“Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 31 май 2021 21405

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишининг таъсирчан тизимини яратишда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ўрнини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада ошириш ҳамда самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида:

    1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6166-сон Фармони билан:

    “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими (кейинги ўринларда – “Ijro.gov.uz” тизими) орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари (кейинги ўринларда – қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар) ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий қилинганлиги;

    2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш
    фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    2.Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашнинг 1 ва 2-иловаларга мувофиқ қуйидаги тартиби жорий этилсин:

    биринчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни “Ijro.gov.uz” тизимига киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;

    иккинчи босқич – Адлия вазирлиги “Ijro.gov.uz” тизимига назоратга олинадиган топшириқларни киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди. Бунда, Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар бўйича ўзининг аппаратида топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочини, зарур бўлганда, вазирлик ва идораларни белгилайди ҳамда топшириқларни назоратга олади;

    учинчи босқич – давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига белгиланган шаклдаги маълумотларни киритади;

    тўртинчи босқич – Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул ижрочилар томонидан “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;

    бешинчи босқич – Вазирлар Маҳкамаси “Ijro.gov.uz” тизимида Ҳукумат тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан киритилган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, ҳар ойда Раёсат мажлисларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тегишли таклифлар билан биргаликда умумлаштирилган маълумот киритади;

    олтинчи босқич – Ҳисоб палатаси “Ijro.gov.uz” тизимида масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради;

    еттинчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

    3. Ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш борасидаги устувор йўналишлар этиб қуйидагилар белгилансин:

    қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш;

    бошқарув тизимини, замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини мақсадли ҳамда устувор вазифаларга мувофиқ такомиллаштириш;

    қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш;

    қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги назорат бандларида аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича “йўл хариталари”ни (ҳаракат режаларини) ўз вақтида ишлаб чиқиш;

    давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш;

    ташкилий, ижро ва назорат фаолияти ягона тизимининг натижадорлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилаш.

    4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра “Ijro.gov.uz” тизими орқали назорат ва ҳисобдорликни ташкил этишда:

    давлат органлари ва ташкилотлари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни 3-иловага мувофиқ тартибда ташкил этади, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ҳамда бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига тегишли маълумотларни киритади;

    маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни 4-иловага мувофиқ тартибда ташкил этади, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг жойларда тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ҳамда бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига тегишли маълумотларни киритади;

    хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни 5-иловага мувофиқ тартибда ташкил этади, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ҳамда бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига тегишли маълумотларни киритади.

    5. “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    6. Белгилансинки:

    қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ижро муддати белгиланмаган ёки ижро муддати бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқларнинг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот ҳар олти ойда масъул ижрочилар томонидан “Ijro.gov.uz” тизимига киритиб борилади;

    “Ijro.gov.uz” тизимига давлат органлари ва ташкилотларини улаш ва уларнинг “Ijro.gov.uz” тизимидан фойдаланишини таъминлаш Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва, зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси олинган таклифлар асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан узайтирилади;

    махфийлик белгиси остидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари маълумотлар базасини юритиш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари масъул ҳисобланади.

    7. Молия вазирлиги “Ijro.gov.uz” тизимига давлат органлари ва ташкилотларини улаш ва уларнинг “Ijro.gov.uz” тизимидан фойдаланишини таъминлаш билан боғлиқ мақсадлар учун маблағларни 2021 йилда Давлат бюджети параметрлари доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса давлат органлари ва ташкилотларининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин.

    8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3962-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

    9. Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 10 январга қадар “Ijro.gov.uz” тизими орқали қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этишда юзага келган муаммолар ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш, “Ijro.gov.uz” тизими самарадорлигини ошириш ҳамда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш мақсадида ушбу қарор билан тасдиқланаётган вақтинчалик низомни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    10. Қуйидагиларга:

    Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларига – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ижро интизомини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг амалда бажарилишида кўмаклашиш учун;

    Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига – қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан ишларнинг ташкил қилиниши учун;

    Ҳисоб палатаси раисига – давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларида ижро интизомини тегишли даражада таъминлаш учун;

    адлия вазирига – қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида бажарилишининг назорати олиб борилиши, “Ijro.gov.uz” тизими самарали юритилиши ҳамда манзилли ва тематик таҳлилларнинг сифатли ташкил этилиши учун;

    ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига – “Ijro.gov.uz” тизими узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий асосда чоралар кўриб борилиши учун;

    давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига – қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, уларнинг ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотлар “Ijro.gov.uz” тизими орқали тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида тақдим қилиниши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

    11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 31 май

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates