Жасоратли қиз дунёни лол қолдирди

    Шу кунларда дунё нигоҳи Франция пойтахти Париж шаҳрига қаратилган. У тўрт йилда бир марта ўтказиладиган ёзги Олимпиадага мезбонлик қилмоқда. Дунёнинг кўплаб нуқталаридан ватани, элу юрти ишончини оқлаш учун майдонталаб спортчилар куч синашмоқда.

    Бу Олимпиадада Ўзбекистон делегацияси лицензиялар бўйича ўз рекордини янгилаб, илк бор 19 спорт турида 90 спортчи билан 75 та йўлланмага сазовор бўлди. Қувонарлиси, мусобақанинг дастлабки кунлариданоқ юртимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди. Диёра Келдиёрова Олимпия ўйинларида чемпионликни қўлга киритган илк ўзбекистонлик дзюдочига айланди.

    Шунингдек, 16 йилдан кейин ўзбекистонлик аёл спортчи яна Олимпия шоҳсупасига кўтарилди. "Бу соврин нафақат менинг, балки бутун аёл спортчиларнинг медали. Биламан, бу медаль Ўзбекистонда аёлларга жуда катта йўл очади. Бунга ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман", деди спортчи.

    Кўплаб ватандошларимиз Диёрани Тўмарисга қиёслаётгани бежиз эмас. Бугун янги Ўзбекистоннинг янги саҳифалари ёзилмоқда. Буни ўзига ишонган, юрт келажагини орзу ва мақсадлари билан боғлаган ёшлар амалга оширмоқда. Бунинг исботи Париж Олимпиадасида қўлга киритилган олтин медалдир.

    Албатта, бундай ғалабалар машаққатли меҳнат билан бирга спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва халқимиз ишончи маҳсулидир.

    Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида аёллар ўртасида биринчи марта чемпион бўлган спортчи қизни тарихий ғалаба билан қизғин табриклаб, ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирди: "Жасоратли, матонатли қизим борлигидан ғурурланаман. Камдан кам бўладиган ғалаба бўлди. Дунё қойил қолди. Ўзбекистоннинг обрўсини жуда кўтардингиз, раҳмат, қизим".

    Диёра XXXI ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати ва Жаҳон ҳарбий ўйинлари совриндори, дзюдо бўйича "Катта дубулға" мусобақаси ғолибаси бўлган биринчи ўзбек қизи, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори ҳамдир.

    Олимпиадада эса ғалаба сурурини ҳис қилиш бахтига яна муяссар бўлди. Қизиқарли кечган баҳсларда биринчи даврадан эркин ўтган дзюдочимиз иккинчи босқичда Токио — 2020 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, япониялик Ута Абега рўбарў келди. Ушбу вазннинг икки номдор спортчилари ўртасидаги баҳсда Келдиёрова ғалаба қозониб, бежиз жаҳон рейтинги пешқадамига айланмаганини исботлади. Ҳамюртимиз ярим финалда мезбонларнинг биринчи рақамли спортчиси, Олимпия ўйинлари олтин ва кумуш медаллари соҳибаси Амандин Бушарни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди.

    «Дзюдога кириб келишимга бувим сабабчи бўлган. Бу спорт билан шуғулланишни олти ёшимда бошлаганман. Менинг қаҳрамоним — бувим», дейди чемпион фахр туйғусини яшира олмай. Диёранинг онаси Дилором опа Шарипова қизи ҳақида бундай дейди: "Дзюдога қатнай бошлаганидан бувиси қизимнинг қулоғига қуйиб келган: "Худо хоҳласа, жаҳон чемпиони бўласан, юртимиз, диёримиз байроғини баланд кўтарасан! Мен бунга ишонаман".

    — Қизим Абени йиқитди. Ана шундан хурсандман, — дейди Дилором опа. — Неча йиллик машаққат билан Абе, япониялик билан чиқяпти дейишса, юрагимни ҳовучлаб ўтирдим. Чунки у неча йилдан бери биринчиликни бермаётган эди. Йиқитгандан кейинги ҳис-ҳаяжонимни айтиб беролмайман.

    Диёранинг ғалабасидан сўнг миллионлаб юртдошимиз кўзида қувонч, кўнглида фахр туйғуси жўш урди. Шоир айтганидек: "Хушхабар шавқидан полвон элим маст бўлган". Жаҳон саҳналарида юртимиз байроғини баланд кўтарган, улкан марраларга замин бўлаётган ислоҳотлар ва бу марраларнинг қанотига айланган ёшларни ҳеч нарса тўхтата олмайди.

    "Бир бўлсак — халқмиз, бирлашсак — ватанмиз!" ғояси остида 37 миллионли халқнинг ёшлари бугун ҳар бир жабҳада ўзининг кимлигини кўрсатмоқда. Улар дунё саҳнида ўз сўзи ва қобилияти билан янги тамаддунга асос солишга қодир. Юрт манфаати йўлида собит қадам ташлаётган бу ёшларнинг ғалаба сурури бардавом бўлсин.

    Сардор ШУҲРАТОВ,

    журналист

    (Мақола «Янги Ўзбекистон» газетасининг 30.07.2024 й, 151-сонида чоп этилган)

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates