Ислом цивилизацияси марказида янги лойиҳаларга қўл урилмоқда

    Маданият 24 июн 2025 686

    Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, ишчи гуруҳ раҳбарлари, халқаро мутахассислар ҳамда лойиҳалар ижрочилари фаол иштирок этди.

    Мажлис доирасида 2025 йил 29 январ куни Президентимизнинг мазкур марказга амалга оширган ташрифи чоғида берилган топшириқлар, улар асосида ишлаб чиқилган янгиланган концепция, 11 март куни ўтказилган Васийлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши баённомаси, шунингдек, июнь ойида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг фармойишида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича таҳлил этилди.

    Тадбирни марказ кенгайтирилган Илмий кенгаши раиси Фирдавс Абдухаликов очиб берди. У ўз сўзида марказнинг илмий ва маърифий фаолиятини янада ривожлантириш, хусусан, музей экспозицияси ҳамда кутубхона фондини бойитиш муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга, марказнинг очилиш маросимини юқори савияда, юксак ташкилотчилик асосида ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

    Яна бир муҳим янгилик сифатида, Абдухаликов халқаро «ТУРКСОЙ» ташкилоти билан ҳамкорликда марказ қошида Каллиграфия мактаби ташкил этиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Ундан сўнг сўз «ТУРКСОЙ» бош котиби Султон Раевга берилди. Раев мазкур лойиҳа икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг самараси эканлигини таъкидлаб, бу ташаббус нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий халқлар учун қувончли воқеа эканлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу мактабда таниқли хаттотлар дарс беради ва ўқув жараёнлари замонавий талабларга жавоб берадиган даражада ташкил этилади. Бу ташаббус мамлакат раҳбарининг “Учинчи Ренессанс” ғоялари билан чамбарчас боғлиқ экани билан ҳам аҳамиятлидир. Шундан сўнг «ТУРКСОЙ» ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

    Кун тартибидаги яна бир асосий масала — марказ ҳузурида Илмий реставрация лабораторияси ташкил этиш бўйича тақдимотлар бўлди. Дастлаб Россиянинг Эрмитаж музейи қошидаги лаборатория раҳбари Игорь Малкиель лойиҳа тафсилотлари билан таништирди. Унга кўра, келгусида ташкил этиладиган реставрация маркази 814,5 квадрат метр майдонни эгаллаб, 9 та ихтисослашган лабораториядан иборат бўлади. Бир йилда 1000 га яқин тарихий экспонатни қайта тиклаш имкони яратилади. Ушбу экспонатларнинг асосий қисмини нодир қўлёзмалар ташкил этиши, шу билан бирга, сўзана ва каштачилик намуналари ҳам катта аҳамиятга эга экани қайд этилди. Лойиҳа доирасида маҳаллий мутахассисларни жалб этиш, замонавий ускуналар ва 3D технологиялари асосида йўқолган ашёларни сканерлаб, тиклаш имкониятлари яратилиши режалаштирилмоқда.

    Тадбир доирасида қатор ҳомийлар томонидан марказга 300 га яқин ноёб тарихий артефактлар совға қилинди. Улар орасида тахминан 1000 йиллик қўнғироқлар, турли даврларга оид 78 та танга, камон учлари, нақшли кошинлар, ХХ асрга мансуб Эрон гилами ва бошқа нодир экспонатлар бор. Фирдавс Абдухаликов ушбу буюмларни қабул қилар экан, ҳар бир топилманинг келиб чиқиши ва унинг қайси экспозицияда намойиш этилиши ҳақида махсус каталог тузиш, барча жараёнларни шаффоф тарзда юритиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

    Кейинги маъруза Екатерина Соболева томонидан тақдим этилди. У ўз нутқида Лондондаги нуфузли “Sothebyʼs” аукционида Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор Ислом цивилизациясига оид ноёб тарихий буюмлар ким ошди савдосига қўйилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу ташаббус нафақат минтақадаги бой тарихий меросни жаҳон жамоатчилигига намоён этиш, балки Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётида тутган ўрнини янада ёритишга хизмат қилади.

    Шунингдек, Соболева халқаро оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Newsweek” каби машҳур нашрларда Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида мақолалар чоп этилиши, марказнинг аҳамияти ва мақсадлари кенг ёритилиши белгиланганини маълум қилди. Бундан ташқари, марказ очилиши муносабати билан 6 тилда ҳужжатли фильм суратга олиниши, ушбу фильм орқали дунё жамоатчилигига Ўзбекистоннинг Ислом меросини асраб-авайлаш ва илмий тадқиқ этишдаги саъй-ҳаракатлари намоён этилиши режалаштирилмоқда.

    Умуман олганда, тадбир давомида Ислом цивилизацияси маркази очилишига юксак савияда тайёргарлик кўриш, барча ишлар юксак сифат ва масъулият билан амалга оширилиши зарурлиги яна бир бор таъкидланди. Барча устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди ва лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳамкорлик ва илмий ёндашув муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.


    Хумора ТОШМУРОДОВА,

    Тошкент давлат шарқшунослик университети,

    халқаро журналистика йўналиши талабаси


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates