баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ижро интизоми — ислоҳотларни амалга оширишда асосий ҳаракатлантирувчи куч

    Жорий йилнинг биринчи чорагида жами 1429 та, шундан 614 та ёзма, 720 та электрон, 95 та оғзаки мурожаатлар келиб тушди.

    Сўнгги беш йилда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида улкан ўзгаришлар рўй берди. Шу билан бирга, Бош қомусимизда инсон манфаатларини тўлақонли таъминлашга қаратилган норма ва қоидалар давлат сиёсатининг негизини ташкил этди.

    Президентимизнинг: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган ғоя ва ташаббуслари, бошқарув органлари ҳамда ижро тизими маъмуриятига катта масъулият юклади. Халқ билан очиқ мулоқот йўлга қўйилиб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги институти шаклланиб улгурди.

    Фуқароларнинг давлат раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари натижасида йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларнинг аксарияти бартараф этилди, давлат дастурларига киритиш орқали бошқа муаммоларнинг ечими назоратга олинди.

    Бир сўз билан айтганда, муаммоларнинг ҳажми, бартараф этиш йўллари, зарур бўладиган маблағ миқдори ва муддатлари бўйича аниқ маълумотлар базаси шаклланди. Муҳими, ҳар қайси бўғиндаги раҳбар фаолиятига одамларнинг розилигидан, мурожаатларга бўлган муносабатидан келиб чиқиб баҳо берила бошлади. Айни жараёнда ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш учун соат механизмидек аниқ ишловчи ижро тизимига эҳтиёж юзага келди. 

    Маълумки, ижро интизоми — ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотларнинг иш самарадорлигини таъминловчи энг муҳим ҳамда асосий фаолият кўрсаткичларидан биридир. 

    Шу маънода айтганда, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, биринчи навбатда, давлат органлари ва ташкилотларнинг барча бўғинларида ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишига боғлиқ.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сон “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони давлат идоралари ва ташкилотларининг ижро тизимида темир интизом ўрнатишга ҳуқуқий замин яратди. 

    Фармон билан қонунчилик, қонуности ҳужжатларини пухта ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг таъсирчан амалиётини шакллантириш, уларни аниқ ижрочилар, кенг жамоатчилик ҳамда аҳолига тезкор етказиш, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган ижро-назорат фаолиятининг ягона тизими жорий этилмоқда.

    Фармон ижросини таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича Молия вазирлигида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.   

    Жумладан, Фармонда белгиланган вазифалар ижроси бўйича вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда ҳужжатдан келиб чиқиб, вазирлик тизимида ижро интизомини самарали ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинди. Йиғилиш қарори билан Фармон талабларини бажаришда юқори, ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларига шахсий масъулият ва жавобгарлик юкланди. Ҳайъат мажлисида “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2021 йил 3 март сонида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси Р.В.Абдуқодиров билан эълон қилинган
    суҳбат асосида тайёрланган кўргазмали материал орқали тизимга киритилаётган янгиликлар атрофлича тушунтирилди.

     Ҳозир вазирликда ҳар ҳафта якуни бўйича ижро муддати яқинлашаётган ҳужжатлар таҳлил қилиниб, тегишлилигига қараб департамент ёки бошқарма раҳбарларига вазифаларнинг бажарилиш ҳолати бўйича огоҳлантириш берилмоқда. Зарур ҳолларда тегишли мутахассисларни жалб қилиш орқали топшириқ ва вазифаларни белгиланган муддатида бажарилиш чоралари кўрилмоқда.

    Тизимли назоратнинг йўлга қўйилиши қисқа вақт ичида ўзининг ижобий самарасини кўрсата бошлади. Айниқса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишилиши бўйича киритилган ҳужжатларнинг айланиш даври сезиларли даражада қисқарди.

    Сўзимизни рақамлар тилида давом этирадиган бўлсак, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш
    ва келишишнинг ягона тизими — “project.gov.uz” дастури орқали Молия вазирлигига 3 016 та ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқиш ва келишиш учун киритилган бўлиб, шундан 2 867 тасининг (95 фоиз) ижроси таъминланган.

    Соҳа мутахассисларимизнинг чуқур ўрганишлари натижасида 27 та (1фоиз) ҳужжат лойиҳасини келишиш учун ортиқча вақт талаб этилди. Лекин, айрим вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан келишиш учун киритилган ҳужжатлар қўшимча ҳуқуқий, иқтисодий экспертиза талаб этганлиги сабабли, муддатидан кеч ижро этилди. Ижроси кечиккан ҳужжатлар сони 122 тани (4 фоиз) ташкил этмоқда.

    Тўғри, 4 фоиз катта рақам эмас. Лекин, буларнинг ҳар бири мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига, аҳолига қулайлик яратишга, янги иш ўринларини очишга қаратилган ҳужжат эканлигини ҳисобга олсак, ижро интизомини янада самарали ишлашини таъминлаш керак, деган фикрга борамиз.

    Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

    Ижро интизоми бўйича яна бир муҳим йўналиш бу жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатлар бўлиб, 2020 йил якунларига кўра Молия вазирлигига жами келиб тушган мурожаатлар сони
    55 612 тани ташкил этди.

    Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти веб-сайти орқали келиб тушган мурожаатлар сони 29 310 тани ташкил этиб, 2019 йил билан таққослаганда, мурожаатлар 15 442 тага кўпайганлигини кўрсатмоқда.

    Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи чорагида жами 1429 та, шундан 614 та ёзма, 720 та электрон, 95 та оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатлар тўлиқ ўрганиб чиқилиб, мурожаатчиларнинг савол ва таклифларига ўз вақтида тегишли жавоблар берилмоқда. 

    Вазирликнинг масъул ходимлари томонидан мурожаатда келтирилган масалалар зурур эксперт ва ишчи гуруҳ билан жойига чиқиб ўрганилаётганлиги ҳам такрорий мурожаатлар сонининг камайишига олиб келмоқда.

    Шунингдек, вазирлик раҳбарияти томонидан республика бўйлаб ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида энг кўп мурожаат қилинаёган йўналишлар, яъни пенсия тайинлаш, субсидия ажратиш, арзон уй-жойларга эга бўлиш, шунингдек, 2 ёшдан – 14 ёшгача бўлган вояга етмаган болалар учун нафақа ажратиш билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарилмоқда. Аксарият масалаларнинг қарийб 90 фоизи шу ернинг ўзида ҳал этилмоқда.

    Вазирлик раҳбарияти томонидан мурожаатлар билан ишлашда талабчанликни ва натижадорликни ошириб бориш, ижро интизоми ва муддатларига қатъий риоя этиш, такрорий мурожаатларнинг кўпайиш сабабларини чуқур ўрганиб чиқиш талаб этилмоқда.

    Ислоҳотлар — амалда, ҳаётда

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 2020 йил 25 декабрь куни мамлакатимиз ёшлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, Ўзбекистон ёшлари форумида ҳамда 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган навбатдаги Мурожаатномасида давлат бошқаруви органлари олдидаги бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди.

    Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ‒6155-сон
    “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

    Фармонга мувофиқ, 2021 йилда 273 та банддан иборат бўлган Давлат дастури тадбирларини бажариш учун жами 57,6 триллион сўм, шундан
    29,5 триллион сўм, 2,6 миллиард АҚШ доллари ва 57,5 миллион евро харажатларини амалга ошириш назарда тутилган.

    Йил давомида 120 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 150 та чора-тадбир ва 3 та Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати баёни белгиланган тартибда қабул қилиниши лозим. Хусусан, Молия вазирлиги олдига ҳам бир қатор муҳим устувор вазифалар турибди. Жумладан:

    - қабул қилинган Давлат дастурлари бўйича зарур маблағларни ўз вақтида ажратилишини таъминлаш;

    - кейинги йиллар учун бюджет параметрларини шакллантиришда меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож етим битирувчилари
    ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш учун зарур маблағларни назарда тутиш;

    - жорий йилда тажриба тариқасида ҳар бир ҳудудда биттадан туман ёки шаҳар бюджети харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида билдирилган таклифларга йўналтириш механизмини жорий қилиш. Бунинг учун зарур бўладиган қўшимча маблағларни республика бюджетидан ажратиш;

    - 2022 йилдан бошлаб, ҳар бир туман (шаҳар) бюджети харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида билдирилган таклифларга йўналтириш учун алоҳида қаторларда маблағларни режалаштириш;

    - Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда бюджет ижроси тўғрисидаги маълумотларни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш;

    - давлат идораларининг бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш;

    - 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллигида давлат харидлари соҳасида барча маълумотларнинг очиқлигини таъминловчи Давлат харидлари бўйича марказий ахборот порталини яратиш асосида жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш;

    - 2019–2020 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этилиши ҳолати ва унинг самарадорлиги таҳлилидан келиб чиқиб, харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тизимини такомиллаштириш;

    - миллий валютада чиқариладиган суверен халқаро облигацияларнинг улушини келгуси йилларда босқичма-босқич 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш чораларини кўриш ва шу каби бошқа бир қатор вазифалар юклатилган.

    Таъкидлаш керакки, ушбу устувор вазифалар халқимизнинг бугуни
    ва эртасига дахлдор бўлиб, бюджетдан ажратилаётган маблағнинг ҳар бир тийинини мақсадли сарфлаш, лойиҳалар устидан қатъий бюджет назоратини ўрнатиш вазирлигимиз зиммасидаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.

    Бундан ташқари, мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада ошириш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.

    Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги
    ПҚ–4797-сон “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

    Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомилларини босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга ошириш, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий этилишини ва фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

    Соҳа истиқболини кадрлар ҳал қилади

    Вазирлик ўз зиммасига белгиланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги:

    - иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини, иқтисодиёт
    ва ижтимоий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлаш;

    - давлатнинг ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш;

    - Молия вазирлиги, унинг марказий аппарати ҳамда таркибий бўлинмаларининг иш шаклларини ва усулларини тубдан такомиллаштириш, молия органлари фаолиятида бюрократизм ва сансоларлик ҳолларига йўл қўймаслик сингари бир қанча тамойиллар асосида фаолият юритади. Бу эса, ўз навбатида, ходимларнинг касбий маҳорати ва тажрибасига боғлиқдир.

    Шунга кўра, Молия вазирлиги Инсон ресурсларини ривожлантириш ва ходимларни маъмурлаш департаменти томонидан вазирлик ҳузуридаги Ўқув маркази билан ҳамкорликда Инсон ресурсларини ривожлантириш тамойили асосида ходимларнинг билим, малака ва кўникмалари ҳамда салоҳиятини, шунингдек, касбий маҳоратини ривожлантириш мақсадида марказий аппарат ҳамда унинг таркибий бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш курслари йўлга қўйилган.

    Молия соҳасида олиб борилаётган бу каби амалий саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг янада равнақ топишида муносиб хизмат қилади.

    Тимур ИШМЕТОВ,

    Ўзбекистон Республикаси
    молия вазири

     

    No date selected
    June 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates