BYD билан ҳамкорликни ривожлантириш режалари кўриб чиқилди

    Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятидаги “BYD Uzbekistan Factory” заводида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида ҳисобот билан танишди.

    Мазкур корхона шу йил 27 июнь куни давлатимиз раҳбари иштирокида ишга туширилган эди. У BYD енгил автомобилларини ишлаб чиқарувчи Хитойдан ташқаридаги илк завод бўлди.

    Бугунги кунда BYD янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобиллар – электромобиллар ва гибридларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича дунёда етакчи компания ҳисобланади. У энг яхши технологик база, инновацион ечимлар ва сифат назорати тизимларига эга.

    Ўзбекистонга бундай йирик компаниянинг кириб келиши, аввало, мамлакатдаги жозибадор инвестицион муҳит ва сиёсат, шунингдек, автомобилсозлик соҳасида муҳандис кадрлар, ишлаб чиқариш базаси, хомашё ва логистика салоҳияти борлиги билан боғлиқ.

    “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси мазкур инвестиция лойиҳасининг дастлабки натижалари ва уни кенгайтиришга қаратилган режалар тўғрисида ахборот берди.

    Қайд этилганидек, тўлиқ ишлаб чиқариш жарёнини ишга тушириш доирасида Ўзбекистон корхоналари томонидан пластик қисмлар, ойналар, бамперлар, дисклар ва бошқа кўплаб компонентлар ишлаб чиқарилиши бўйича BYD сифат тизимига мос келиши учун таҳлил ўтказилди.

    Аҳолининг енгил автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларнинг турларини кенгайтириш мақсадида хитойлик ҳамкорлар билан В, С ва бюджет автомобиллари сегментидаги автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди. Уларнинг биринчи намуналари хитойлик ҳамкорлар томонидан замонавий стандартлаштириш тизими синовларини ўтказиш учун лабораторияларга топширилди.

    Шунингдек, замонавий технология ва стандартларни нафақат ишлаб чиқариш, балки савдо, сервис ва кафолат йўналишларида ҳам татбиқ этиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Бу сифатсиз маҳсулот чиқарилишининг олдини олади ҳамда автотранспортга юқори сифатли сервис ва кафолатли хизмат кўрсатилишини таъминлайди.

    BYD билан ҳамкорлик маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ҳам ўз ичига олади. Жиззахдаги “BYD Uzbekistan Factory” компаниясига малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида Жиззах политехника институти ва Тошкентдаги Турин политехника университети билан биргаликда юқори малакали мутахассисларни ўқитиш бўйича муҳандислик ўқув марказини ташкил қилиш режалаштирилган.

    Тақдимотда ишлаб чиқариш ҳажмини белгиланган кўрсаткичларга етказиш ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнини жадаллаштириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

    Давлатимиз раҳбари “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси қувватларида ишлаб чиқаришни тезлаштириш, ҳамкорликнинг кейинги босқичлари бўйича стратегия ишлаб чиқиш, келгусида ишлаб чиқариш қувватини йиллик 500 минг донага етказиш ва экспорт бозорларига чиқиш бўйича аниқ вазифаларни қўйди.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates