Унга кўра, контракт бўйича ҳарбий хизматчини командирнинг (бошлиқнинг) ихтиёрига ўтказиш ҳамда тегишли тўловларни тўлаш ҳолатлари ва муддатлари белгиланди.
Жумладан, ҳарбий хизматчига ташкилий-штат тадбирлари ўтказилиши ёки бошқа лавозимга тайинланганлиги муносабати билан лавозимдан бўшатилганда – 2 ойдан кўп бўлмаган муддатда қуйидаги тўловлар амалга оширилади:
ҳарбий унвон маоши, охирги эгаллаб турган асосий лавозими бўйича лавозим маоши, хизмат йиллари учун устама;
махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан устама (15 фоизгача);
бир йўла тўланадиган пул таъминоти, қонунчиликда белгиланган тартибда озиқ-овқат паёги учун компенсация пули ва турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси.
Шунингдек, ҳарбий хизматчи 6 ойдан кўпроқ муддатга тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малака ошириш курсларига, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига ўқишга юборилганда мазкур тўловлар ўқишнинг бутун муддати давомида сақланиб қолинади.