Унда 2024 йил 26-27 август кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган иккинчи Ўзбекистон-Беларусь аёллари бизнес-форумига тайёргарлик кўриш, мазкур форумни юқори савияда ташкил этиш ва янги ҳамкорлик шартномаларига эга бўлиш, жараёнларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳамда белгиланган вазифалар муҳокама этилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур бизнес-форумдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг бизнес ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик имкониятларини излаш ва мавжудларини кенгайтириш, тажриба алмашиш, икки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хотин-қизларни кенг жалб этишдир.
Иккинчи бизнес-форумда етти секция, яъни хизматлар соҳаси, электр техник саноати, кимё саноати, енгил саноат, қишлоқ ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва электр энергетика ва «яшил» энергетика йўналишлари бўйича мажлислар ташкил этиш режалаштириляпти.
Секция мажлислари ва кўргазма ўтказиладиган жойларда икки мамлакат тадбиркор аёллари ва давлат органлари ўртасида «B2B» ва «G2B» форматидаги учрашувлар, шунингдек, тижорат шартномалари, битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари тузиш бўйича келишувларга эришиш назарда тутилган, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.