«Мавжуд техник қувватларимизни кескин ошириш ҳисобига ўтган йил декабрь ойидан алоқа каналлари ижараси тарифлари 2 баробарга, ўтган йил давомида интернет хизматлари тарифлари эса 29 фоизга арзонлаштирилишига эришилди.
Ижтимоий соҳа объектларига, жумладан, 8 095 та халқ таълими, 5 440 та мактабгача таълим ва 3 207 та соғлиқни сақлаш муассасаларигача жами 14 минг км оптик толали алоқа линиялари ташкил этилди ва юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди.
2020 йилнинг тўртинчи чорагида республикамиз бўйича 14 та, яъни ҳар бир ҳудудда биттадан таянч IT-мактаблари ташкил этилди ва замонавий технологиялар билан жиҳозланди.
«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 120 мингдан зиёд ўқувчи жалб қилинди, улардан 18 минг нафардан ортиғи курсларни муваффақиятли тугатди».
«Ҳар бир ҳудудда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш орқали аҳолини, айниқса ёшларимизни дастурлаш сирлари, веб-сайтлар ва мобиль иловалар яратиш бўйича билимларни ошириш йўлга қўйилди.
Шу мақсадда ўтган йили IT-паркнинг 5 та филиали фаолияти йўлга қўйилди (Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд), уларда 400 дан зиёд корхона фаолият бошлади.
Қисқа вақт мобайнида улар томонидан 900 дан ортиқ дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, 5 та муҳим ташаббус доирасида республика бўйича 107 та Рақамли технологиялар ўқув маркази фойдаланишга топширилди ва 200 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди».