Маълумки, иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида 28 апрель куни Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни нишонланади.
Ҳар йили байрам маълум бир шиор остида ўтказилади. 2024 йилда Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунининг мавзуси – «Иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига таъсири». Чунки об-ҳаво шароитидаги ўзгаришлар фаолият соҳасига, айниқса, ходимлар хавфсизлиги ва соғлиғига сезиларли таъсир кўрсатади.
Ушбу сана муносабати билан Конимех тумани Зафаробод қўрғонидаги «Янги ҳаёт» соғломлаштириш мажмуасида «Навоийуран» давлат корхонаси ва унинг таркибий бўлинмалари меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати мутахассислари иштирокида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда «Навоийуран» ДК меҳнат муҳофазаси ва барқарор ривожланиш бўйича директор С.Нурназаров, 6-бирлашган Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Д.Темиров, Бошқарма меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати мутахассислари сўзга чиқиб, корхонада меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги муаммоларига эътиборни кучайтириш, хавфсизликни таъминлаш, ишчиларнинг мавжуд ишлаб чиқариш хатарлари ва улардан ҳимояланиш йўллари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш муҳимлигини таъкидлашди. Шунингдек, барчани касб байрамлари билан табрикладилар.
Семинар доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик масалаларига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Унда «НКМК жамғармаси» ДМ Зарафшон ҳудудий бошқармасининг «Агама» тўқимачилик-трикотаж фабрикаси, «Линия защиты» компаниялар гуруҳи, Германиянинг «UVЕX» компанияси ҳамда FF-SАFЕTU-GROUP фирмаси мутахассислари ишчи-ходимлар учун тақдим қилган махсус иш кийимлари-ю шахсий ҳимоя воситаларини намойиш этди.
Яна семинар иштирокчилари учун тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўтказилган маҳорат дарслари фойдали ва қизиқарли бўлди. Бунинг натижасида улар фавқулодда ҳолатларда асосий ҳаракатларни яна бир бор машқ қилишди.
Тадбирда «Навоийуран» давлат корхонасининг таркибий бўлинмаларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратишда ўз ҳиссасини қўшгани учун ва Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан бир гуруҳ муҳандис-техник ходимларга корхона раҳбариятининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.