Расмий хатда Марказий банк сўнгги пайтларда айрим кредит ташкилотлари томонидан аҳолининг ижтимоий нафақалари — яъни болалар пули, ногиронлик нафақаси, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик пули ва шунга ўхшаш давлат ёрдами пули банк карталарига тушиши биланоқ автоматик тарзда қарз тўловига ечиб олинаётганини танқид қилди.
Хатда ушбу ҳолатларни кескин танқид қилиниб, бу каби амалиётни адолат тамойилларига зид ва инсонийликдан йироқ деб баҳоланди.
Чунки аҳолининг ижтимоий нафақалари давлат томонидан ижтимоий ҳимоя чоралари сифатида кўрсатилади ва уларни фуқароларнинг розилигисиз қарз тўловларига йўналтириш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига кўра, давлат ногиронлиги бор, меҳнатга лаёқатсиз, ёлғиз кексалар, ижтимоий эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилади. Шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, истеъмолчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади.
Марказий банк барча тижорат банклари ва микро молия ташкилотларини ички тартиб-қоидаларини қайта кўриб чиқишга ва ижтимоий нафақаларни фуқаролар розилигисиз кредит қарзларига йўналтиришни тўхтатишга чақирди.
Бундан ташқари, агар фуқаро ушбу ҳолатдан норози бўлса, унга етказилган маблағларни қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.
Мазкур огоҳлантириш барча банк ва кредит ташкилотлари томонидан эътиборга олиниши шарт. Акс ҳолда, Марказий банк бундай ҳолатларни қонунчилик доирасида назорат қилиш ва зарур чораларни кўришини билдирди.