Ижодий ҳамкорликнинг янги босқичи

    Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ўртасида Англашув Меморандуми имзоланди.

    Сўнгги йилларда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти бўлган оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ўртасида Англашув Меморандуми имзолашга бағишланган тадбир ташкил этилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, ОАВ ходимлари ҳамда Академия ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.

    Таъкидлаш жоизки, 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илк бор бакалавриатнинг кундузги ҳамда сиртқи таълим шаклларига “Журналистика (халқаро журналистика)” ҳамда магистратура босқичининг “Журналистика (интернет журналистика)” йўналишига қабул эълон қилинди. Шунинг ўзи ҳам бугунги кунда мазкур соҳа вакилларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

    – Сўнгги йилларда юртимизда сўз эркинлигига бўлган эътибор янги даражага кўтарилди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. – ОАВ демократик қадриятларни қарор топтириш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш, янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини шакллантиришда муҳим рол ўйнамоқда. Академиямиз учун таълимнинг янги йўналиши диний-маърифий мавзуларда мукаммал мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлай оладиган етук мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилишига ишонамиз.

    Ўз навбатида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бўлажак журналист кадрларга соҳа сирларини ўзлаштиришлари, етук кадр ва мутахассис бўлиб етишишлари йўлида уюшма амалий ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди.

    Меморандум имзоланганидан сўнг юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёш авлоднинг баркамол вояга етиши, халқаро стандартлар асосида таълим олиши, илм-фан, касб-ҳунар чўққиларини эгаллаши ҳамда халқимиз маънавий-маърифий юксалиши борасидаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка самарали етказишда Академия билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган ОАВ ходимларидан бир гуруҳи байрам муносабати билан рағбатлантирилди.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates