Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусийлаштиришни жадаллаштириш масалалари муҳокама этилди

    Жорий йил 22 июлда Сенат Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

    Мажлисда парламент назорати доирасида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижроси муҳокама этилди.

    Таъкидланганидек, сўнгги йилларда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга ошириляпти.

    Хусусан, 2021 – 2024 йилларда устав фондида давлат улуши мавжуд 500 дан зиёд хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари ва 3,4 мингга яқин кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилган, 1027 та корхона тугатилган ва 964 таси қайта ташкил этилган.

    Давлат активларининг хусусийлаштирилиши натижасида қарийб 36 минг янги иш ўринлари яратилган. Тадбиркорларга яна-да қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган изчил чора-тадбирлар самараси ўлароқ 50 дан ортиқ давлат хизматлари хусусий секторга берилган.

    2024 йил ноябрь ойида илк бор «Халқчил ИПО» дастури доирасида Республика товар-хомашё биржасининг 3 миллиондан ортиқ акцияси аҳолига сотилиб, 11 мингга яқин киши аксиядорларга айланган.

    Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида 3 та банкнинг хусусийлаштирилгани ва 8 та янги хусусий банк ташкил этилгани ҳисобига давлат банкларининг умумий активлардаги улуши 85 фоиздан 65 фоизга қисқарган.

    Муҳокама жараёнида сенаторлар хусусийлаштириш бўйича ҳудудлар ва тармоқларда фойдаланилмаётган имкониятлар, бўш турган жойларни иқтисодий активга айлантириш, аукционга қўйилган тайёр биноларни сотишда йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратди.

    Жумладан, вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тасарруфидаги айрим бўш турган бино ва иншоотлар оммавий савдоларга чиқарилмаган. 10 дан зиёд давлат активлари қарийб бир йилдан буён аукционда сотилмаса-да, уларнинг бошланғич нархини пасайтириш механизмидан фойдаланилмаган.

    Ҳудуднинг ихтисослашуви, коммуникация ўтказиш имконияти ўрганилмасдан тадбиркорлик фаолияти учун аукционга чиқарилган 1,9 минг гектарга яқин ер майдонлари қарийб 1 йилдан буён сотилмасдан қоляпти.

    Ижтимоий дафтарларга киритилган ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкидаги бино ва иншоотлари ижарага бериш бўйича жорий этилган имтиёзлардан деярли фойдаланилмаган.

    2024 йилда айрим вилоятларда давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар тўлиқ вилоят бюджетига ўтказилиб, объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетига ажратмалар амалга оширилмаган.

    Сенаторлар томонидан хусусийлаштириладиган ва ижарага бериладиган давлат мулки, уни сотиб олиш бўйича яратилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида аҳоли ҳамда тадбиркорларни кенг хабардор қилиш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаётгани танқид қилинди. Бу борада ҳоким ёрдамчиларининг масъулиятини ошириш ҳам муҳимлиги қайд этилди.

    Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича белгиланган вазифалар бажарилишини мониторинг қилиш, муниципал мулкни хусусийлаштириш ҳолати тўғрисида масъул идораларнинг ҳисоботларини сессияларда эшитиш ва тегишли чоралар белгилаш юзасидан тавсиялар берилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates