Исломободда ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди

    Исломобод шаҳрида 15-16 октябрь кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 16 октябрь куни мазкур саммитда иштирок этди.

    Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф раислигида ўтган тадбирда Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Мохаммад Атабак, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода ҳамда ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.

    Кузатувчи мамлакат ва фахрий меҳмон сифатида Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Денис Трефилов, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби ўринбосари Чжан Лин иштирок этди.

    Учрашувда томонлар халқаро вазият кескинлашаётгани, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч сусаяётгани, қарама-қаршилик ва рақобат кучаяётгани, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги таҳдидлар натижасида геосиёсий кескинлик вужудга келаётганига эътибор қаратишди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Остона саммитида сўзлаган нутқида ушбу масалага тўхталиб “Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди”, дея таъкидлаган эди.

    Ўзбекистон Бош вазири мамлакатларимиз улкан иқтисодий салоҳиятга эга эканини инобатга олиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ташкилот маконида кўптомонлама шериклик мустаҳкамланишини таъминлаш мумкинлигини қайд этди. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида илгари сурган таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

    Савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаштириш, фитосанитария ҳамда ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

    Ўзаро инвестицияларни, биринчи навбатда, инфратузилма, юқори технологияли саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш, самарали ишбилармонлик мулоқоти платформасини яратиш мақсадида ҳар йили ШҲТ ЭКСПО халқаро саноат кўргазмасини ташкил этиш таклиф этилди.

    Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Трансафғон йўлагини қуриш бўйича лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

    Йиғилишда Ўзбекистонда “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш бўйича комплекс дастур амалга оширилаётгани маълум қилинди.

    Хусусан, ҳар йили тахминан 2 ГВт қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш қуввати жорий қилинмоқда. “Яшил” водородни саноатда ишлаб чиқариш лойиҳаси устида амалий ишлар бошланди.

    Кам углеродли ривожланишга ўтиш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатларимиз энергетика вазирликларига қайта тикланадиган энергия манбаларига инвестициялар ва технологияларни жалб қилишни рағбатлантириш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

    Мажлисда IT соҳаси ва рақамли технологияларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиш, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш сингари масалалар юзасидан ҳам атрофлича мулоҳазалар билдирилди.

    Мажлис сўнггида қатор ҳужжатлар имзоланди.


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates