20 август куни Янги Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Бизнес уюшмаларининг аниқ натижага қаратилган дастурлари, лойиҳа ва тадбирларини молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллион доллар ажратилади.
2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади.
Сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди, яна шунча лицензия рақамлашди.
Халқаро тажриба асосида “астрент” тизими жорий қилинади. Бунда моддий зарарни қоплаш кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундириш суд қарорида аниқ белгилаб қўйилади.
Президентимиз қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда бизнес ривожланиши, инвестиция муҳити жозибадор бўлишини таъкидлади.
Келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади.
Бугунги кунда солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркорларда 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Бу минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилади.
Очиқ мулоқотларни ўтказиш бошланганида асосий мурожаатлар солиқ ставкаларини тушириш билан боғлиқ бўларди.
Скоринг тизими соддалашгани учун 100 мингга яқин тадбиркор банкдан янги кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди.