Ҳарбий хизматчилар улкан ёнғинни бартараф этди

    Яшил сайёра 19 июн 2020 695

    Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 17 июнь куни соат эрталаб 06:30 да Мудофаа вазирлигига қарашли Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган ҳарбий қисм навбатчисига “Сурхон давлат қўриқхонаси”да ёнғин рўй бераётгани ҳақида ҳудуддаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисм қўриқлаш бригадаси навбатчисидан хабар келиб тушди.

    Навбатчи ушбу хабарни белгиланган тартибда тезда ҳарбий қисм командири подполковник Фарҳоджон Давлатовга етказди. Ўз навбатида командир зудлик билан бу ҳақда юқори қўмондонликка маълум қилди.

    Шундан сўнг ёнғин юз бераётган ҳудудга ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари полковник Қодиржон Турсунов ва ҳарбий қисм командири подполковник Фарҳоджон Давлатов етиб боришди.

    Вазиятга аниқлик киритилгач, масъул офицерларнинг қарори билан ҳарбий қисмдан 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчи бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва анжомлари билан офатни бартараф этишга жалб қилинди.

    Шамол таъсирида ёнғин қамрови тобора кенгайиб борар, қияликлардаги дарахт ва ўсимликларни еб битирган “тилсиз ёв” энди тоғли ҳудуд бўйлаб ўрмалай бошлаган, бу эса вазиятни янада қийинлаштирар, ҳудуднинг нотекис рельефи оловни тўсишга имкон бермаётган эди. Шунда қўл кучи билан оловни бартараф этиш имконсизлигини англаган полковник Қодиржон Турсунов вертолёт авиациясини ёрдамга жалб этиш фикрига келди. Ва бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими – ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарига таклиф билдириб мурожаат қилди. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Хонобод қўрғонидаги Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмга алоқа орқали боғланиб, ўт ўчиришга 2 та Ми-8 вертолётлари жалб қилинди. Ҳарбий қисм шахсий таркиби вертолёт авиацияси билан ҳамкорликда амалга оширган чора-тадбирлари натижасида соат 15:00 да қарийб 35 гектар ерни қамраган олов тўлиқ қуршаб олинди ва ёнғиннинг кенгайиб кетиши тўхтатилди.

    Соат 19:00 да офат ҳудудининг 90 фоиз (31,5 гектар) қисмида ёнғин тўлиқ ўчирилишига эришилди.Ёнғинни ўчириш давомида 2 та вертолёт умумий 8 соат, 20 дақиқа давомида парвоз амалга ошириб, ҳар бири 10 мартадан сув сепди. Ҳарбий хизматчилар офатни бартараф этиб, қўриқхонанинг ноёб табиати куйиб кетишининг, ҳудуддаги Вандоб аҳоли яшаш пункти ёнғинда қолиш хавфининг олдини олишди.

    Ёнғин тўлиқ ўчирилганида кеч тушиб улгурган эди. Ҳудуддаги вазиятни тунда ҳам кузатиб туриш, хавф яна бош кўтармаслигини таъминлаш учун ҳарбий хизматчилардан навбатчи кузатувчилар тайинланди. Энг асосийси, ушбу улкан ҳудудни қамраб олган ёнғин туфайли ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий аҳоли орасидан жабрланганлар бўлмади.

    Айни пайтда ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

    Ёшин ҲАКИМОВ,

    подполковник Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates