Ҳайдар ФАРМОН: кураш – энг ҳалол ва олижаноб спорт тури

    Ҳайдар Фармон 2014 йилдан буён Халқаро кураш ассоциацияси – IKA президенти сифатида фаолият юритиб келмоқда. Айнан унинг саъй-ҳаракати билан  дунёдаги 130 дан зиёд  кураш федерациясида  бугунги кун талабларига жавоб берадиган мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар ва йўриқчилар тайёрланди. Кураш дунёда кенг ривожланмоқда ва Осиё ўйинларидан расман ўрин олди, Африка ёшлар ўйинлари дастурига киритилди.

    Яқинда Ҳайдар Фармон юртимизга ташриф буюрган эди. Фурсатдан фойдаланиб, у билан суҳбатлашдик.

    — Жаноб Ҳайдар Фармон, кураш ватани — Ўзбекистонга кўп бора ташриф буюргансиз. Суҳбатимиз муқаддимасида янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва сўнгги йиллардаги ўзгаришлар хусусидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

    — Эсимда, Ўзбекистонга биринчи ташрифим 2002 йили бўлган эди. Ўша даврдаги ва ҳозирги Ўзбекистонни солиштириш жуда қийин. Чунки биргина Тошкент шаҳрида қандай ўзгаришлар бўлаётганига ўз кўзим билан гувоҳ бўлиб турибман. Эсингизда бўлса, олдинлари хорижликлар ташриф буюриш учун жойлар жуда чекланган эди. Бугун эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ислоҳотлари натижасида юртингизда кенг қамровли, истиқболли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қайси шаҳарга бормай, жуда кўп ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўляпман.

    Ўзбекистон қадим ва бой тарихга эга юрт. Тарихий обидалар қайта тикланиб, жаҳон сайёҳларининг севимли масканларига айланиб бормоқда. Бундан ташқари, молиявий соҳага эътибор қаратадиган бўлсак, авваллари валюта айирбошлашда кўплаб қийинчиликларга дуч келар эдик. Банкка бориш, соатлаб кутиб ўтириш ёки “қора бозор”га боришга тўғри келган ҳолатлар ҳам бўлган.

    Ҳозир исталган банкоматдан пул олишимиз ёки кредит картамиздан фойдаланишимиз мумкин. Бу бошқа давлатлардан келган сайёҳлар учун ҳам жуда қулай бўлди. Яна бир мисол, халқаро турдаги кредит картадан фойдаланиш кўп давлатларда жуда қийин. Ўзбекистон эса бундан мустасно. Давлатингиз раҳбари олиб бораётган ислоҳотлар юртингиз ривожи ва равнақи учун хизмат қилиши шубҳасиз.

    Спорт соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон спорт мамлакатига айланиб бормоқда. Тошкентнинг ўзида янги замонавий олимпия шаҳри қуриляпти. Бу жуда улкан воқелик.

    Ўзбекистон аллақачон халқаро спорт тадбирларига мезбонлик қилмоқда ва бемалол айта оламанки, яна-да катта тадбирларни ўтказишга ҳам тайёр. Жумладан, 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади. Ишонаманки, бу тадбир жуда юқори савияда ўтади.

    Кураш бугун нафақат ўзбек миллатининг, балки ер юзидаги 100 дан зиёд давлат вакилларининг севимли спорт турига айланиб бўлди. Зеро, кураш билан шуғулланувчилар ва мусобақаларнинг сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Шу ўринда, бу борада амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз?

    — Дарҳақиқат, Халқаро кураш ассоциацияси ташкил этилгандан бери курашни ривожлантириш учун кўп меҳнат қилиняпти. Лекин молиявий ёрдамсиз бунга тўла эришиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг курашни қўллаб-қувватлаш борасидаги қарори бизнинг бу спорт турини қитъалараро, умуман бутун дунё бўйлаб ривожлантиришдаги фаолиятимиз учун жуда катта кўмак бўлмоқда. IKA аллақачон тўрт қитъа бўйлаб кураш мусобақалари ўтказиб келяпти. Биз бешинчи қитъа сифатида Океанияда ҳам курашни оммалаштириш дастури устида ишлаяпмиз.

    Ҳар йили дунё бўйлаб жуда кўплаб мусобақалар ташкил этилмоқда. Қитъа чемпионатларидан ташқари турли даражадаги халқаро турнирлар ва катталар, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Кураш федерацияси орқали кўрсатилаётган кўплаб ёрдамлардан IKA оиласидаги миллий федерациялар баҳраманд бўлмоқда.

    Бутун дунёда пандемия кузатилган даврда ҳам биз тўхтаб қолмадик. IKA жуда ноёб – курашни дунё бўйлаб рақамли шаклда ривожлантириш дастурларидан фойдаланди. Кураш усуллари, техникалари ягона тизим асосида “еKurash” лойиҳаси ишга туширилди. Ўйлайманки, бу кўплаб мамлакатлар курашчилари ва мураббийлари учун жуда фойдали бўлди.

    Ўзбекистон ҳукуматининг кўмаги, айниқса, Президент қарори асосида биз кураш бўйича Жаҳон серияси деб аталган мусобақа ўтказмоқдамиз. Жаҳон серияси ривожланиш дастурининг бир қисми бўлиб, биз спорт дастурини бошқа халқаро федерациялар билан бир хил даражага кўтаришимиз мумкин бўлган махсус форматдир. Умид қиламанки, бунга албатта эришамиз.

    — Маълумки, кураш нафақат Осиё ўйинлари, балки Африка ўйинлари таркибида ҳам бор ва Европа ўйинлари дастурига киритилиш арафасида. Бу борада қилинаётган ишлар ҳақидаги маълумотларингиз ва фикрларингиз ўзбекистонлик кураш мухлислари учун қизиқарли.

    — Ҳа, ҳозир кураш Осиёда яхши ривожланган, чунки бу ушбу қитъанинг спорт тури. У Осиё ўйинларининг барча дастурларида расмий спорт тури ҳисобланади. Лекин биз бошқа қитъа ўйинларига ҳам курашни расмий спорт тури сифатида киритиш ҳаракатидамиз. IKAда тўртта қитъа федерацияси мавжуд ва ҳозир улар жуда фаол ҳаракат қилишмоқда. Ассоциация уларни молиявий ёрдам билан таъминлашга ҳаракат қиляпти. Бундан ташқари, бизда ҳар йили тўртта қитъа чемпионати ўтказилади. Аммо бу биз учун етарли эмас. Кўп спорт мусобақаларини ўз ичига олган ўйинлар дастурига киритилиши курашнинг ривожида муҳим босқич ҳисобланади.

    Бу борада биринчи қадам Африкага қўйилди ва муваффақиятли бўлди. Яъни бу қитъа ёшлари ўйинлари дастурида расман иштирок этишимиз маъқулланди.

    Тез кунларда Африка миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси бошқарув кенгаши аъзолари билан учрашамиз. Биз уларга курашни батафсил таништирамиз. Умид қиламанки, уни Африка ўйинлари дастурига ҳам расмий спорт турларидан бири сифатида киритишга эришамиз.

    Европада биз фаолмиз. Аллақачон Европа кураш конфедерацияси президенти жаноб Мирабе Илиадис Европа Олимпия қўмитаси президенти жаноб Спирос Капралос билан учрашди. Унга курашни яқиндан таништирди. Мен жаноб Капралосни яхши биламан. У билан кўп бора суҳбатлашганман. Яқин вақтларда курашни Европа ўйинларининг бир қисми сифатида жорий қилишимиз мумкин. Бу борада IKA жамоаси мунтазам иш олиб бормоқда.

    Пан Америка спорт ўйинларида курашнинг иштироки борасида ҳам ўз дастурларимиз бор. Пан Америка Кураш итифоқи томонидан курашни ўйинлардаги асосий спорт турларидан бири сифатида жорий этиш мақсадида манфаатдор ташкилотлар билан алоқалар мустаҳкамланмоқда. Умид қиламанки, биз ўз мақсадимизга албатта эришамиз.

    — Шу йилнинг 28–30 апрель кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Кураш бўйича қитъа чемпионати ва World Series Pro турнири бўлиб ўтди. Шу ўринда World Series Pro турнири ҳақида гапириб берсангиз. У янги мусобақалар сериясими?

    — Тўғри айтдингиз, жорий йил апрель ойининг охирида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Кураш бўйича қитъа чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур чемпионат якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун World Series Pro турнирининг қитъа саралаш босқичи юқори савияда ташкил этилди.

    Энди 2023 йилнинг 9–13 июль кунлари Мисрнинг Қоҳира шаҳрида World Series Proнинг Африка, 20–29 август кунлари Доминикан Республикасида Пан Америка, 10–12 октябрь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида Европа саралаш босқичлари бўлиб ўтади.

    Бизнинг жамоамиз ушбу уч қитъадаги ташкилий қўмита билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Саралаш босқичларида ғолиб чиққан полвонлар ноябрь ойида мамлакатингизга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун World Series Pro финалида иштирок этади. Баҳслар 7 вазн (4 та эркаклар ва 3 та аёллар) тоифасида ўтказилади.

    Биз Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши билан ғолиблар учун пул мукофотларини таъсис этдик. Ўйлайманки, бу қадам курашнинг янада ривожланишига катта хизмат қилади. Бу билан ишлар тўхтаб қолмайди. Халқаро спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситаларида ўзбек курашини бутун дунёга кенг миқёсда танитишни мақсад қилганмиз. Умид қиламизки, курашни бутун дунё тан олади. Чунки кураш энг ҳалол ва олижаноб спорт туридир.

    — Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates