Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўм миқдорида бир марталик ёрдам берилади

    2025/2026 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил ноябрь ойида 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.

    Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.

    Ёрдамни қуйидагилар олади:

    • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи оилалар;
    • “Камбағал оилалар реестри”даги оилалар;
    • “Маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатга киритилган оилалар.

    Қўшимча рўйхатга қуйидаги тоифадаги оилалар устувор тартибда киритилади:

    • боқувчисини йўқотган;
    • I ёки II гуруҳ ногирони бўлган аъзоси бор;
    • ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган;
    • иситиш тизими мавжуд бўлмаган кўп қаватли уйларда яшовчи;
    • 3 ва ундан ортиқ оила бир хонадонда яшовчи;
    • оғир хасталикка чалинган беморни парваришлаётган;
    • ёлғиз кекса ёки ногиронлиги бор фуқаролар.

    Агар сиз шундай тоифага мансуб бўлсангиз, жорий йил 25-сентябрга қадар “Маҳалла еттилиги”га мурожаат қилинг.