Ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқариши фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин

    Спиртли ичимлик ичиб машина бошқарсангиз ёки машинангизни биров шу ҳолатда бошқарса 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача жарима тўлашингиз мумкин.

    Сиз спиртли ичимлик ичиб машина бошқарсангиз ёки машинангизни биров шу ҳолатда бошқарса:

    7 миллион сўмдан -10 миллион сўмгача жарима;
    18 ойгача рулга ўтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш;

    15 сутка маъмурий қамоқ жазоси;
    Иш жойидан айрилиш мумкин.

    Ҳозирги кунда транспорт инфратузилмаси тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга, транспорт билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ҳам ортган. Улардан бири транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришдир.

    Энди ўйлаб кўрайлик, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш бизга қанчалик зарар?

    Агар ҳайдовчи транспорт воситасини алкоголли ичимлик, гиёванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарса, у камида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойга ва базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари (ҳозирда 6 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима тўлашига олиб келиши мумкин. Бу суммага ҳали транспорт воситасини жарима майдончасига қўйилгани учун белгиланган жарима суммаси ҳам қўшилади. Демак, транспортни маст ҳолда бошқариш камида 7 миллион сўмга яқин зарар билан бирга камида 18 ойгача рулга ўтириш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

    Транспортни маст ҳолда транспорт ҳуқуқига эга бўлмаган (“права”сиз) фуқаро бошқарса-чи?

    Транспорт воситасини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс бошқарса, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида (ҳозирда 10 миллион 800 минг сўм) жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Демак, фуқаро бундай ҳолда салкам 11 миллион сўм тўлайди ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини олади. Фуқаро маъмурий қамоқ даврида ўз иш жойидан айрилиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

    Агар сиз маст ҳайдовчига ўз транспорт воситангизни бошқаришга топширсангиз нима бўлади?

    Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида (ҳозирда 10 миллион 800 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

    Юртимизда маст ҳолда транспорт воситаларини бошқарганлик учун бундай жазолар белгиланганлигининг сабаби, ушбу ҳуқуқбузарликнинг оқибатида жамиятга етказилиши мумкин бўлган зарарни камайтириш ҳисобланади. Чунки фуқаро маст ҳолда транспорт воситасини бошқариши оғир оқибатларга, ҳаттоки, фуқароларнинг ўлимига ҳам олиб келаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз (бу эса, жиноий жавобгарликка олиб келади). Шу боисдан, ҳайдовчиларни мастликка етакловчи ичимликларни истеъмол қилган ҳолда транспорт бошқармасликка чақирамиз.

    Саламат Туремуратов,
    “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates