“Илтимос, бизга нуқта қўйманг. Бизни бу касаллик билан ёлғиз қолдирманг”

    БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева раислигида бўлиб ўтган форумда «Меҳрли мактаб»нинг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўз ҳаёти ҳақида самимий ҳикоя қилиб берди.

    БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева раислигида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва "St. Jude" болалар тадқиқот шифохонаси билан биргаликда "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" мавзусида форум бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон тарихида илк бор бундай юксак даражада, жаҳон соғлиқни сақлаш соҳаси учун ўта долзарб масалага бағишлаб ташкил этилган тадбир кўплаб мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар эътиборини тортди. Унда давлатимиз раҳбарининг рафиқаси жаҳон ҳамжамиятини саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлигини яхшилаш борасида чора кўришга чақирди.

    Эътиборлиси, тадбирда дунёнинг қарийб барча минтақаларидаги мамлакатлардан келган биринчи хонимлар – Туркия, Озарбайжон, Ангола, Вьетнам, Гватемала, Сербия Президентлари рафиқалари ва бошқалар иштирок этди.

    "Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу — сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир. — деди «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси иштирокчиларга мурожаат қилиб. — Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур. 2021 йили Ўзбекистонда болалар учун алоҳида Марказ ташкил этилди. Марказ қисқа вақтда сезиларли натижаларга эришди. Бемор боланинг биринчи йилида яшаб қолиш кўрсаткичи 2022 йилдаги 37 фоиздан 2025 йилга келиб 44,5 фоизга етди. Айниқса, гемобластозга чалинган бемор болажонларда бу кўрсаткич 17 фоиздан 42–43 фоизгача ўсиши катта илдам қадам бўлди. Миллий мақсадимиз эса: 2030 йилга қадар беш йиллик кўрсаткични 60 фоизга етказиш.
    Болалар касалхоналарда ойлаб қолиб кетишади. Улар мактабдан узилмаслиги учун “Меҳрли мактаб” орқали 3 йилда 17 мингдан зиёд бола узлуксиз таълим олиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, илк болалар хосписи - “Таскин” ва паллиатив ёрдам тизимининг йўлга қўйилиши қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини бошлади”.

    Форум тафсилотларини ёритган журналист Азиза Қурбонова ўзининг телеграмдаги каналида ёзишича, тадбирда оғир касалликларга чалинган болалар ҳам иштирок этган. Улар орасида «Меҳрли мактаб»нинг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўз ҳаёти ҳақида самимий ҳикоя қилиб берди:

    …Мен касалхонага «ўткир лимфобласт лейкемия» ташхиси билан тушдим. Ўшанда бу қачонлик даражада жиддий эканини англамаган эдим.
    Дастлабки кунларим гўё туманда ўтди. Кейин даволаниш бошланди: кимё терапияси, кўнгил айниши, ҳолсизлик, соч йўқотиш. Лекин мен ҳеч қачон таслим бўлмадим, ўз йўлимда давом этдим.
    Мактабда расм чизишни бошладим. Айтишларича, мен буни яхши уддалайман. Ҳатто ўтган йили мен UNESCO’нинг «The Planet of Art» танловида ғолиб бўлдим. Шу ерда мен чин дўст топдим, у менга бағишлаб расм чизди. Алибек, салом! Яна бошқа болалар ҳам бор эди, улар ҳақида кўп эшитдим, аммо... Бугун мен уларнинг исмларини шу ерда тилга олмоқчиман.
    Тахмина ва Махлиё — худди мен каби «Меҳрли мактаб»нинг янгилик дастурларини олиб борган қизлар. Ҳақиқий журналистлардек, мактабимиз каналларида чиқиш қилишарди. Мен Маъруф ҳақида ҳам кўп эшитганман — у профессионал кикбоксчи бўлишни орзу қилган. Ҳумоюн эса мактабимиздан биринчи бўлиб халқаро бадиий танловда ғолиб бўлганди. Яна биз билан ўқиган меҳрибон бола Алан бор эди, у Tesla’нинг директори бўлишни орзу қиларди.
    Бугун мен сизлар қаршингизда… ёлғиз турибман. Аммо менинг қалбимда уларнинг барчаси — орзулари амалга ошмай қолганлар ҳам, ҳозир келажакни орзу қилаётганлар ҳам — яшаб турибди. Мен бу ерда шу болалар учун турибман.
    Сизларга мурожаат қиламан: илтимос, бизга нуқта қўйманг. Бизга касаллигимиз билан ёлғиз қолишга йўл қўйманг. Саратон ва бошқа оғир касалликларга чалинган болаларга бахтли келажак учун имконият беринг. Шундай қилингки, Ўзбекистонда ҳам барча болаларнинг эртаси илиқ қуёшдан, янги ёпилган нон ҳидидан бошлансин, кечаси эса оддий суҳбатлар билан чой устида уйларига файз олиб кирсин. Болаларга — бутун дунё болаларига ҳаёт ва орзуларини ҳадя қилинг.
    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates