Унда ШҲТ Бош котиби Нурлан Эрмекбаев, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва ташкилотга аъзо давлатлар маданий идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ШҲТ доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати юзасидан фикр алмашилди. Томонлар 2007 йилда қабул қилинган маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Бишкек битими асосида икки ва кўп томонлама алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ўз чиқишида ШҲТ давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорлик дўстликни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва тушунишни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
— «ШҲТ давлатлари аҳолиси дунё аҳолисининг ярмини ташкил этади. Бу кўплаб қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади. Халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашда маданиятнинг ўрни беқиёс», — деди вазир.
ШҲТ Бош котиби Нурлан Эрмекбаев эса ШҲТ доирасидаги маданий лойиҳалар халқлар ўртасида яқинлик, ишонч ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди. Шу боис, гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва халқ дипломатияси институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида иштирокчилар «2025 йилга мўлжалланган ШҲТ доирасидаги маданий алмашинув тадбирлари рўйхати»ни тасдиқладилар ва протокол имзоладилар. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар бадиий жамоалари иштирокида қўшма концерт дастури ўтказилиши режалаштирилган.








