баннер
1 апр 2025
08:14

    Ипотека кредитлари учун субсидия беришга аризалар қабули бошланди

    Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил 30 минг фуқарога субсидия ажратиш белгиланган ва бу рақам ўтган йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп.

    Шу йилнинг 3 март санасидан юртимизда ипотека кредитлари учун субсидия олишга аризалар қабули бошланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил 30 минг фуқарога субсидия ажратиш белгиланган ва бу рақам ўтган йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп.

    Бир танишим ҳар йили субсидия олишга ариза топширади, аммо ҳали ололганича йўқ. Бошқа бир танишимнинг эса ўтган йили омади келди. Очиғи, субсидия ҳақида гап кетганда, қийналган, уй-жой олишга имконияти кам оилаларга давлат томонидан бериладиган ёрдам, деган тушунчам бор. Аммо мен каби кўпчилик субсидиянинг қай тартибда олиниши ва тўланиши, кимларга берилиши, кредитдан фарқи ва бошқа жиҳатлари ҳақида кўп ҳам билмайди.

    Юртимизда 2020 йилдан бошланган бу ­амалиёт қисқа вақтда сезиларли оммалашди. Субсидия олишга талабгорлар сони ҳам йил сайин ортиб боряпти. Ариза топширганларнинг айтишича, субсидия ипотека кредити олишда давлат томонидан қайтармаслик шарти билан бериладиган муайян миқдордаги тўлов пули. Аммо у банк кредитларидан фарқ қилади.

    — Cубсидия ипотека кредитлари асосида бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат томонидан бериладиган ва қайтарилмайдиган молиявий кўмакдир, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Шоҳрухбек Ғаниев. — У ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ажратилади. Жорий йилги тартибга кўра, субсидия фуқарога уй-жой сотиб олишда дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун қатъий белгиланган 30 миллион сўм ва ипотека кредитининг биринчи беш йили давомида фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун Марказий банкнинг асосий ставкаси (13,5 фоиз)дан ошган қисмига тўланади. Тегишли маблағ давлат бюджетидан фуқаро номига банкда очилган ҳисобвараққа ўтказилади. Ўзбекистоннинг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролари ипотека кредити учун субсидия олишга ариза топшириши мумкин. Талабгорлар электрон тизим орқали ижтимоий мезонлар асосида баҳоланади ва ижобий хабарномага эга бўлган тақдирда субсидия ажратилади.

    Демак, субсидия ҳеч қандай шартларсиз ажратиладиган ва қайтарилмайдиган ёрдам пули бўлиб, шу жиҳатлари билан тижорат банклари томонидан муайян шартларда бериладиган кредитдан фарқ қилади. Бундай беминнат маблағни олишга талабгор кўп бўлиши табиий. Лимит эса чекланган, аммо ҳар йили ошириб бориляпти. Маълумотларга кўра, ўтган йили 20 минг фуқарога 2,2 триллион сўм субсидия ажратилган бўлса, жорий йил бу рақам 30 минг фуқарога 2,5 триллион сўм этиб белгиланди. Аммо ҳар гал аризалар сони лимитдан ошиб кетади, натижада барча мезонларга жавоб берган ва омади чопганларгина субсидияга эга бўлади. Шу кунларда эса кўпчиликни ипотека кредити учун субсидия кимларга ва қандай шартлар асосида берилиши қизиқтирмоқда.

    Тартиби ва талаби қандай?

    Жорий йилнинг 21 февраль куни Президентимизнинг “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, бу йилги ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Бунда субсидия олишга талабгор ўз ҳудудидаги Давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки “my.gov.uz” ягона интерактив портали орқали ариза топшириши мумкин. Аризада кўрсатилган маълумотлар асосида фуқаро “subsidiya.idm.uz” автоматлаштирилган электрон платформаси орқали Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан қабул қилинган низом тартибига кўра, субсидия ажратиладиган фуқароларни баҳолашнинг ижтимоий мезонлари асосида реал вақт режимида баҳоланади.

    Жараёнда ариза берувчи ёки унинг оиласининг даромади, ҳозирги турар жой мақоми, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим шахслар тоифасига кириши, ариза берувчи ва унинг оиласидаги шахсларнинг “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимидан рўйхатдан ўтгани текширилади. Ҳар бир ижтимоий мезон бўйича фуқарога балл берилади ҳамда талабгор 30 ва ундан кўпроқ балл тўплаши лозим бўлади. Масалан, ариза берувчи ва оиласининг даромадлари 5 ёки 10 балл билан баҳоланса, “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимидан рўйхатдан ўтган шахсларга қўшимча 5 балл берилади.

    Ҳозир субсидия бериладиган шахсларни танлаб олиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. “Subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими тегишли ташкилотларнинг электрон маълумотлар базалари билан интеграция қилинган. Мазкур маълумотлар базаларида ариза берувчининг маълумотлари 3 иш куни давомида текширилади. Хусусан, Адлия вазирлиги оила таркиби, ариза берувчининг турмуш ўртоғи ва ёлғиз она, бева ёки ажрашган аёллар тоифасига мансублиги ҳақидаги маълумотлар тўғри киритилгани, Кадастр агентлиги ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, Солиқ қўмитаси ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг ўртача ойлик даромадларини текширади ва ҳоказо.

    — Ариза берувчи ва унинг оиласи даромадлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори асосида яшаш ҳудудига қараб баҳоланади, — дейди Шоҳрухбек Ғаниев. — Янги тартибга кўра, субсидияга ариза берилганда, ариза берувчи ва турмуш ўртоғининг ўртача ойлик даромадлари миқдори белгиланган меъёрлардан кам бўлса, талабгорнинг хоҳиши билан даромадлар ҳисоб-китобига уларнинг яқин қариндошлари даромадлари ҳам киритилиши мумкин. Амалдаги қонунчиликка кўра, яқин қариндошлар сирасига қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука, опа-сингиллари, фарзанд ва фарзандликка олинганлар, бобо-буви, неваралар киради. Баҳолаш жараёнида даромад даражасига қараб 5 ёки 10 балл берилади. Бунда аризачи ёки турмуш ўртоғи (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари)нинг ўртача даромади миқдори белгиланган. Бу Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача (ҳозир 3,11-9,24 миллион сўм), Тошкент шаҳрида эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7-9,2 баравари (ҳозир 3,11-10,62 миллион сўм) бўлиши зарур. Ўртача ойлик даромадлар бўйича балл берилмаган тақдирда, субсидия ажратиш рад этилиши мумкин. Тартибга кўра, сўнгги уч ойнинг камида бир ойида даромадга эга бўлиш талаб этилади.

    Ипотека кредити учун субсидия олиш кўпчилик ўйлаганидек ўта мураккаб жараён эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий муаммо белгиланган талабларга жавоб бермаслик ёки аризада маълумотларни нотўғри киритишда кўзга ташланади. Натижада фуқарога субсидия ажратилмайди. Масалан, ариза бурувчи, жумладан, турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим, акс ҳолда, субсидия ажратиш рад этилади. Қолаверса, тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганида, илгари ипотека кредитлари бўйича субсидиядан фойдаланган фуқаролар ва уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан такрорий мурожаат бўлганида киритилган ариза рад этилиши мумкин. Аммо буларга боғлиқ бўлмаган бошқа омил ҳам бор. Яъни ариза барча талабларга жавоб берган тақдирда ҳам агар жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаган бўлса, талабгор субсидия ажратилганлар қаторига кирмасдан қолади. Бунда аризани биринчи бўлиб топширганларга устунлик берилади. Демак, талабгор аризани қанча эрта топширса, шунча яхши.

    Субсидия ажратилиши тўғрисида ижобий хабарнома олган фуқароларга эса тегишли тартибда субсидия тўлаб берилади. Бунда фуқаро бирламчи бозордан квартира сотиб олиш тўғрисида қурувчи билан шартнома тузади ҳамда тегишли ҳужжатлар асосида ипотека кредити олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми тузган тижорат банкига мурожаат қилади. Ипотека кредитини расмийлаштириш жараёнида ана шу тижорат банки субсидия маблағларини тўлаб беради. Бу тўлов фақат бирламчи бозор, яъни янги қурилган кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олишга амал қилади.

    Очиғини айтганда, уй-жой харид қилиш учун тўлаб бериладиган 30 миллион сўм кичик маблағ эмас. Яна бу давлат томонидан беминнат, ҳеч қандай шартларсиз берилиши ижтимоий қийналган оилалар учун катта ёрдам. Халқ тилига тушган субсидия амалиётининг моҳияти ҳам шунда. Ҳар йили ипотека кредитлари учун ажратилаётган субсидия лимитлари ошиб бораётгани янада қувонарли. Энди ҳамма гап ана шу маблағларнинг шаффоф ва тизимли ажратилишида. Аризаларни баҳолаш тизимининг тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани шунга хизмат қилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech