Жорий йилнинг 16 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган «Ривожланаётган мамлакатлар мулоқоти» конференцияси доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал Жассер ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ислом тараққиёт банки 1975 йилда ташкил этилган халқаро молиявий институт бўлиб, унинг бош офиси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Банкнинг асосий мақсади исломий молиявий тамойиллар асосида аъзо давлатларнинг иқтисодий тараққиётини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаровонлигини оширишдан иборат.
Учрашувда Ислом тараққиёти банки иштирокида амалга оширилаётган ва янги ишлаб чиқилаётган устувор лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, уларнинг жорий ҳолати, қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда транспорт инфратузилмаси ва таълимни ривожлантириш, жумладан, йўл инфратузилмаси ҳамда таълим соҳасида замонавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, учрашув доирасида юқоридаги йўналишлар юзасидан қарз, агентлик ҳамда грант битимлари имзоланди:
- Ислом тараққиёт банки иштирокида Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи йўлларни реконструкция қилиш: лойиҳа доирасида Сирдарё вилояти Оқолтин тумани, Мирзаобод тумани ва Сардоба туманидаги умумий 37 км автомобиль йўллари реконструкция қилинади.
- «Ўзбекистон Республикасида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш» лойиҳасини амалга ошириш: лойиҳа доирасида республика бўйича жами 58 та умумий ўрта таълим мактаблар инклюзив таълим талабларига кўра қурилади.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олди.