, аҳоли даромадини ошириш — хонадонда молиявий пакетларини жорий қилиш бўйича Нишон, Шофиркон тажрибаси, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган кооперациялар ташкил этиш бўйича Бағдод тажрибаси, каштачилик мактаби ва қўй юнгини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича Шаҳрисабз тажрибаси кенг жорий этилди.

    Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш” ягона автоматлаштирилган мониторинг ахборот платформаси ишга туширилди ҳамда тегишли тизимлар билан интеграция қилинди.

    Тадбиркор хотин-қизлар ҳамда тадбиркорлик қилиш истагидаги аёлларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида иқтисодий идоралар билан бирга мамлакатнинг барча ҳудудларида “Аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш” учрашув-мулоқотлари ташкил этилмоқда.

    Ишсиз хотин-қизлар хатлови натижаларига кўра, маҳалла, туман, шаҳар ва ҳудудларнинг 2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ­“омбор” китоби ишлаб чиқилди.

    Бундай дастурлар хотин-қизларнинг ижтимоий ролини мустаҳкамлаб, уларни бизнес ва ишлаб чиқариш жараёнига фаол жалб этишга хизмат қилади. Зеро, ҳар бир аёлнинг ҳаётидаги кичик қадамлар бутун бошли мамлакат тараққиётига элтувчи катта ислоҳотларга айланади.

    “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш борасида “Оилалар мустаҳкамлиги учун барчамиз масъулмиз”, “Фаровон оила — келажак пойдевори” тамойиллари асосида оилавий, миллий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича концептуал вазифалар белгилаб берилган.

    Оила қадрияти ҳар қандай халқ, давлатнинг асосий кучи ва ижтимоий-маърифий қудрати тимсолидир. Оилалари мустаҳкам ва тотув бўлган юрт тараққий этади, фаровон бўлади, одамийлик, умуминсоний фазилатлар ва юксак қадриятлар гуллаб-яшнайди.

    Бизнинг оилаларимиз ўзига хос миллий мезон ва бебаҳо инсоний меросларни мужассам этган қадрият масканидир. Шу боис, оилани асраш бутун миллатни, ундаги жами маърифий қирралар, мезонларни асраш, деганидир.

    Бугун мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш деб аталаётган улкан ўзгаришлар даври кечмоқда. Янги маънавий макон яратиш, янги Ўзбекистоннинг ахлоқий қиёфаси ривожида оила ва никоҳ муносабатларининг ўрни ҳар қачонгидан муҳим.

    Инсонга одамийлик, яхши хулқ, таълим-тарбия ва умуман, ижобий хислатларни ўргатувчи мактаб оиладир. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Демак, тарбия оиладан бошланади. Биринчи тарбиячи ота-онадир. Шу боис, “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Фарзанд кўриш ёшидаги аёллар учун “Тиббий кўмак берилиши лозим бўлган хотин-қизлар билан ишлаш тартиби” жорий этилди. Унга кўра, 99 минг 976 хотин-қизга тиббий маслаҳатлар (тарғибот тадбирлари) берилди ҳамда аксариятини соғлом турмуш тарзига қайтаришга эришилди.

    “Соғлом оила — келажак пойдевори”, “Эрта ва яқин қариндошлар никоҳига қарши бирга курашамиз” рисолалари, “Репродуктив саломатлик тамойиллари” мавзусида тиббий ахборот материаллари ишлаб чиқилиб, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига етказилди. Репродуктив маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш тартиби яратилди. 337 минг 654 хотин-қиз билан индивидуал ишланди. Натижада қарийб 224 минги соғлом турмуш тарзига қайтди.

    80 мингдан зиёд спорт мусобақаси ўтказилиб, унда 2,8 миллиондан ортиқ хотин-қиз иштирок этди. Хусусан, вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари ҳамда оила аъзолари ўртасида оилавий спортни ривожлантириш мақсадида 25 та жамоада 300 дан зиёд аёл ва фарзандлари иштирокида Гимнастрада фестивали ўтказилди. 298 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ташкил этилди, 206 мингдан зиёд тарғибот материали берилди.

    Аёлларни эҳтиёжмандликдан чиқариш — устувор вазифа

    “Аёллар дафтари”га киритилган 1 миллион 237 хотин-қизнинг қарийб 995,5 минг нафарига ёрдам берилди. Уларнинг 549 мингга яқини янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилди. 36 мингга яқинига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 362,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.

    Боқувчиси йўқ, ногиронлиги ва ногирон фарзандлари бор 404,5 минг аёлга 402,8 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам берилди. Уй-жойга муҳтож, эҳтиёжманд 5891 хотин-қизнинг 432 нафари уй-жой билан таъминланди, 5459 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди. 210,5 минг хотин-қиз ва уларнинг вояга етмаган 48,5 минг фарзанди тиббий кўрикдан ўтказилди.

    Шунингдек, 180 мингдан зиёд хотин-қизга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. 2682 нафарига деҳқончилик билан шуғулланиш учун жами 725 гектар ер ажратилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган 388 хотин-қиз ва “Аёллар дафтари”дагиларнинг 150 нафар фарзанди ўқиши учун контракт тўловининг бир қисми тўлаб берилди.

    Бу каби кўрсаткич ва имкониятлар, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга самарали ёрдам беришга қаратилган. Улар турли қийинчиликларни енгиб ўтиб, янгидан ҳаётга қадам қўйиши учун давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ўзига хос рағбат ва қўллаб-қувватловдир.

    “Хавфсиз оила” тамойили амалда

    Янги Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий ва институционал база шакллантирилди.

    Мамлакатимизда “Аёлни эъзозлаш — эзгулик ва адолат мезони” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди.

    Жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасиз муҳит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси ва халқаро конвенциялар асосида Ўзбекистонда жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлаш учун комплекс ишлар бажарилмоқда.

    “Аёлни эъзозлаш — эзгулик ва адолат мезони” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди. Ўтган йилнинг ўзида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида 2 та қонун, Президентимизнинг 1 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори қабул қилинди.

    2024 йилда “Хавфсиз оила” модули орқали 156 мингдан ортиқ оиладаги низолар ҳал этилди, 74 минг 278 оила яраштирилди, 13 минг 57 хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Январь ойида 42,5 мингга яқин оиладаги низолар таҳлил қилиниб, қарийб 11 минг оиланинг муаммоларини ҳал этиш чораси кўрилди, 579 нафарига ҳимоя ордери тақдим этилди. Бу амалий ишлар жамиятда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.

    Оиланинг таълим-тарбиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва фаровонлик даражасини ошириш ҳамон жамиятимиздаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

    Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янгича ёндашув асосида олиб бориш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, психологик ёрдам бериш, мустаҳкам, тотув ва бахтли оила яратишга кўмаклашиш, оилавий низоларни ҳал этишда медиаторлик институтини ривожлантириш, тез даромад топадиган касб-ҳунар ўргатиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида жойларда “Оила ва хотин-қизлар масканлари” ташкил қилинмоқда. Жумладан, Жалақудуқ, Бағдод, Уйчи, Оқдарё, Шайхонтоҳур, Вобкент, Олот, Қоровулбозор, Бухоро, Бандихон, Қумқўрғон, Амударё, Шуманай туманларида ҳамда Оҳангарон, Олмалиқ, Когон шаҳарларида “Оила ва хотин-қизлар масканлари” очилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

    Келгусида ёшларни оилавий ҳаётга тай­ёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларга ҳуқуқий-тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида барча туманларда “Оила ва хотин-қизлар масканлари” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

    Ҳар бир хотин-қизга эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, фикр ва ғояларини амалга ошириши учун имкон бериш жамият тинч ва барқарор бўлишининг калитидир. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишидаги изчил ислоҳотлар оилалардаги маънавий, ахлоқий ва ижтимоий барқарорликни таъминлайди, пировардида юртимиз тараққиётининг асосини ташкил этади.

    Зулайҳо МАҲКАМОВА,

    Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси



    Телеграм каналимиз
    Text to speech