Қуёнчиликда Қўшработ тажрибаси: унинг афзалликлари кўп

    Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг сердаромад ва истиқболли тармоқларидан бири бўлган қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Бунда зарур ҳуқуқий асослар яратилаётгани муҳим аҳамият касб этяпти. Бинобарин, булар ривожланишга пойдевор, илғор ташаббусларга қанот бўлётгани шубҳасиз.

    Илғор ишланмалар, инновацион ғоялар бугунги кун талаби. Энергиятежамкор, экологик жиҳатдан безарар, энг муҳими, юқори даромадга қаратилган бу каби замонавий ёндашувлар ҳар бир тармоқ ва соҳа учун жуда зарур. Шу боис, кейинги йилларда Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси жамоаси ҳам ушбу йўналишдаги ишларга жиддий эътибор қаратмоқда.

    Ҳеч қандай энергия ресурслари талаб этилмайди

    Ассоциациямиз ташаббуси билан яқинда Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Қийқим маҳалласида маҳаллий ҳокимлик ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ертўлада қуён боқиш технологиясига асосланган инновацион қуёнхона ташкил этиш лойиҳаси ана шундай эътибор самарасидир. Мазкур лойиҳага кўра, қурилажак ертўла-қуёнхона узунлиги беш, эни икки метр бўлади. Махсус тунукалар билан ёпилиб, томнинг ички томони минерал вата билан қопланади. Бу тунука қизиб кетишининг олдини олади. Шунингдек, ертўла ичига сув ва ем-хашак учун махсус идишлар ҳам ўрнатилади. Хашак идишнинг махсус тўрдан ясалгани унинг исроф бўлишининг олдини олади.

    Битта ертўла 26 бош қуёнга мўлжалланган. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу инновацион қуёнхонадан йил давомида 1,5—2 тоннагача гўшт олиш мумкин. Мазкур қурилма барча жиҳозлари ва қуёнлар билан бирга 33 миллион сўмга тушади. Агар, унда икки тонна гўшт етиштирилишини, ҳозирги кунда бозорда тирик қуён ҳар бир килограмми 30 минг сўм эканини инобатга олсак, бу ёмон кўрсаткич эмас. Бошқача айтганда, мазкур инновацион қуёнхонада йил давомида 120 миллион сўмлик қуён гўшти етиштирилади. Шунинг 60 миллион сўми харажатларга кетса, 60 миллион сўм оилага соф фойда сифатида қолади. Янада аниқроғи, оила ҳар ойда мана шу юмуш эвазига беш миллион сўмдан даромад қилади.

    Эътиборлиси, қуён боқишнинг мазкур усулида энергия ресурсларидан умуман фойдаланилмайди. Яъни бунда электр энергиясига ҳам, газга ҳам эҳтиёж йўқ. Чунки ертўла қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Бу қуёнларнинг яхши етилиши ва улғайиши учун айни муддао. Сабаби, қуёнлар табиатда ҳам ер остига ин қуриб кўпаяди. Шу жиҳатдан олганда, буни аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтиришда энг зарур ва керакли технологиялардан бири, десак муболаға бўлмайди.

    Шу тарзда Қўшработ туманининг Қийқим маҳалласида лойиҳанинг дастлабки босқичи йўлга қўйилди. Бу бошланиши. Бинобарин, жорий йилда Самарқанд вилоятида 300 хонадонга мана шундай шароит қилиб, одамларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш режалаштирилган. Лойиҳани оммалаштириш мақсадида Қийқим маҳалласида ўқув семинари ташкил этилди. Унда Ассоциациямиз мутахассислари томонидан қуёнларни ертўлада парваришлаш бўйича маълумот ва тавсиялар берилди.

    Мазкур лойиҳа доирасида қуёнхоналар кредит эвазига қуриб берилади. Қуёнлар ва озуқа масаласи ҳам бизнинг зиммамизда. Аҳоли хонадонида кўпайтирилган қуёнларни ҳам ўзимиз сотиб оламиз. Шу мақсадда туманда марказлашган кушхона ва ўқув маркази ташкил этилади. Ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

    Айтиш жоизки, қишлоқ жойларда қуённи бундай усулда кўпайтириш қийин эмас. Чунки ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси бор, уларда қуён учун озуқани ўзлари ҳам етиштиришлари мумкин. Бу ортиқча харажатларни камайтиради.

    Бутун дунёда қуёнчилик саноатининг гўшт йўналишида 95—98 фоизи Хикол қуён зотидан фойдаланилади. Ушбу қуён зоти бизнинг иқлим шароитимизга ҳам мослаштирилган. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас.

    Қарорлар ишимизга унум бағишлайди

    Қайд этганимиздек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инновацион ёндашув асосида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, бу орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантириш, чорвачилик тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, бунда замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 8 февралдаги қарори асосида юртимизда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқлангани фикримиз исботидир. Зотан, мазкур дастурда чорвачиликка, хусусан, қуёнчилик ривожига оид бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

    Ўтган йил маълумотларига кўра, юртимизда 7 минг 600 дан зиёд қорамолчилик, 3 минг 200 дан ортиқ қўй ва эчкичилик, 140 дан кўпроқ йилқичилик, 1 минг 200 га яқин паррандачилик, 250 дан ортиқ қуёнчилик хўжаликлари мавжуд. Юқорида қайд этилган дастурга биноан, қуёнчилик тармоғи янада ривожлантирилиб, кооперация тизими асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кўпайтирилади. Қуён гўштини хонадонбай усулида ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш ҳисобига қуён гўшти истеъмоли ошириб борилади.

    Қуёнчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратиш учун ишлаб чиқарувчилардан қуён гўшти ва терисини сотиб олувчи ҳамда қайта ишловчи ташкилотлар тармоғи янада кенгайтирилади. Бунинг учун эса қуён боқишни илмий асосда йўлга қўйиш орқали республика ҳудудларида қуёнчилик-наслчилик хўжаликларини ташкил этиш ва наслли қуёнлар бош сонини кўпайтириш чоралари кўрилади. Гўшт йўналишидаги қуён зотларини маҳаллий шароитга мослаштириш ва ихтисослашган қуёнчилик-бўрдоқичилик хўжаликларини ташкил этиш ҳисобига кооперация тизими жорий этилиб, қўшилган қиймат занжири яратиш режалаштирилган.

    Аввало, бу маҳсулотнинг фойдали жиҳатлари борасидаги маълумотларни тарғиб қилишни кучайтириш ва аҳолининг овқат рационида қуён гўшти улуши кўпайтириш зарур. Бу йўналишда илм-фан ва ишлаб чиқариш тизимли асосда узвий интеграцияланади, инновацион технологиялар амалиётга кенг жорий этилади. Натижада қуён гўштини етиштириш ҳажми йиллик 100 минг тоннага, уни истеъмол қилиш ҳажми эса аҳоли жон бошига 3 килограммдан оширилади. Уй шароитида қуён боқиш ва уларни озиқлантиришнинг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган услублари ишлаб чиқилиб, оммалаштирилади.

    Бундан ташқари, биз етиштираётган қуён гўшти маҳсулотлари экспорти истиқболли ҳисобланади. Бугунги кунда маҳсулотларимизни харид қилишга Россия, Беларусь, Литва, шунингдек, бир қатор араб давлатлари ҳам қизиқиш билдирган.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 августдаги “Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил 1 ноябрдан 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилди.

    2023 йил 1 январдан ўзининг шахсий томорқа ер участкасида бир қатор фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баробари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига олинмоқда ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилмоқда. Булар орасида қуёнчилик билан шуғулланувчилар ҳам бор, албатта.

    Жаҳон иқтисодиётида ўзига хос ўрни бор

    Қуёнчилик жаҳон иқтисодиёти ва истеъмолида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Жумладан, Хитойда қуён гўшти жуда кам истеъмол қилинса-да, мазкур мамлакат уни етиштириш бўйича (йилига 660 минг тонна) етакчи ҳисобланади. Бу борада иккинчи ўринда Италия туради — йилига 300 минг тонна. Аҳоли бошига қуён гўшти истеъмол қилиш даражаси ҳам шу давлатга тегишли (йилига 5,5—6 килограмм). Бу кўрсаткич Франция, Германия ва Венгрияда 2,5—3 килограммни ташкил қилади ва мазкур мамлакатларда 65 фоиз маҳсулот аҳоли хонадонларида кластер усулида тайёрланади.

    Соғлом овқатланишнинг замонавий тенденцияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг парҳез гўшт истеъмол қилиш меъёри хусусидаги тавсиясини инобатга олсак, инсон йил давомида истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларининг 5 фоизи (Европа давлатларида 4,5, бизда эса 3 килограмм) қуён гўшти бўлиши керак.

    Қуёнчилик бўйича жаҳон тажрибаси таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу сектор қишлоқ хўжалигининг самарали тармоқларидан бири бўлиб, уни ривожлантиришнинг асосий омили шахсий томорқа хўжаликлари саналади. Қуёнчилик равнақи нафақат бозорда истиқболли талабни шакллантиришдаги имкониятлари, балки унинг биологик хусусиятлари туфайли ҳам юқори салоҳиятга эга. Яъни уй ҳайвонлари орасида энг тез етиладигани шу жонзот.

    Тўйимлилиги бўйича қуён гўштининг 1 килограмми энг яхши мол гўштининг 1,45 килограммига тенг. Қолаверса, унинг гўшти холестерини камлиги бўйича қўй, мол ва бошқа жониворларникидан фарқ қилади. Таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи инсон организми томонидан тўлиқ ўзлаштирилади.

    Бундан ташқари, қуён гўштида инсон саломатлиги учун фойдали бўлган лецитин каби модда мавжуд. У шунингдек, минерал тузларга, кальций ва фосфорга бой. Бундай ижобий жиҳатлари туфайли қуён гўшти жигар, меъда, юрак-қон томир тизими касалликлари, қандли диабетга чалинган, аллергияси бор инсонларга тавсия этилади.

    Қолаверса, ундан табиий ва қимматбаҳо мўйна олинади. Қуён териси чарм-галантерея маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқаришда ҳам сифатли хомашё ҳисобланади. Бир килограмм қуён момиғидан 2000 метр сифатли ип олиш мумкин. Қисқаси, ушбу узунқулоқ жониворнинг фойдали жиҳатлари бисёр. Шундай экан, мазкур тармоқни ривожлантириш ва бу турдаги гўшт истеъмолини кўпайтириш айни муддаодир. Бу, шунингдек, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда ҳам долзарб аҳамиятга эга.

    Абдураззоқ ИБРАГИМОВ,

    Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари

    ассоциацияси бошқаруви раиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates