Gazeta.uzнинг Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси берган маълумотларга таяниб хабар беришича, Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти 31 144 киши ташриф буюрди. Концертга 25 минг чипта сотилган бўлса, унинг 67 фоизини хорижликлар сотиб олди. Ўзбекистонга 15 330 нафар хорижий сайёҳ келди, улардан 8945 нафари россиялик, 2495 нафари қозоғистонлик, шунингдек, АҚШ ва европалик меҳмонлар ҳисобланади.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, чипталар нархи 1 миллион сўмдан 4,2 миллион сўмгача фарқ қилган. Шу тариқа концертдан потенциал даромад 25 млрд ($1,97 млн) дан 105 млрд сўм ($8,28 млн) оралиғида баҳоланмоқда.
Жамғарманинг таъкидлашича, концертни ташкил этиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаган. CA Entertainment чипталарни сотиш учун жавобгар бўлган.
Концерт давомида пойтахт меҳмонхоналарининг бандлик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,7 фоизга ошган. 7 август куни Чилонзор метро линиясида йўловчилар оқими 16,5 минг кишига кўпайган.
Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида 4 та бепул автобус қатнови ташкил этилган. Шоуни тайёрлаш ва ўтказишда 115 та ташкилот иштирок этди, 18 та фуд-корт ва савдо нуқтаси ишлаган.
Жамғарма маълумотларига кўра, концертдан Тошкент шаҳрига 42,5 млрд сўмдан ($3,3 млн) ортиқ солиқ тушуми тушган. «Концерт хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек, меҳмонхона ва ресторан бизнеси учун кучли туртки бўлди», — дейилади жамғарма хабарида.
Бироқ солиқ тушумлари ва концертдан тушган даромадлар (авиакомпаниялар, меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар) тақсимоти ошкор этилмади.
Тартибни сақлаш учун 88 та йўл-патрул хизмати ва махсус техника, 8 та тез тиббий ёрдам машинаси, 3800 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими, 300 нафар кўнгилли ва 500 нафар ободонлаштириш ходими иш олиб борди.
Жамғарманинг қайд этишича, концерт аввалги йирик тадбирларга нисбатан анча уюшқоқлик ва тартибли ўтгани Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги тадбирларни ўтказиш борасидаги салоҳияти юқорилигидан далолат беради.









