Абдурауф Қоржовов 1956 йил 21 сентябрда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида таваллуд топган. 1981 йилда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган.
У ўз фаолиятини «Ўзбекистон овози» («Совет Ўзбекистони») газетасида мусаҳҳиҳ, мухбирликдан бошлади. Ушбу газетанинг Навоий, Хоразм вилоятларидаги ўз мухбири сифатида долзарб мавзулардаги мақолалари, танқидий-таҳлилий чиқишлари билан жамоатчилик назарига тушди.
1992-2019 йиллар давомида Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг ўз мухбири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, директор ўринбосари, «Ўзбекистон 24» телерадиоканали бош муҳаррири лавозимларида фаолият кўрсатди. Юзлаб публицистик репортажлар, теран таҳлилий кўрсатувлар тайёрлади. Йиллар давомида сайқалланиб борган ижодий изланишларининг маҳсули сифатида «Оталар юрти», «Оқ тулпорлар», «Ўзбек сўми», «Бунёдкорлик«, «Ассалом, Наврўз!«, «Ўзбекистон йўллари« сингари ҳужжатли фильмлар дунё юзини кўрди.
Абдурауф Қоржововнинг «Йўллар ва манзиллар», «Табиатнинг мўъжизавий эҳсонлари» китоблари, ҳаммуаллифликдаги «Саҳро бўм-бўш эмас», «Юрт фарзандлари», «Хитой Ўзбекистонликлар нигоҳида» каби очерклар тўпламлари нашр этилган.
Журналистнинг фидойи меҳнати ва ижодий изланишлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, 1994 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвонига муносиб кўрилди. Шунингдек, «Ўзбекистон халқ таълими аълочиси» ва бошқа кўплаб мукофотлар билан тақдирланди, республика ижодий танловларининг ғолиби бўлди.
Абдурауф Қоржовов 2020 йилдан буён «Янги Ўзбекистон» газетаси таҳририятида катта муҳаррир, бўлим мудири, иқтисодий шарҳловчи вазифаларида сидқидилдан ишлаб келаётган эди. Фидойи, ташаббускор, фаол журналист сўнгги нафасигача касбига содиқ қолди, мақола ёзиш, долзарб мавзуларни кўтариш, таҳлил қилиш, кимларнингдир оғирини енгил қилишдан чарчамади. Ўзидан юзлаб маҳоратли шогирдлар қолдирди.
Моҳир журналист, жонкуяр устоз Абдурауф Қоржововнинг порлоқ хотираси қалбларимизда мангу қолади.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока»
газеталари таҳририяти давлат муассасаси жамоаси