Ўзбекистон ҳарбийлари Кореяда ўтказилган халқаро мусобақада учинчи маротаба мутлақ ғолиб бўлишди

    Ҳарбий 27 сентябр 2025 1065

    Жорий йилнинг 21–26 сентябрь кунлари Корея Республикасининг Конгвандо провинцияси Инже шаҳридаги Қуруқлик қўшинлари Илмийлаштирилган машғулот марказида учинчи марта Халқаро илмий-жанговар тайёргарлик мусобақаси бўлиб ўтди.

    Унда Корея, Ўзбекистон, АҚШ, Янги Зеландия, Камбоджа давлатлари ҳамда НАТО қўшма гуруҳидан жами 16 та жамоа ва 500 га яқин ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

    Мусобақада дастлаб ҳар бир жамоа оператив режани ишлаб чиқиш ва миллий келишув бўйича мажбуриятларни бажариш ҳамда бўлинмаларнинг қўшма операциялари учун зарур бўладиган кўникма ва тажриба оширишга муваффақ бўлди.

    Шундан сўнг ҳар бир жамоа қуръа ташлаш орқали беллашувга киришди. Мусобақа шартларига кўра, жамоалар турли жанговар симуляциялар ҳамда илмийлаштирилган машғулот дастурларидан фойдаланган ҳолда тоғолди, ўрмон ва шаҳар шароитида 12 босқичдаги шартли жангларни олиб боришди.

    Баҳолаш жараёнида иштирокчи гуруҳларнинг шартларни тўлиқ бажариши, жанговар ҳаракатлар қоидаларига риоя қилингани, ҳужум ва мудофаада шартли душманни яксон этиш ва омон қолиш даражаси, шунингдек, жанговар ҳаракатлар тактик вазиятга мос келишини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва хабардор қилиш натижалари инобатга олинди.

    Қувонарли жиҳати шундаки, мазкур мусобақада ҳарбийларимиз шартли душманнинг захира ва асосий қўмондонлик пунктини қўлга олишга 21 дақиқа (шу вақтгача энг яхши натижа 33 дақиқа), мудофаада туриб шартли душманни яксон этишга 25 дақиқа (шу вақтгача энг яхши натижа 29 дақиқа) сарфлаб, мусобақа рекордларини янгилашди.

    Шунингдек, шартли душманни яксон этиш шартида III даражали сержант Бекзод Нодиров энг юқори натижани қайд этиб, мусобақанинг «Энг яхши ўқчи» номинацияси ғолиби бўлди.

    Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси жорий йилда ҳам мазкур Халқаро илмий-жанговар тайёргарлик мусобақасида энг юқори натижани қайд этиб, биринчи ўринга сазовор бўлди.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган икки йил давомида ўтказилган мазкур мусобақада ҳам ўзбекистонлик ҳарбийлардан иборат жамоа пешқадамликни қўлдан бой бермаган эди.

    27 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортида ғолиб ҳарбийларимизни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates