Истанбулда фирибгарлик ва одам савдосида айбланаётган ўзбекистонлик эркак ушланди

    Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон ва Туркия ИИВ ҳамкорлигидаги тезкор тадбирда фирибгарлик ва одам савдоси жинояти билан айбланаётган ўзбекистонлик Истанбул шаҳрида қўлга олинди.

    Таъкидланишича, 1979 йили Самарқанд вилоятида туғилган Озод Раҳимов Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланмоқда.

    Шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022-2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилган.

    Аммо фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10-15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборгани айтилмоқда.

    Ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ватандошларимиздан Бош консулхонага ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига хабар бериш сўралди.

    Жиноий жавобгарликдан қочибхорижий давлатларда, шу жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишдадавом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади.

    Шу билан бирга, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларга бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан Бош консулхонамизга келаётган мурожаатлар сони ортганини инобатга олиб, фуқаролардан фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлиш сўралди.