Президентимиз кўксимга “Ўзбекистон ифтихори” унвонини тақаётганида ўзимни эртакдаги орзулар мамлакатига тушиб қолгандай ҳис қилганман — Баҳодир Жалолов

    Келажак бугундан бошланади

    — 2019 йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг +91 кило­­­грамм вазн тоифасида олтин медаль соҳиби бўлдим, — дейди Баҳодир Жалолов. — Ўшанда давлатимиз раҳбарининг мен ҳақимда айтган юқоридаги сўзларини нафақат ёдлаб олганман, балки кўнглим тубига муҳрлаб қўйганман. Мен ­Президентимизга “Албатта, жаҳон чемпиони бўламан”, деб ваъда бергандим ва бунинг уддасидан чиқдим. Отам раҳматли жаҳон чемпиони бўлишимни орзу қиларди, афсуски, бахтиёр кунларимни кўриш насиб этмади. Олис бир чекка туманда туғилиб, вояга етган мендай оддий йигит кун келиб, дунё чемпиони бўлишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Бу ютуқларимнинг барчаси, аввало, ­давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда спортга берилаётган юксак эътиборнинг самараси деб биламан. Очиғи, ­Президентимиз кўксимга “Ўзбекистон ифтихори” унвонини тақаётганида ўзимни эртакдаги орзулар мамлакатига тушиб қолгандай ҳис қилганман. Бу ҳис ва ҳаяжон ҳали-ҳануз мени тарк этгани йўқ. ­Токио Олимпиадасида, албатта, чемпион бўламан, Президентимизнинг, халқимизнинг юксак ишончини яна оқлайман!

    Бокс бўйича жаҳон чемпиони, “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Баҳодир Жалолов айни кунларда Япониянинг Токио шаҳрида мураббийлари — ака-ука Тўлқин ва Фаррух Қиличевлар билан олимпиада мусобақаларига тайёргарлик машғулотларини олиб бормоқда. Биз Баҳодир Жалолов ва унинг онаси Сабоҳат Жалолова билан Олимпиада сафари олдидан учрашиб, суҳбатлашган эдик. Дилдан кечган самимий суҳбат жараёнида шу нарсага амин бўлдикки, аслида ҳеч бир ютуқ шунчаки қўлга киритилмайди, унинг ортида машаққатли меҳнат, мақсадга эришиш йўлидаги тинимсиз интилишлар, устозлар сабоқлари ҳамда ота-онанинг эзгу ниятлари йўғрилган дуолар куч бўлиб туради!

    От изини той босар

    Баҳодир Жалоловнинг отаси раҳматли Исомиддин полвонни нафақат Сурхондарёда, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам яхши танишган. Самбо бўйича спорт устаси Исомиддин Жалоловнинг Сариосиёдаги чоғроққина ҳовлисига кураги ер кўрмаган машҳур полвонлар тез-тез келиб турган. Икки қизини еру кўкка ишонмайдиган полвон ёлғиз ўғли Баҳодирни ўзгача меҳр билан суяр, хотини Сабоҳатга қараб, “Онаси, кун келиб ўғлим, чемпион бўлади, уни ўзим мусобақаларга тайёрлайман, мураббийи ҳам ўзим бўламан”, дерди.

    Аёл эрининг сўзларини маъқуллаб, “Ўзингиз полвон бўлганингиздан сўнг, ўғлингиз изингиздан боради-да, “От изини той босар” деган мақол бежиз айтилмаган, мен ҳам қизларимизнинг ўзимга ўхшаган ўқитувчи бўлишига ҳозирданоқ тайёргарлик кўраверсаммикан”, деб ҳазиллашар, шу тариқа, эр-хотиннинг соф орзулари осмон қадар юксалиб бораверди.

    “Тошкент йўлбарси”нинг ташрифи...

    Шундай орзуларга тўла мунаввар кунларнинг бирида пешин маҳали Исомиддин полвоннинг дарвозаси тақиллаб, “Тошкент йўлбарси” деб ном олган машҳур боксчи, жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев кириб келди. Исомиддин меҳмон билан қучоқ очиб, қуюқ кўришар экан, анчадан бери кўнглида ўйлаб юрган сўзларини тилига чиқарди.

    — Руфат ака, зап келдингиз-да, қадамингизга ҳасанот. Сиздан битта илтимосим бор. Ўғлим келажакда машҳур боксчи бўлишини истайман, келинг, ирим қилиб, елкасига уриб, бир тупуриб қўйинг, сиздай машҳур спортчи бўлсин, — деб 3-4 ёшлардаги Баҳодирни Руфат Рисқиевнинг қўлига тутқазади.

    — Ўҳ-ў, бу той бола намунча оғир бўлмаса, бўйини қаранг. Полвонлиги сенга ўхшаб турибди-ку. Майли, илоҳим пешонаси ярқираган, кураги ер кўрмаган полвон, мушти темир боксчи бўлсин ўғлинг, омин.

    Исомиддин полвоннинг орзуси...

    Шундай қилиб, кунлар, ойлар, йиллар бир-бирини қувиб ўтаверди. Баҳодир мактабда 4-синфга ўтганида отаси уни махсус футбол мактабига етак­лади. Гарчи, ич-ичидан унинг боксчи бўлишини истаса-да, фарзандининг қизиқишини ўз орзусидан устун қўйди. Чунки ўғли болалигиданоқ фақат копток тепиб футбол ўйнар, иштиёқи бениҳоя баланд эди. Онаси олиб берган расм дафтарларига сурат чизиш ўрнига, дунёнинг машҳур футболчилари суратларини ёпиштириб чиқар, ота-онасига катта бўлганида зўр футболчи бўлишини айтиб чарчамасди. Уч йил мунтазам футбол билан шуғулланган Баҳодир болалар ўртасидаги турли мусобақаларда ҳам иштирок эта бошлади. Ундаги иқтидорни янада теранроқ англаган Исомиддин полвон ўғли 7-синфга ўтганида Чирчиқ шаҳридаги Олимпия захиралари коллежига олиб борди. Ҳужжатларни топширмоқчи бўлганда эса қабулдагилар ота-болага футбол бўлимига қабул тугагани, фақат бокс йўналиши учун ҳужжат топшириш мумкинлигини айтади. Шундай қилиб, футболчи бўламан, деган Баҳодир, тақдир тақозоси ёки отасининг кўнглидаги орзуси сабабми, коллежнинг бокс бўлимига захира асосида ўқишга қабул қилинади.

    “Болам, сени ким бу аҳволга солди?”

    Чамаси бир ойлардан кейин фарзандини кўриш учун Сурхондарёдан Чирчиққа келган Сабоҳат опа ўғлининг юзи кўкариб, шилинганини кўриб довдираб қолди.

    — Болам, сени ким бу аҳволга солди, коллежда шунақа уриб ўқитишадими, — деб ўпкаси тўлиб йиғлади. Ўғлининг озиб, киртайиб кетган кўзларига қараб, “Юр, уйимизга кетамиз, ўқимайсан бу ерда, сенинг соғлиғинг керак менга”, деб боласини маҳкам бағрига босди.

    Спортга ўта қизиқувчан бола онасининг юзларини меҳр билан силади.

    — Онажон, ҳечам хавотир олманг, мени ҳеч ким урмади, боксда шунақа жанг қилиб, тайёрланиш керак, ўқийман. Дадамнинг орзуларини рўёбга чиқариб, чемпион бўламан, фақат сиз йиғламанг, олиб кетаман ҳам деманг, майлими? Ўзимнинг меҳрибоним, онажоним!..

    13 ёшли ўғлининг катта одамлардай сокин ва хотиржам овозда сўзлаши Сабоҳатни ҳайратга солди. Наҳотки, менинг болам шу қадар жиддийлашиб, бир ойда шунчалик ўзгариб қолган бўлса, дея, унга узоқ термулиб қолди. Футбол деса ҳамма нарсани унутиб, кўча чангитиб, копток тепиб ўйнаб юрган зурриёди, бир зумда ҳақиқий боксчига айланиб қолгандай эди назарида. Ўғлининг ёниб турган кўзларига боқиб, кўнгли бироз жойига тушган онаизор боласининг сўзларидан кейин яна анча таскин топди. Шу кун ўғли билан қолиб, узоқ гурунглашди. Лекин барибир ҳар икки ҳафтада келиб, ўғлининг ҳолидан хабар олишни канда қилмади.

    Ўша йилларда эски автобусларда қатнаш жуда қийин бўлган. Она эмасми, қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирамасида ҳам Сурхон ва Чирчиқ йўлларида нон ва егуликлар билан тўлган оғир сумкаларни кўтариб қатнашдан чарчамади. Ўғли ўқишга қўшимча захира асосида қабул қилинганидан унга ётиб-туриши учун на ётоқхона ва на коллеж ошхонасидан овқатланишга рухсат берилган...

    Ҳаётнинг мукофотлари бор

    Ўсмир Баҳодир ўқиш ва машғулотларга астойдил берилиб, боксга меҳр қўйиб, тинимсиз машғулотлар ўтказиб юрган кезларида, дадаси Исомиддин полвонни штат қисқариши баҳонасида ишдан бўшатишди. Олий маълумотли бўлса ҳам бошқа дурустроқ иш топа олмади. Ўйловданми ёки бошқа сабабми, бошида ёқимсиз бир оғриқ пайдо бўлиб, вақти-вақти билан безовта қилиб турди. Эрининг соғлиғидан ташвишланган аёл “Дадаси, юринг шифокорларга бир кўринайлик, негадир кейинги пайт­да бошингиз кўп оғрияпти, сиздан хавотир оляпман”, деса, “Э, қўйсанг-чи, ваҳимангни қара, олдин ўғлимиз чемпион бўлсин, кейин иккаламиз ҳам даволанамиз. Ишларим орқага кетиб, бир ўзинг анча уриниб қолдинг, ҳали ҳаммаси олдинда, ҳаётнинг сенга аталган мукофотлари бор”, дея гапни бошқа ёққа бурарди.

    Баҳодир эса ўзидан кўра, дадасининг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун жон-жаҳди билан кечаю кундуз машқ қилиб, тинимсиз шуғулланди. Чемпион бўлиш орзуси ёш спортчини бир сония бўлса ҳам тарк этмади. Устозлари Тўлқин Қиличев ва таниқли боксчи Рустам Саидов бу йўлда унга ишончли қанот бўлди. Жанг олиб бориш сирларини қунт билан ўргатди, унинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлади. 2010 йилдан бошлаб у коллежда турли мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга кирита бошлади.

    Бокс нима эканини тушунмасдим ҳам

    — Биласизми, 2008 йилда коллежнинг бокс бўлимига 13 нафар бола ўқишга топширган бўлсак, фақат мен бокснинг нима эканини тушунмасдим. Ахир ўша пайтгача қўлимга бирон марта бокс қўлқопини ҳам киймагандим. Захира асосида ўқишга қабул қилинганим учун менга ётоқхона беришмаган. Коллеж раҳбари “Агар чемпион бўлсанг, ётоқхона берамиз”, деганди. Тунлари коллежнинг катта манежларида бир ўзим ётишга мажбур бўлардим. Овқатга пулим етмай, оч қолган кунларим бўлган. Коллежимиздаги ошпаз аёл раҳми келиб, баъзан у-бу егулик бериб турарди. Ота-онамдан пул сўрашни ор билардим. Чунки ўша вақтда дадам раҳматлининг ишлари анчагина юришмай, топиш-тутишлари камайиб, рўзғорнинг бор оғирлиги ёлғиз онамнинг елкасига тушганди.

    Онам бир эмас, иккита мактабда дарс бериб ўқитувчилик қилган, камига қўшимча иш олиб, туни билан аллақандай ҳужжатларни ёзиб, тўлдириб ўтирарди. Шунинг учунми, коллежда ўқиб юрган йилларимни эсласам, баъзан кўнглим чўкади, ҳаётнинг қийинчилигини, ноҳақликни ёш бошим билан ўша даврлардаёқ ҳис қилганман. Ҳозирги кундаги бирдан-бир олий ниятим Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритиш. Ҳаётдаги асосий мақсадим эса онамнинг кўнглини олиш, ярим кўнглига мадор бўлиш, опам ва синглимга ота ўрнида ғамхўрлик қилиш. Энг асосийси, уларнинг қалбида ғам, кўзида нам бўлмасин. Бахтиёр ва тўкис яшашлари учун бор меҳрим ва бор кучимни сарфлайман!

    Менинг ўғлим чемпион!

    2014 йили машаққатли меҳнатларининг самараси ўлароқ, Б. Жалолов 20 ёшида Республика очиқ турнирида 91 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринга сазовор бўлди. Айнан ўша йили Ўзбекистон Бокс федерацияси томонидан ўтказилган Сидней Жаксон мемориал турнирида 3-даражали диплом билан, очиқ турнирда сертификат билан, Россиянинг Белоярский шаҳрида ўтказилган 12-Жаҳон кубогида эса олтин медаль билан тақдирланди.

    — Баҳодиржоннинг чемпион бўлганини эшитган дадаси ўша куни “Менинг ўғлим чемпион!”, дея ҳайқириб юрди. “Сабоҳат, сен тасаввур қиляпсанми, ахир ўғлимиз чемпион бўлди. Энди ўлсам ҳам беармон кетаман, бу дунёдаги энг катта орзуим ушалди. Ёлғизим, изимни босар тойим, паҳлавоним чемпион бўлди”. Мен турмуш ўртоғимни ҳеч қачон бундай масрур ва мамнун ҳолда кўрмагандим, унинг ўша вақтдаги ҳаяжонини ҳозир ҳам ­таърифлаб бера олмайман.

    Биз мураббийликдан кетамиз...

    Баҳодир Жалолов чемпион бўлганидан сўнг Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинган бўлса-да, негадир баъзи бир нопок мураббийлар уни мусобақаларга яқинлаштирмай қўйди, аниқроғи, четлатишга ҳаракат қилди — мусобақаларда қатнашишини очиқчасига исташмади. Бундай ноҳақликка чидай олмаган мураббийлари Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличев пойтахтга келди. Мутасадди раҳбарларнинг олдига кириб, вазиятни айтиш учун соатлаб, кунлаб эшикда сарғайиб навбат кутишди. Навбатлари етганида эса дангалига, “Агар Баҳодир Жалолов мусобақалардан сабабсиз четлаштирилса, биз ҳам ишламаймиз, ўз аризамиз билан ишдан кетамиз”, деб баралла айта олди. Шундан кейин чемпионнинг йўлларига тўсиқ камайгандек бўлди.

    Шогирдининг маҳорати, иқтидорини кўра билган икки устоз унинг келажакдаги ютуқлари учун астойдил жон куйдирди. Баҳодирни турли ғаразли кимсаларнинг назаридан ҳимоя қилишга, бола кўнглини чўктирмасликка ҳаракат қилди. Олис ҳудуднинг чекка бир туманидан порлаб чиқаётган ёш спортчининг йўлларида йўлчи юлдуз бўлди.

    Мен шогирдимга ишонаман!

    — Ҳа, чиндан ҳам шундай кўнгилсиз воқеалар бўлиб ўтган. Баҳодирни мусобақалардан четлатишга роса уринишган. Аммо биз ҳам қараб турмаганмиз, — дейди Рустам Саидов. — Мутасадди раҳбарларнинг олдига борганмиз. Ахир қандай қилиб шундай иқтидорли, бўлажак юлдузнинг шижоатини сўндириш, билагидаги кучини кўра била туриб, уни спортдан четлатиш мумкин? Мен Баҳодирни ўз ўғлимдай, ўз жигаримдай яхши кўраман, йиллаб у билан шуғулландим, унинг ҳар бир ютуғи менга ҳам берилган юксак баҳо. Бу сафар ҳам Жалолов, албатта, Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлади! Мен шогирдимга ишонаман!

    Қазоим етса, Ҳақнинг олдига ёруғ юз билан бораман

    2015 йил Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Баҳодир бронза медаль соҳибига айланди. Ўша йили отаси Исомиддин полвон оғир дардга чалинди. Шифокорлар бош мия ўсмасининг энг оғир тури дея ташхис қўйди. Полвон эса яна дардга мардонавор кулиб қарайди: “Насибам узилмаган бўлса, яшайман. Агар қазоим етган бўлса, Эгамнинг олдига ёруғ юз билан бораман, чунки меҳнатларим, орзуларим зое кетмади. Ўғлим чемпион бўлди”.

    Ҳа, аслида Баҳодир Жалоловнинг биринчи устози, унда спортга меҳр уйғотган инсон отаси бўлади. 4 ёшидан бошлаб ўғлини спортга ошно қилиб ўстира бошлаган, машқларни бажартирган, чиниқиши учун ҳар кун шуғулланган, югуртирган. 5 ёшидаёқ катта анҳорда сузишни ўргатган. Ҳовлисида тайёрланиш учун барча спорт анжомлари ва жиҳозларини муҳайё қилган.

    Сабоҳат эрини узоқ даволатди. Улар шифохонада ойлаб бирга ётди. Бу вақтда Баҳодир уч ой давомида хорижда мусобақага тайёрланди ва Доҳа шаҳридан Ватанига ғолиб бўлиб қайтди. Оғриқ қолдирувчи дори-дармонларни қабул қилиб, ўзини тетик тутишга ҳаракат қилган Исомиддин полвон аслида дард туфайли озиб-тўзиб кетган, касаллик ўз кучини кўрсатиб, унинг жисми жонини эгаллаб олганди. Шундай вазиятда ҳам ўғлини кутиб олишга хотини билан бирга борди. Отасини кўрган Баҳодир турган ерида қотиб қолди. Шундай полвон одамнинг кичрайиб қолган жуссасини қучиб, “Онажон, ­дадамга нима бўлди, ахир уч ой олдин жуда ҳам яхши эди-ку”, деб йиғлаб юборди. Онаси жигарбандининг ёш боладай хўрланиб йиғлашини кўриб, бор куч ва иродасини жамлаб, ўғлини юпатди ва бор ҳақиқатни ўша ернинг ўзида айтиб берди.

    Шундан сўнг Баҳодир дадасини энг зўрман, деган шифокор, профессорларга кўрсатди. Она ва ўғилнинг кунлари яна шифохоналарда ўта бошлади. Исомиддин полвоннинг соғлиғи эса кун сайин орқага кетаверди. Баҳодир “Дадам яшашлари керак”, дея бир дақиқа ҳам умидини сўндирмай даволатишда давом этди.

    2016 йил Хитойда уч ой давомида тайёрланиб, Осиё чемпионатида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Деярли ҳар кун қўнғироқ қилиб, дадасининг аҳволини сўраб турди. Чемпионатда қўли жароҳат олгани сабабли операция қилинди. Айнан ўша кун, тақдири азал ҳам ўз ҳукмини ўтказиб, Исомиддин полвон омонатини Ҳаққа топширди. Шифокорлар Баҳодирга “Сенга ҳозир юриш мумкин эмас, жароҳатинг оғир”, деса ҳам у Ўзбекистонга қайтди. Армонлар, азоблар ва энг яқин инсонини йўқотиш озори сабабми, тажрибасизлик қилибми, Баҳодир Жалолов 2016 йил август ойида Бразилиянинг ­Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиадада ғолиб бўлолмади.

    Юрагимга юк бўлган армон

    — Рио Олимпиадасида Ўзбекистон жамоасининг байроқдори бўлганимда 21 ёшда эдим, — дейди Баҳодир. — Жамоа сардори бўлиб, она Ватанимиз байроғини кўтариб чиқиш вазифасини менга ишониб топширганлари учун жуда ҳам фахрланганман. Аммо руҳий кечинмалар қаттиқ таъсир қилганди, чемпион бўлолмадим. Бу юрагимда армон бўлиб қолган. Худо хоҳласа, бу сафар халқимизнинг ишончини оқлаб, Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, жонажон она Ватанимга, муқаддас Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтаман!

    Сиз оналарга намунасиз

    Бу кўҳна оламда инсон зоти борки, фақат зурриёдининг камолини, ёруғ келажагини, тўкис бахтини ўйлаб яшайди. Айниқса, мунис оналар учун ўз фарзандининг ютуқлари ортидан гўзал эзгу тилаклар ва юксак эътирофни эшитишдек ёқимли ҳис бўлмаса керак. Айниқса, у давлат раҳбари томонидан айтилса...

    Сабоҳат Жалолова билан Тошкент аэропортидан чемпионимизни Олимпиада сари оқ йўл тилаб кузатиб қайтар эканмиз, унинг кўзлари ёшга тўлиб, маъюс тортиб қолди.

    — Нега ғамгин бўлиб қолдингиз, ахир ўғлингиз Ўзбекистон шаънини шарафлаш, байроғини юксакка кўтариш учун Олимпиадага кетди. Бу ҳамма спортчиларга ҳам насиб этавермайди-ку? — дея сўраймиз.

    — Шодлигимдан йиғлаяпман. Болагинамни кетмасидан туриб соғиндим. Ўғлим жуда ҳам меҳрибон, очиқкўнгил йигит, опаси ва синглисига бирдай ғамхўр. Уларга ота ўрнида ўзи бош бўлиб, кам-кўстсиз узатди, тўйлар қилди, жиянларига ҳам парвона. Баҳодиримнинг сафари бехатар бўлсин, ой бориб, бағримга омон қайтсин. Паҳлавоним Олимпия ўйинларига отасининг дуосини олиб кетмаган бўлса-да, Президентимизнинг ишончини олиб кетди. Мен, бутун оналик қалбим билан ҳис қиляпманки, суянчиғим бу сафар ҳам музаффар бўлиб қайтади. Олис Токио ареналаридан туриб “Онажон, мен ютдим”, дейди, албатта, шундай дейди!

    Оддийлик бор экан, одамийлик ўлмайди

    Баҳодир Жалолов билан юракдан суҳбатлашиш ва унга Олимпия ўйинларига кетиш олдидан омад тилаш учун учрашиб, чамаси бир соатча суҳбат қурдик.

    — Ҳар бир ғалабам ортида устозларимнинг машаққатли меҳнати, онамнинг дуолари, раҳматли дадамнинг соф орзулари, Президентимнинг юксак ишончи мужассам — дейди у. — Бу юксак довонларни забт этишим учун ҳаётда кўп қийналдим, ноҳақликларга дуч келдим, етишмовчилик нима эканлигини бошимдан ўтказдим. Ёлғиз ўзим бола бошим билан қорним нонга тўймай, ётоқхонада жойим бўлмай, тунларни тонгларга улаб, Чирчиқдан Тошкентгача пиёда келган кунларим ҳам бўлди. Ўша вақтларда 14 ёшга ҳам тўлмаган эдим...

    Бироқ сўнгги 4-5 йил ичида давлатимиз ­раҳбарининг ёшларга қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги, рағбати бизларни янги марралар сари чорламоқда, куч бериб, руҳлантирмоқда. Президентимдан чексиз миннатдорман! Худо хоҳласа, Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтаман!

    Баҳодирнинг сўзларини жон қулоғим билан эшитар эканман, баъзи бир спортчиларнинг машҳур бўлганларидан кейинги димоғдор чеҳралари кўз ўнгимдан соядай ўтди. Шунда “Оддийлик бор экан, одамийлик асло ўлмас”, деган ҳикматли гапнинг мағзини чаққандай бўлдим. Одамийликда, мардликда ирода ва машаққатли меҳнатда ғолиб бўлиб етишган инсоннинг ҳали кўп бора чемпион бўлишига ишонамиз.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates