Ҳаво ҳарорати 3 ноябрь кунига келиб +23...+25 даражагача кўтарилади

    Ўзбекистон Республикаси бўйича ноябрь ойи бошларига оид об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

    Яқин кунларда Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат бугун, 30 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида, Тошкент вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати 3 ноябрь кунига келиб, кечаси +10...+12 даражагача, кундузи +23...+25 даражагача кўтарилади.

    4 ноябрдан шимолий ҳудудларга нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, бу ҳодиса кейинги кунларда республиканинг барча ҳудудларига таъсир этади. 4 ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 5 ноябрдан 7 ноябргача Ўзбекистоннинг катта қисмида ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда қорга айланади. 7 ноябрь кунига келиб, ҳарорат кечалари +6...+9 даража илиққача, кундузги ҳарорат +12...+17 даражагача пасайиши кутилмоқда.

    Кейинчалик ой давомида шимолий ҳудудлар бўйича ҳарорат кечалари 0...+5 илиқдан -5...-10 даража совуққача, кундуз кунлари +12...+17 даража илиқдан 0...+5 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.

    Жанубий ҳудудлар бўйича ҳаво ҳарорати кечалари +5...+10 даража илиқдан -3 даража совуқ — +2 даража илиққача, кундуз кунлари +18...+23 даража илиқдан +7...+12 даража илиққача ўзгариб туради.

    Марказий ва шарқий вилоятлар бўйича ҳарорат кечалари +2...+7 даража илиқдан -3...-8 даража совуққача, кундуз кунлари +15...+20 даража илиқдан +3...+8 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.

    Тошкент шаҳрида 31 октябрдан 3 ноябргача ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам, ҳарорат аста-секин кўтарилади ва 3 ноябрга келиб ҳарорат кечаси +9...+11 даражани, кундузи +23...+25 даражани ташкил этади.