Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда 300 та саноат корхонаси фақат ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқарган

    Ҳарбий 8 май 2020 24230

    Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихида мисли кўрилмаган даражада катта ва даҳшатли, бутун инсоният бошига оғир кулфатларни солган уруш бўлди.

    Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Эл-юртимизни уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳар йили 9-май мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириб фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эьтибор ва эҳтиром кўрсатиш юртимизда олижаноб анъанага айланиб қолди.

    Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихида мисли кўрилмаган даражада катта ва даҳшатли, бутун инсоният бошига оғир кулфатларни солган уруш бўлди.

    Ўзбекистоннинг иқтисодий ва меҳнат ресурслари фронтга сафарбар этилди. Бу даврда Ўзбекистонда янги меҳнат режими жорий қилинди, яъни иш куни узайтирилди, дам олиш кунлари ва меҳнат таътиллари бекор қилинди. Ўзбекистон саноатчилари 1941 йил охиригача 300 га яқин корхонани жанговар техника, қуроллар, ўқ-дори ишлаб чиқаришга мослаштириб қайта қурдилар. Бу корхоналарда фронтга сафарбар этилган эркаклар ўрнини кексалар, хотин-қизлар эгаллади.

    Урушнинг дастлабки пайтларидаёқ 20 мингга яқин тошкентлик хотин-қизлар саноат корхоналари ва қурилишларда, 1700 га яқин республика хотин-қизлари кўмир кони шахталарида ишлашга йўл олди. Ишлаб чиқаришни ишчи ва мутахассислар билан таъминлаш чоралари кўрилди. Республика олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари, фабрика-завод таълими мактабларининг фаолияти уруш даври талабларига мос кадрлар тайёрлашга йўналтирилди. Якка тартибда ва бригада тариқасида ҳунар ўргатиш ишлари йўлга қўйилди. Республикамиз қишлоқларининг аҳолиси фронтни ва фронт орқасини озиқ-овқат, саноатни хом ашё билан таъминлаш учун оёққа турди.

    Ҳар бир ишчи икки-уч иш нормасини бажариш учун фидокорона меҳнат қилди. Уруш бўлаётган ва душман яқинлашиб келаётган ҳудудлардан муҳим саноат корхоналарини Ўзбекистонга зудлик билан кўчириб келтириш, жойлаштириш ишлари бошланиб кетди. 100 га яқин саноат корхонаси, жумладан, 48 та машинасозлик, металл ишлаш, кимё ва бошқа ҳарбий техника ва маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик заводларнинг асбоб-ускуналари кўчириб келтирилди. Ўзбекистон шаҳарларида шошилинч бўшатиб берилган ёки янгидан қурилган биноларга кўчириб келтирилган асбоб-ускуналар зудлик билан жойлаштирилди ва монтаж қилинди. Улар ишчи кучи, хом ашё, инструментлар билан таъминланди ва фронт учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Саноат корхоналари қисқа вақт ичида ҳарбий изга солиниб, миномёт ва автоматлар, самолёт ва танклар учун эҳтиёт қисмлари ва бошқа ҳарбий қуроллар ишлаб чиқара бошлади. Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида ҳарбий қуроллар ишлаб чиқарила бошланди.

    Ўзбекистон саноатчилари корхоналарни ҳарбий изга туширишдек ишларни кўчириб келтирилган корхоналарни жойлаштириш ва ишга туширишдек янада оғирроқ ишлар билан қўшиб олиб борди. Тошкентда зудлик билан жойлаштирилган “Ростселмаш” заводи “Катюша” ва миномёт снарядлари, авиация заводи жанговар самолётлар, Колчугинскдан келтирилган кабел заводи ҳарбий алоқа маҳсулотлари етказиб бера бошлади.
    Республика бўйича 1941-йил охирларига келиб 300 та саноат корхонаси фақат ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқара бошлади.

    Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг пленумида республика саноатини ҳарбий изга солиш, кўчириб келтирилган асбоб-ускуналарни жойлаштириш соҳасидаги ишларга якун ясалиб, корхоналарда қурол-яроғлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш вазифаси илгари сурилди. Бунинг учун етарли даражада металл қирқувчи станоклар ва аниқ ўлчовчи инструментлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, нодир металлар қазиб олишни кучайтириш ҳамда қора ва рангли металлургия саноатини яратиш, электр энергетика базасини кенгайтириш, нефт қазиб олишни 2-3 баравар ошириш, кўмир қазиб олишни кучайтириш, йирик қурилиш материалларини ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, қисқа муддатда 30 минг малакали ишчилар тайёрлаш тадбирлари белгилаб берилди. Кўчириб келтирилган корхоналар тарихда мисли кўрилмаган қисқа муддатларда 4-5 ойда, айримлари ҳатто 1-2 ой давомида қуриб битказилиб, фронт учун ҳарбий маҳсулотлар бера бошлади.

    Уруш йилларида республикада нефт ишлаб чиқариш 4 марта кўпайди ва 1945-йилда 478 минг тоннадан ортди. Энергетика ва ёқилғи саноатининг ўсиши машинасозлик саноатининг ривожланишига қулай база яратди. Ғарбдан кўчириб келтирилган заводлар базасида 16 та станоксозлик, тўқимачилик ва машинасозлик корхоналари ташкил этилди. Урушдан олдинги республикамиздаги кўпгина заводлар ҳам турли асбоб-ускуналар, машиналар, жанговар техника ишлаб чиқаришга мослаб қайта қурилган эди. Бу корхоналарнинг асосий хом ашёси металл бўлганлиги боис унга бўлган талаб тобора ошиб бора бошлади.

    Уруш йилларида қурилиш материаллари саноати, тўқимачилик ва поябзал саноати, озиқ-овқат саноати, маҳаллий саноат тармоқларини ривожлантириш тадбирлари амалга оширилди. Фақат 1943-йилда 12 та ёғ заводи, 3 та пахта тозалаш заводи, 4 та қанд ва 4 та консерва заводлари қурилиб ишга туширилди. Уруш йилларида Ўзбекистонда 280 та янги саноат корхоналари қурилиб ишга туширилди. Саноатнинг янги тармоқлари – авиация, станоксозлик, оғир машинасозлик, қора ва рангли металлургия ҳамда бошқа тармоқлари вужудга келди. Тошкент СССРнинг энг катта саноат марказларидан бири бўлиб қолди.

    Урушда ғалабага эришиш транспорт иши билан боғлиқ эди. 1943-йил 25-январда “Тошкент темир йўли иши тўғрисида” махсус қарор қабул қилинди. Темир йўл ҳарбий ҳолатга ўтказилди, унда ишловчилар сафарбар этилган деб ҳисобланди, ҳарбий хизматчилар каби қаттиқ интизомга риоя этиш мажбур қилиб қўйилди. Поездлар ҳаракатининг қўшинлар ва ҳарбий юкларни биринчи навбатда ўтказиб юборишини кўзда тутувчи ҳарбий график жорий этилди. Тошкент темир йўл транспортчилари кўчириб келтирилаётган корхоналарнинг асбоб-ускуналарини ва миллионлаб кишиларни Ғарбдан Шарққа, жанговар техника ва қурол-яроғларни Шарқдан Ғарбга ўз вақтида тўхтовсиз ўтказиб туриш топшириғини бажарди.

    Мухтасар айтганда, уруш йилларида ўзбек халқи меҳнаткашлиги, фидоийлиги билан ғалабага мислсиз ҳисса қўшди.

    Шаҳноза Юлдашева,

    Тарих институти кичик илмий ходими