Иқтисодиётнинг устувор драйвери

    Қишлоқ хўжалигида йиллик ўсиш 5 фоизга, экспорт ҳажми 7 миллиард долларга етади

    Республикамиз аҳолисининг ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва табиийки, уларнинг турмуш фаровонлиги қишлоқ хўжалиги тармоғи ривожи билан узвий боғлиқ. Аграр тизим нафақат аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, балки саноатнинг кўпгина соҳаларини хомашё билан таъминловчи муҳим тармоқ ҳисобланади.

    Айниқса, сўнгги вақтларда агросаноат мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғинларидан бирига айланди. 2017—2021 йилларда соҳа ривожига доир 21 та қонун, 29 та фармон ва 149 та қарор, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва саноатдаги ислоҳотлар тўғрисидаги 185 та Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бир қатор ҳужжат ва тартиблар ишлаб чиқилди.

    Қаерда эркин ишлаб, меҳнати натижасидан баҳраманд бўлиш учун қулай муҳит яратилса, ўша жойда тараққиёт, фаровонлик бўлади. Бугунги кунда юртимиз деҳқону фермерлари ана шундай шарт-шароитларга эга. Жумладан, экин-текин учун уруғлик, минерал ўғит ва бошқа зарурий ресурслар бевосита фермернинг даласи бошигача етказиб берилиб, барча турдаги хизматлар кўрсатиляпти. Асосийси, улар молиявий жиҳатдан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

    Биргина 2019 йил 17 июнда Президент фармони билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси”ни олайлик. Ҳужжат билан йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетган 1,1 миллион гектар майдонни 2020—2030 йилларда босқичма-босқич фойдаланишга киритиш белгиланди.

    Амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2019—2021 йилларда жами 363,4 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 2018—2020 йилларда жами 2,4 миллион гектар майдонларда тупроқ сифатини баҳолаш бўйича ишлар олиб борилди. Бугунги кунда 690,3 минг гектарда шундай жараёнлар амалга оширилмоқда.

    2016—2020 йилларда жами 330,5 минг гектар паст рентабелли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, ушбу ерларда юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида шу йиллар давомида сабзавот ишлаб чиқариш ҳосили 103, картошка 114, полиз экинлари 110 фоиз, дуккакли маҳсулотлар 3,6 баробар, мойли экинлар 240, чорва озуқаси 191, мева 107,4 ва узум етиштириш ҳажми 106 фоизга ўсди.

    Ўзлаштирилган ва лалми, пахта ва ғалладан қисқартирилган ерлар ҳамда яроқсиз боғ-токзорлар ўрнида — жами 69,6 минг гектар майдонда интенсив мевали боғлар ва 57 минг гектар токзорлар барпо этилди. Бу йил ушбу кўрсаткич янада ўсиб, баҳор мавсумида 63,8 минг гектар мевали боғлар ва 37,5 минг гектар токзорлар ташкил этилди.

    2 млн 942 минг нафар аҳоли мавсумий

    иш билан таъминланди

    Ерларни қайта фойдаланишга киритиш, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштириш юзасидан суғориш қудуқларини қазиш, насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда янги мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш ишлари жорий йилда ҳам фаол давом эттирилмоқда. Хусусан, ўтган тўққиз ойда ирригация тармоқларини ривожлантириш ҳамда суғориш мавсумида сув ресурсларини иқтисод қилиш мақсадида ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича 547,5 миллиард сўм ёки ажратилган йиллик лимитга нисбатан 77 фоиз, мелиорация объектлари лойихалари бўйича эса 209,3 миллиард сўм ёки ажратилган йиллик лимитга нисбатан 81 фоиз капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилди.

    Деҳқон ва фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий, техникавий ҳамда молиявий шарт-шароитлар тўлиқ яратиб берилаётгани эса соҳада юқори натижаларни кафолатлайди. Масалан, ўтган даврда жами 201,2 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар, жумладан, томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулда суғориш технологияларининг жорий қилиниши иш самарадорлиги ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, 130,6 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазер ускунали ер текислагичлар ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилди. Энг муҳими, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган 101,9 минг гектар майдон учун 832,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди.

    Амалга оширилган ирригация ва мелиорация тадбирлари натижасида 170 минг гектардан ортиқ ер майдонларнинг сув таъминоти ҳамда 140 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ҳамда 6 миллиард метр куб сув иқтисод қилинишига эришилди.

    Бугунги кунда республика бўйича соҳага доир 747 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, жорий йилнинг шу даврига қадар 283 та ташаббускор томонидан 565,5 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилди, 4 026 нафар иш ўрни яратилди. Аҳамиятлиси, ҳудудларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолини қишлоқ хўжалигида иш билан банд қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 604 минг гектар майдон ажратиб берилиб, жами 2 миллион 942 минг нафар аҳоли мавсумий иш билан таъминланди. Ушбу майдонларда даромадли қишлоқ хўжалиги экинлари экилди.

    Соҳани ривожлантириш борасида олдинда улкан режалар кўзланган. Эндиликда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга, бир гектардан ўртача даромадни 5 минг долларга, қишлоқ хўжалигининг экспорт ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда. Бунинг учун, қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам бериб, маҳсулот ишлаб чиқариш саноат босқичига олиб чиқилади. Бунда, туманлар аниқ маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилиб, давлат томонидан деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади.

    Шунингдек, аграр тармоқдаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари фаолиятини барқарор, қулай шарт ва муддатларда молиялаштириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари амалга оширилади. Давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими ҳам тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади.

    Келгуси беш йилда интенсив боғларни 3 баробар ва иссиқхоналарни 2 баробар кўпайтирган ҳолда, бу орқали, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш кўзда тутилган.

    Озиқ-овқат таъминотини

    мустаҳкамлаш — устувор мақсад

    Биз оддий деҳқончилик сифатида қабул қилишга одатланганимиз қишлоқ хўжалиги йил сайин замонавий тармоққа, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинига айланиб бормоқда. Кейинги йилларда халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси бўлган ерлардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш энг устувор вазифалардан бирига айлангани боиси ҳам шундан.

    Бу борада чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли гўшт ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.

    Шу сабабли чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга катта аҳамият қаратиляпти. Бу борада қабул қилинган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар ички истеъмол бозорида гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Шу билан бирга, охирги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум, балиқ, асал каби маҳсулотларни етиштириш кўрсаткичлари ҳам ўсиб боряпти. Жумладан, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 9 ойи давомида чорвачилик йўналишида умумий қиймати 2 триллион 198 миллиард сўмлик 658 та, паррандачилик тармоғида 802,1 миллиард сўмлик 225 та ҳамда балиқчилик йўналишида 533,4 миллиард сўмлик 259 та лойиҳалар амалга оширилди.

    Чорвачилик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳисобот даврида 45,5 миллиард сўм микдорида субсидиялар ажратилди. Эндиликда, чорвачиликда озуқа экинлари майдонини 340 минг гектардан 700 минг гектарга етказиш, шунингдек, 11 миллион гектар яйловларни қайта тиклаш ва ҳосилдорлигини кўтариш назарда тутилмоқда. Шунинг эвазига, келгуси беш йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажмларини 1,5-2 баробарга кўпайтириш, озуқа базасини кенгайтириш бўйича ҳам алоҳида дастурлар амалга оширилиши режалаштирилган.

    Бундай ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бораётгани, нафақат соҳада салмоқли муваффақиятларни қўлга киритиш, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганига гувоҳ бўляпмиз.

    Ернинг ҳар қаричи — олтинга тенг

    Халқимизда “Ери бойнинг — эли бой” деган ҳикмат бор. Кейинги йилларда ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Пировард мақсад — ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ер ажратишда тенглик ва шаффофликни таъминлашдан иборат.

    Амалий ишларга назар соладиган бўлсак, ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди. Қолаверса, барча ерлар 2 та тоифага — қишлоқ хўжалиги ерлари ва ноқишлоқ ерларига ажратилди. Бу ерлар очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади. Танлов эса ҳар бир ер участкаси бўйича “бу ерни олишга ким энг кўп ҳақли?” деган саволга адолатли жавоб топиш учун ўтказилади. Энг муҳими, бу танловда барча — деҳқон ҳам, фермер ҳам, агрофирма ва кластерлар ҳам тенг шартларда иштирок этадилар.

    Яна бир муҳим масала, ноқишлоқ ер майдонлари фақат аукцион орқали сотилади. Тўғри, сўнгги бир ярим йил давомида ерлар аукцион орқали очиқ-ошкора сотилди. Лекин таҳлилларга кўра, аксарият ҳолларда аукционга қўйилган ер майдонлари тадбиркорга маъқул жойлардан эмас, балки олис, чекка ҳудуддаги, инфратузилмаси бўлмаган жойлардан берилган. Яхши майдонлар эса ҳар хил йўллар билан ҳокимлар қарори асосида тўғридан-тўғри бериб келинган. Янги тартиб асосида бундан буён ер майдонлари фақат ва фақат очиқ-ошкора аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади.

    Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони 20 236,3 минг гектарни ташкил этади. Уни кенгайтириш бўйича охирги йилларда катта ишлар олиб борилди. Хусусан, жорий йилда 320 минг гектар ерларни қайта фойдаланишга киритиш, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштириш юзасидан суғориш қудуқларини қазиш, насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда янги мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

    Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, юртимиз тараққиётини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қиляпти. Муҳими, бу янгиланиш ва ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида сезмоқда.

    Одинахон ОТАХОНОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

    Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates