Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама этилди

    Ижтимоий ҳаёт 28 апрел 2022 1989

    2022 йил 27 апрелда Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Т.Нарбаева олиб борди.

    Мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарларининг ҳудуд ва тармоқларда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

    Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 4 февралда қабул қилинган СҚ-478–IV-сонли Қарорига асосан ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар устидан тизимли парламент назорати йўлга қўйилган.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси бўйича доимий мониторинг юритиш мақсадида Республика штаби фаолияти йўлга қўйилди.

    Жорий йилнинг январь-март ойларида аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ жалб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

    Хусусан, ишсиз ва чет элда ишлаб қайтиб келган 72,8 минг фуқаронинг мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашиши таъминланган.

    Банд қилиб қўйилган иш ўринларига ижтимоий муҳофазага муҳтож 9,5 минг фуқаро ишга жойлаштирилган.

    «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» доирасида 13,2 минг фуқарога 31,6 миллиард сўм субсидия ажратилиб, ўзини ўзи банд қилиш орқали уларнинг бандлиги таъминланган.

    Маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари тавсияларига асосан 30,7 минг фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган.

    Шу билан бирга, айрим соҳа ва ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилгани ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани ҳам қайд этилди.

    Хусусан, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида янги иш ўринларини яратишнинг прогноз параметрлари ва уларнинг ҳар ойлик ижроси халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинмаган.

    Вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этиладиган янги иш ўринларининг манзилли рўйхатларини шакллантириш тўлиқ охиригача етказилмаган.

    Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича электрон аукцион савдолари юзасидан етарли равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаганлиги сабабли уларнинг аксарияти кутилган натижа бермаган.

    Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги умумий овқатланиш корхоналарида ўтказилган сўровнома натижалари кўрсатганидек, мазкур соҳада ишловчи ходимларнинг қарийб 55 фоизи норасмий банд бўлганлардир. Шу сабабли шу каби янги иш ўринлари солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.

    Туризм ва у билан боғлиқ хизмат кўрсатиш лойиҳалари доирасида ташкил этилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида ҳудудий инвестиция дастури лойиҳаларида ҳам такроран кўрсатилган.

    Меҳнат ярмаркаларида корхона ва ташкилотлар етарли миқдордаги бўш иш ўринлари билан иштирок этган бўлсада, ишсиз фуқароларни ярмаркаларга жалб қилиш, уларни таклиф этилган иш ўринларига жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.

    Сенаторлар ушбу камчиликларни бартараф этиш ва бу борада амалга оширилаётган ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади ҳамда бир қатор топшириқлар берилди.

    Мажлисда муҳокама этилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates