Ишбилармон, саховатли ва фидойи тадбиркорлар доимо эътиборда

    Ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб хушхабар тарқалди: давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашади. Бу хабар қанот ёзди, юртимиз тадбиркорлари зўр қувонч, кўтаринки руҳ ва катта умидлар билан кутди ўша кунни. Шундай бўлдики, учрашув олдидан тадбиркорларга уларни ўйлантириб келаётган масалаларни, соҳани ривожлантиришга доир таклиф ва мулоҳазаларини, ташаббусларини олдиндан йўллаш имкони берилди. Тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббус келиб тушди. 

    Юртдошларимиз ҳали унутгани йўқ: мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида саховатли тадбиркорлар халқимизга мададкор бўлди, янги иш ўринлари яратишда жонбозлик кўрсатди, муҳтожларга кўмак берди, ишлаб чиқариш ва экспорт кўламини оширди.

    20 августда бўлган ўша тарихий учрашувда Президентимиз бу каби фидойи тадбиркорларга раҳмат айтган, уларнинг 100 нафарига ўз номидан миннатдорлик хатини йўллаган эди.

    Орадан қарийб бир йил ўтди. Бу қисқа вақтда кўп марраларни забт этдик, катта ютуқларни қўлга киритдик, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги мақсадларимиз сари катта қадам ташладик. Жумладан, ўтган бир йил мобайнида юзлаб ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушди, минг-минглаб иш ўринлари пайдо бўлди, янги турар жой, боғча, таълим ва тиббиёт муассасалари қурилди. Қанчадан-қанча юртдошимиз уй-жой билан таъминланди, рўзғорига барака кирди.

    Буларнинг бари шунчаки, ўз-ўзидан бўлгани йўқ ёки кимдир четдан келиб ёрдам бермади. Бу аниқ мақсад билан йўлга қўйилган, пухта ўйланган катта ислоҳотлар ютуғи бўлди. Ана шу йўлда Президентимиз тадбиркорларни, у хоҳ маҳаллий, хоҳ хорижлик бўлсин, ишончли қўллаб-қувватлагани, имтиёз ва имкониятлар бергани яхши самара кўрсатди.

    Бу йил мустақиллигимизнинг 31 йиллигини ёруғ юз, катта мақсад ва режалар билан кутиб олиш тараддудидамиз. Шу кунларда ахборот манбаларида “Президент бу йил ҳам тадбиркорлар билан учрашар экан”, деган расмий хабарлар кенг тарқалмоқда. Иқтисодчи-экспертлар бўлажак очиқ мулоқот нафақат тадбиркорлар, балки иқтисодиётимиз ривожи ва одамлар турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилувчи муҳим тадбирлардан бири бўлишига ишонч билдирмоқда.

    Бинобарин, бугун Ўзбекистон тараққиётида, юртимизнинг жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашида тадбиркорликнинг ўрни ғоят юқори. Жумладан, ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд одам меҳнат қилаётгани эса тадбиркорликнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.

    ОЧИҚ МУЛОҚОТГА АСОС ВА ОЧИҚ РАҚАМЛАР ШАРҲИ

    Деярли ҳар куни тадбиркорлар билан гаплашамиз, ўй-фикрларини сўраймиз. Фаолиятидаги янгиликлардан хабардор бўлгимиз келади. Улар айтадики: ­“Президентимиз бизга кенг имкониятлар эшигини очди. Аввал бирор ишни бошлай десак, бошимиз ғалвадан чиқмасди. Бугун кредит ёки субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитлар яратилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларга барҳам берилди. Бизга яна нима керак? Фақат ишлаш, янги ғояларни амалга ошириш қолди. Элимизга фойдамиз тегса, шундан хурсандмиз”.

    Бундан хулоса шуки, бугун халқимизда ҳам, давлат идораларида ҳам тадбиркорларга муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрўси ортди. Натижада бизнес билан шуғулланиш истагида бўлганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

    Президентимиз тадбиркорлар билан ўтган йилги учрашувида “Агар биз иқтисодиётимизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур”, дея таъкидлаган эди. Бу амалда ўз аксини топаётганини ён-атрофимиздаги ўзгаришлар, тадбиркорлар фикрлари мисолида кўриб турибмиз.

    — Давлатимиз раҳбари фаол ва ишончли ишбилармонлик муҳити учун шароит яратиб беряптими, шахсан ўзи қўллаб-қувватлаб, ҳимоясига оляптими, нима учун тадбиркорлик қилмаслик керак экан?! — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов. — Ўйлайманки, аксинча, ­эътибордан руҳланиб, куч олиб, янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиш зарур. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви тадбиркорларимизни янги-янги марралар сари ундади. Чунки унда соҳа ривожига оид кўплаб масалалар муҳокама этилди. Бизнес вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари, таъбир жоиз бўлса, дардлари эшитилди. Айримларига шу ернинг ўзида ечим топиб берилди.

    Очиқ мулоқотнинг нечоғлиқ муҳим эканини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Ўтган йилги мулоқот чоғида Президентимиз соҳани янада тараққий эттиришга қаратилган 7 йўналишдаги 57 та янги ташаббус ва таклифни илгари сурди ва уларнинг ижроси тўлиқ таъминланмоқда.

    Келинг, шу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига тўхталсак.

    Қарорда оилалар даромадига даромад қўшувчи қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, Марказий банк сайтида чоп этилган мақолада келтирилишича, бугунги кунда тегишли дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва унинг турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига умумий тартибда асосий қарз бўйича 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ажратилади. Дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлари ва хомашё материаллар харид қилиш, ҳунармандликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ҳамда иншоотлар сотиб олиш учун 3 йилгача ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга берилади.

    Кредит миқдори жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови ва бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида тақдим этилади. Шунингдек, 225 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги кредитлар кредит олиш истагини билдирувчи тадбиркорлик субъектларига ҳоким ёрдамчиси тавсиясига мувофиқ, туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида берилади.

    Бу — юртимизда охирги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган бир ҳужжатнинг айрим вазифалари, холос. Ваҳоланки, шу давр ичида 2 та қонун, Президентнинг 7 та фармони ва 10 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори ҳамда 18 турдаги бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифалар эса янада залворли. Масалан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар, цемент ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга камайтирилди. Туристик йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш 2023 йилнинг сентябрь ойига қадар тўхтатилди.

    Давлат эҳтиёжи учун ер участкаларининг олиб қўйилиши оқибатида 347 та тадбиркорлик субъектига ­етказилган 105,2 миллиард сўм миқдоридаги зарар қоплаб берилган. Ҳудудларда майдони 374 гектар бўлган 10,5 мингта ер участкаси аукционга чиқарилган. Тижорат банклари томонидан 561 та ишбилармоннинг 123 миллион долларлик кредити миллий валютага ўтказилди.

    — Мана шуларнинг ўзиёқ шахсан давлатимиз раҳбари соҳанинг ҳар бир жиҳатига ўзгача эътибор ва рағбат бераётганидан далолат, — дея фикрини давом эттирди Д.Ваҳобов. — Қолаверса, бугун Ўзбекистон дунёга очилмоқда. Жаҳон бозорига интилмоқда. Айтайлик, авваллари биз эҳтиёж учун зарур цементнинг 60-70 фоизгача қисмини импорт қилган бўлсак, ҳозир уни экспорт қилишгаям имконимиз бор. Яъни қисқа муддат ичида ҳудудларда 10 дан зиёд корхона ташкил этилди. Муҳими, жараён тўхтаб қолгани йўқ. Ушбу йўналишда яна бир неча лойиҳа амалга оширилади. Бу айни шу қурилишбоп маҳсулот ишлаб чиқариш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишига шароит яратилгани самарасидир.

    Бундан ташқари, биз терини ҳам фақат хомашё сифатида четга сотардик, холос. Энди уларни қайта ишлаб, йилига ўртача 400 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт қиляпмиз. Тўқимачилик соҳасида алоҳида қарорлар қабул қилиниши натижасида ўтган йил якуни бўйича мазкур соҳада 3 миллиард доллардан ортиқ маҳсулот хориж бозорларига етказиб берилди. Жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 1 миллиард 700 миллион долларга етди. Қолаверса, жорий йилнинг январь-июнь ойларида юртимиз бўйича 49 минг 702 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Шундан 36 минг 200 дан зиёди масъулияти чекланган жамият, 6 минг 100 дан ортиғи хусусий, 7 минг 200 дан кўпроғи оилавий корхонадир.

    ИМКОНИЯТ ЯНГИ БОЗОРЛАРГА ЙЎЛ ОЧАДИ

    Дарҳақиқат, қачонки тадбиркорларга қўшимча бозорга йўл очилса, у фаолиятини кенгайтиришга қизиқади. Шунда маҳсулотига талаб ошади. Бу унинг даромади ҳам кўпаяди, деганидир. Шу жиҳатдан олганда, ўтган йили Ўзбекистон Европа Иттифоқининг “GSP+” дастурига аъзо бўлиши юртимиз ишбилармонларига ҳам, инвесторларга ҳам катта имконият яратди. Масалан, “GSP” (Умумлаштирилган имтиёзлар тизими) Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулот Европа бозорларига эркин кириб боришига йўл очади.

    Жорий йилда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига бойкотнинг олиб ташланиши юртимиз тўқимачилик саноатида энг жозибадор мамлакатлардан бирига айланишига олиб келади. Бу эса тўқимачилик саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишига имкон яратади. Мамлакатда янги-янги ишлаб чиқариш субъектлари пайдо бўлиши ва юзлаб одамларни иш билан таъминлашга, экспорт ҳажми ошишига хизмат қилади. Ваҳоланки, ўзбек пахтасига илк бор 2009 йилда бойкот эълон қилинган бўлса, орадан бир йил ўтиб “Cotton Campaign” коалициясининг ушбу чақириғига 60 дан ортиқ компания қўшилганди. 2022 йилга келиб эса ўзбек пахтасини бойкот қилган халқаро бренд ҳамда ритейлерлар (савдо билан шуғулланувчи компания) сони 331 тага етганди. Улар орасида дунёга машҳур брендлар бор. Тасаввур қилинг, энди уларга ўзбек пахтаси билан ишлашда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўзбек толасидан тайёрланган маҳсулот жаҳон бозорида эркин айланади. Ўз ўрнида, тадбиркорларимиз ҳам осон ва мустақил равишда хорижлик шериклар билан ҳамкорлик қила олади.

    Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 90 фоиз корхона кичик ва ўрта бизнесга тегишли бўлиб, улар жаҳоннинг 63 фоиз аҳолисини иш билан таъминламоқда. Дунёда кичик бизнеснинг аксарият қисми оилавий корхона шаклида фаолият юритаётир. Европа Иттифоқида кичик ва ўрта бизнеснинг умумий салмоғи 99,8 фоизни ташкил этгани ҳолда, аҳолининг учдан икки қисми шу соҳада банд. Европа давлатларида ялпи миллий маҳсулотнинг 40-50 фоизини, Осиё мамлакатларида 65 фоиздан 82 фоизгачасини, Лотин Америкасида 70 фоизга яқинини оилавий бизнес ишлаб чиқаради. АҚШ иқтисодиётида унинг улуши 95 фоиздан зиёд. Булардан аён бўладики, мамлакат ривожи ва аҳоли бандлигини таъминлашда кичик бизнеснинг улуши жуда муҳим.

    УЧРАШУВГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА?

    Тадбиркорларнинг Президентимиз билан галдаги мулоқотига ҳам кўп вақт қолмади. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорлар муаммосини тегишли вазирлик ёки идораларга олиб чиқадиган ташкилот, яъни ўртада ўзига хос кўприк вазифасини ўтовчи воситачи сифатида жараёнга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

    Палатанинг 30 дан ортиқ мутахассиси икки ойдан буён тадбиркорлар мурожаатларини “1094” қисқа рақами ёки бошқа онлайн воситалар орқали қабул қилмоқда. Хусусан, 18 июль ҳолатига кўра, 6500 га яқин мурожаат олиниб, соҳалар бўйича таҳлил қилинмоқда.

    Шунингдек, тадбиркорликнинг муай­ян тармоқлари вакиллари билан алоҳида бизнес учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари йиғилмоқда. Мавжуд камчиликлар омиллари ўрганилмоқда. Қолаверса, палата ичида махсус қўмиталар фаолияти ҳам йўлга қўйилганки, бу тузилма ҳам соҳа вакиллари билан ишлашни ­енгиллаштирмоқда.

    Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтган йил 20 августдаги очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви ҳақида гапирдик. Ўшанда кўплаб тадбиркорларимиз давлатимиз раҳбари билан бевосита мулоқотга киришган ва қатор таклифлар, ташаббусларни айтган эди. Бугун уларнинг айримларидан ўша учрашувдан кейин қандай ўзгаришлар рўй берганини ёзиб олдик.

    МАҲАЛЛАНИ ЯНАДА ОБОД ҚИЛИШ, ЭЛ ДУОСИНИ ОЛИШГА БЕЛ БОҒЛАГАНМАН

    Шарофат НОРИЕВА,

    Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Гулчи опа томорқа хизмати” кластери раҳбари:

    – Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ ва самимий мулоқоти чоғида бизга соҳа олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ҳамда ташаббуслар бериш имконияти яратилди. Мен ҳам банкдан олинаётган кредитлар ставкасини пасайтириш ва муддатини узайтириш, шунингдек, хорижий валютада кредит олиб, доллар ёки евро курси ошиши натижасида қийин аҳволда қолган кўплаб тадбиркорларимизни кўриб, чет эл валютасида олинган кредитларни сўмга ўтказишни сўрагандим. Ушбу таклифим қўллаб-қувватланди.

    Қолаверса, ушбу мулоқотгача хаёлимдан нимага деярли барча соҳа вакилларининг касб байрамлари бор-у, тадбиркорларники йўқ, деган ўй бир неча маротаба ўтганди. Буни қарангки, давлатимиз раҳбари биринчи мулоқот ўтказилган сана — 20 августни Тадбиркорлар куни сифатида кенг нишонлашни таклиф қилди. Тўғриси, бу барча тадбиркорларимизнинг дилидаги гап бўлди.

    Президентимиз билан ушбу мулоқотдан сўнг фаолиятимни кенгайтирдим. Авваллари ­фақат гулчилик билан шуғулланган бўлсам, ҳозир кўп тармоқли тадбиркорман. Ёш тадбиркорларни ўқитиш учун 100 ўринли марказ, кластер ташкил этдим. Шу билан бирга, туманимизнинг Олмачи маҳалласида ­Президент вакили — ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатаман. Шу жамиятнинг бир вакили, шу элнинг фарзанди сифатида тажрибамга таяниб, берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўзим яшаётган маҳаллани ­янада обод қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, эл дуосини олишга бел боғлаганман.

    Бу йил мен учун ҳам жуда қувончли келди. Хотин-қизлар байрами арафасида давлатимиз раҳбари фармонига кўра, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Мукофотни шахсан Президентимизнинг ўзидан олишга муяссар бўлдим. Битта оддий тадбиркорга шунчалик ­эътибордан қалбим қувонч, фахр ва ифтихорга тўлди. Бу, ўз навбатида, менга катта масъулият юклади.

    Яқинда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан иккинчи очиқ мулоқоти ўтказилиши кутилмоқда. Бу уларнинг фаолиятига боғлиқ масала, бизнесини кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ҳамда таклифлар билан тўғридан-тўғри Президентимизга мурожаат қилиши учун навбатдаги имконият бўлади. Тадбиркорларимиз ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, ўз муаммо ва масалаларига ечим топиши шубҳасиз. Эътибор ва ғамхўрликларга жавобан улар иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида ўзларининг бунёдкорлик ва яратувчанлик, фаоллик ва ишбилармонлик жиҳатларини кўрсатиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.

    ТАДБИРКОРЛАРГА БИЛДИРИЛАЁТГАН КАТТА ИШОНЧ

    Одилбек МИРЗАЕВ,

    Тошкент шаҳридаги “PDP IT Academy” маркази раҳбари:

    – Президентимиз билан бир йил олдин бўлиб ўтган очиқ мулоқотда чин маънода биз, тадбиркорлар учун катта имконият яратиб берилди. Мулоқотда давлатимиз раҳбарига кейинги беш йилликда ўртача ойлик маоши икки минг доллар бўлган 100 минг дастурчини тайёрлаш бўйича ўз фикрларимни айтган эдим. Президентимиз ўша жойнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси қарорини тайёрлаш бўйича топшириқ берди ва бу қарор ўн кун ичида қабул қилинди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, шахсан давлатимиз раҳбари қўллови, эътибори туфайли Ўзбекистондаги илк “PDP University” хусусий олий ўқув юртини ташкил этдик. Бу менга, умуман, тадбиркорларга билдирилаётган катта ишонч. Бу ишончни ўз меҳнатимиз билан оқлашга ҳаракат қиламиз, албатта.

    Ҳозир университетимизга қабул давом этмоқда. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ёшлар тўрт йўналишда ўқитилади ва етук кадр сифатида тайёрланади.

    ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИ ҲАМИША БИЗГА КЎМАКДОШ

    Мурод ФАРМОНОВ,

    Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Мурод фарм текстиль” масъулияти чекланган жамияти раиси:

    – Давлатимиз раҳбари ўтган йили илк бор биз, тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқот ишимизни янада ривожлантиришга илҳомлантирди. Хусусан, ушбу учрашув олдидан тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида сўралган эди. Мурожаатлардан келиб чиқиб, Президентимиз бизнесни молиялаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, ер ажратиш, инфратузилма каби бир қатор тартиб-таомилларни соддалаштириш масалаларига тўхталиб ўтган эди. Натижада айтиб ўтилган масалалар ечимини фаолиятимизда ҳис қиляпмиз.

    Биз бундан унумли фойдаланган ҳолда, фаолиятимизни кенгайтиришга бел боғладик. Бунга аста-секин эришяпмиз. Корхонада тикувчилик йўналиши мавжуд бўлиб, унда юзга яқин хотин-қиз иш билан таъминланган. Берилган имтиёзлардан фойдаланиб, яқинда Хитойдан 250 минг АҚШ долларилик янги ускуналар олиб келдик. Тез орада янги жиҳозлар ўрнатилиши билан яна ўттиз киши ишли бўлади.

    Шунингдек, Германиядан 30 бош наслли қорамол келтирдик. Бугун уларни 100 бошга етказдик. Яқинда Қамаши туманидаги фаолияти тўхтаб қолган дам олиш сиҳатгоҳини қайта таъмирлашга киришдик. Тез орада бу ерда ҳам ўнлаб янги иш ўринлари яратилади.

    Давлатимиз раҳбари тадбиркорларга елка тутиб, доим қўллаб-қувватлаётган бир вақтда жим туриб бўлмайди. Ҳар бир имкониятдан тўғри фойдаланиб, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳисса қўшишимиз даркор. Бугун шу соҳа ортидан катта даромад топяпмиз, фаровон турмуш кечириб, фарзандларимизга қулайликлар яратяпмиз. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани, тарихий эврилишлар ўзининг дастлабки мевасини бера бошлаганидан далолат.

    ***

    Ўша учрашувда айтилган гаплар, фикрлар тез орада амалиётга кўчаётгани билан аҳамиятлидир. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниши баробарида, ишбилармонлар бирин-кетин ўз лойиҳаларини рўёбга чиқаряптики, бу мамлакатимиз иқтисодиёти равнақи йўлида янада шижоат билан ишлашга ундайди.

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates