Ҳайвонлар шоҳининг ҳомийси

    Биласизми? 11 ноябр 2021 3260

    Ҳаммани шоширган шов-шув — «Паркентдаги оила хонадонида 3та шер боқяпти, ким назорат қилади?» – сарлавҳали мақола ижтимоий тармоқларда жуда тез тарқалди.

    Бу ҳолатга ҳар ким ўзича баҳо берди, албатта. Ҳеч қандай ҳужжатларсиз аҳоли яшаш жойида йиртқичлар боқилаётгани, уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани айтилган хабарлар кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Маълум бўлишича барча ҳужжатлар бор, шерлар учун шароитлар яратилган...

    Тадбиркорни тинглаётган ҳоким

    Ҳеч хаёлимдан кетмайди, уй шароитида шер боқиш мумкинми? Бунинг устига 3та этхўрни?

    Шов-шув кўтарилган куннинг эртасига Паркент туман ҳокими қабулида иштирок этдим. Туман ҳокими Шоҳрух Шоаҳмедов, тадбиркор билан самимий мулоқот қилди. Маълум бўлишича, ҳоким ижтимоий тармоқларда хабар тарқалган куннинг ўзидаёқ ўша хонадонга борган, шерларни ўз кўзи билан кўрган, ҳолат билан яқиндан танишган. Тадбиркор ҳайвонларни сақлаш учун тегишли ҳужжатларни кўрсатиб, шердан бошқа яна буғу, тулки, бўри ҳатто қўшни давлатлардан халқаро «Қизил китоб»га киритилган айиқлар, гепард, жирафа каби ўнлаб ҳайвонларни сотиб олгани, ҳозирда Республикамизнинг турли жойларида сақланаётганини айтганида, ҳайратланди. Ҳоким ҳам шундай ташаббусни кутган чоғи, тадбиркорнинг Паркент туманида ҳайвонот боғи очишни режалаштираётгани, нияти жиддийлигини, қатъиятини кўриб, йигирмага яқин шерларни сақлаб сайёҳлар учун «Сафари» ташкил этиш лойиҳасини қизғин муҳокама қилди.

    Шерга ишқибоз доцент

    Ҳикматилла ака оддий, самимий инсон экан. «Паркент тонги» таҳририятига таклиф қилганимизда, улар бажонидил рози бўлдилар. Кичик жуссали шер боқувчига жамоамиз аъзолари ҳам ҳайрат билан тикилдилар. Ахир нақ ҳайвонлар шоҳини қўлга ўргатиш, юрак ютиб қафасга қадам босиш, шерни эркалашни, кўз олдига келтириш, ишониш қийин, албатта.

    Ҳикматилла Аҳмедов — доцент, тарих музейида илмий ходим эканини, бир неча йиллар ҳайвонот боғида ишлайди экан. У киши бизни уйига таклиф қилди: «Яхшиси уйга бориб кўринглар, ўзингиз кўриб, билиб олаверасиз!».

    Таклифга рози бўлдик ва эрта тонгдан йиғилиб жўнашни режалаштирдик.

    Шер қафасдан чиқсая?

    Манзилимизга етиб борганимизда соат 9 бўлаётганди. Ҳикматилла акага қўнғироқ қилиб йўлни сўраб бордик. Одамлар яшайдиган манзилдан четроқда, қуриб кетганига неча асрлар бўлган эски сой йўлидан ўтиб борарканмиз, «бориб суратга олаётганимизда шер қафасдан чиқиб кетсая», деган хаёлдан анча хавотирланганимиз рост.

    Шерлар парваришланаётган уйга қадам қўярканмиз, итлар кўплиги эътиборимни тортди.

    Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ёдимга тушди, ёзилишича шерларга итларни гўшти берилар эмиш. Бўлмаган гап! — дедим ўзимга ўзим. Итлар бу жойларни макон қилибдими, демак, бу ерда уларга яхши қарашади. Муҳарриримиз ҳам ичимдаги саволни дангал Ҳикматилла акага айтди – қўйди. Улар эса ёввойи итларни парваришлаш учун махсус рухсатномаси борлигини батафсил тушунтириб берди. Афтидан у киши ижтимоий тармоқдаги хабарлардан ранжиган.

    — Шерлар этхўр бўлгани билан ит гўштини еганини эшитмаганман, — дейди

    Ҳикматилла ака. Ижтимоий тармоқдаги гаплар ёлғон, биз шерларни махсус озуқалар билан боқамиз. Ҳар хил витаминлар, қуён, товуқ гўшти ейди. Кунига 15 килограмм гўшт, тухум берамиз. Шунинг учун шерлар соғлом, вазни ҳам меъёридан аълороқ.

    Йўлакда бир қарашда кучукдек келадиган шер боласини кўриб, ҳайратим ичимга сиғмади. Икки ойлик шер боласи бизни кутиб оларкан, кўпчилик бўлганимиз ёқмадими, бегонасирадими, каттагина ханжар тишларини кўрсатиб хириллади.

    Ёввойи табассум

    Шер боласига маҳлиё бўлиб шерлар сақланадиган қафас яқинига бориб қолганимни сезмабман. Қафас ичида икки катта мушуксимон махлуқ кўзларини лўқ қилиб термиларди. Пахмоқ бошли улкан мушукни яшил кўзлари, кўзлари ичидаги йиртқичларга хос нуқтадек қорачиғи менга сира ёқмади. Бу кўзларга қараш учун яқинроқ бориш керак, шерга яқин бориш эса ўлим демакдир. Жамоамиз билан шерларни томоша қила бошладик. Ҳикматилла ака қафасга яқин бормаслигимизни, мода шер безовталанаётганини айтиб огоҳлантирди. Ўзи эса қафасдан қўлини тутиб шерларни тинчлантиришга уринарди. Шерлар ҳам атай қилгандек, бири тинчланса, бири наъра тортиб, ёввойи табассум қиларди.

    Мухбирга ҳужум

    Ўзаро шерларни муҳокама қила бошладик, эркаги ювошроқ, модаси баджаҳл экан. Табиатан шундай бўлса керак, ахир шерлар оиласида она шерлар ов қилади.

    Шу вақт кутилмаганда қафас яқинида шерларга термилиб турган Шуҳрат акага мода шер ташланиб қолди. Бу лаҳзалар ичида содир бўлди-ки, кутилмаган бу ҳаракатдан чўчиб кетдик.

    Четдан қарасангиз она шер бор бўй-басти билан устозимизга ташланган, уни мақсадидан темир панжаралар айирган эди холос. Улар йиртқич эканлигини, тинч туришига ишониб бўлмаслигини билганимиз ҳолда, шерларни ҳатто суратга олиш учун ҳам қафасга яқин боролмай қолдик. Ахир шерлар ўз характерини намойиш этиб бўлди, қонхўр махлуқлардан бошқа нимани кутиш мумкин? Биз мустаҳкамлигига шубҳа қилган қафас, жонимизга оро кирди.

    Ҳайвонот боғи очишга шаймиз

    Ҳикматилла ака шерларни аввалдан парваришлаб келгани учун, шерлар исидан таниб, оила аъзосидек қабул қилиб, у кишига ҳужум қилмас экан. Шерлар билан бамайлихотир гаплашаётган, уларни ўйнатиб, ёлини силаётган Ҳикматилла ака, аёли ва уч нафар болалари, мисоли мушук парваришлаётгандек шерларни эркалатарди.

    — Келгусида ҳайвонот боғи очиб, шерларни шу ерда кўпайтириб, уларни генетикаси билан шуғулланиб, янги тур олишни ният қиляпман, — дейди Ҳикматилла Аҳмедов. — Ҳайвонот боғи барпо қилсак, ноёб турдаги ҳайвонларни, ҳатто судралиб юрувчилар оиласига кирувчи питон, кобра, анаконда каби илонлар, бундан ташқари ҳашаротлар, ўтхўрлар, қушлар синфига кирувчи барча жонзотларни олиб келамиз. Ҳозир улар мамлакатимиз чегарасида махсус контейнерларда сақланяпти. Паркент туман ҳокими ер масаласида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Асосийси фаолиятимизни қўллаб-қувватловчи ана шундай мутасаддилар борлиги. Паркентда «Сафари» боғи очиб, туризмни янада ривожлантирмоқчимиз, аҳолини ҳам иш билан таъминлашни ният қилганмиз. Энг муҳими, бундай боғ Марказий Осиёда биринчи бўлади. Жой масаласи ҳал бўлса, тез кунда ҳайвонот боғи қуриш ишларни бошлаб юборамиз!

    Ҳайвонлар шоҳининг ҳомийсининг сўзларини мароқ билан тинглар эканмиз, инсон орзуси, иродасининг кучи нафақат ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатишга, балки, халққа нафи тегадиган ажойиб ғояларни амалга оширишига яна бир бор амин бўлдик.

    Достонбек Шарипов,

    «Паркент тонги» мухбири.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates